Полезное для бухгалтера в ноябре:
Экспортдан даромадларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш
2022 йил 1 ноябрдан бошлаб экспорт қилувчи ташкилотлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан тушган даромадларга жами даромаддаги улушларидан қатъи назар ноль даражали ставкани қўллайдилар . Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра ушбу имтиёзни қандай қўллаш кераклиги ҳақида гапириб берди:
– 1 ноябргача жами даромадда экспорт улуши 15%дан кам бўлса, фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида тушумнинг ушбу қисмига 15%лик ставкада солиқ солинади. ПФ-228-сон Фармонга мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб ушбу чегара бекор қилинди. Экспортдан даромад олган солиқ тўловчи унга тўлиқ ноль даражали ставкада фойда солиғи солиши мумкин.
Бироқ, фақат экспорт ҳажмларига доир чекловлар бекор қилинаётганига эътибор қаратинг. Солиқ кодексида ҳам валюта тушуми келиб тушиши муддатларига доир чекловлар белгиланган, улар ўз кучида қолади.
Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда, ноль даражали ставкани қўллаш учун товарларни (хизматларни) чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар (хизматлар) экспортга чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушишини таъминлаш лозим .
ПФ-228-сон Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришлар йил охиригача Солиқ кодексига киритилиши кутилмоқда. Шу билан бирга бухгалтерлар кейинчалик юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш учун ҳозирданоқ ўта эҳтиёткор бўлишлари зарур.
Биринчидан, III чорак учун солиқ ҳисоб-китоби бошқача бўлишига эътибор беринг. Октябрь ойида экспорт қилган бўлсангиз, унга амалдаги қоидалар асосида , ноябрь ва декабрь ойларидаги ҳажмларга эса – янги қоидалар асосида, ноль даражали ставкада солиқ солиш лозим.
Иккинчидан, ноль даражали ставка қўлланганда экспортни ҳужжатлар билан тасдиқлаш лозим. Ҳужжатлар рўйхати СК 261-моддасида белгиланган, унга қуйидагилар киради:
1) контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
2) товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
3) Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
4) битим воситачи орқали амалга оширилган бўлса, воситачилик шартномаси;
6) товарлар ва хизматларнинг айрим гуруҳлари учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошқа ҳужжатлар ҳам белгиланиши мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.