Фойда солиғининг пасайтирилган ставкаси қандай қўлланилади

preview

2022 йил 1 сентябрдан кейин жами даромади жорий йил мобайнида илк марта 10 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар шу ва кейинги йиллар мобайнида фойда солиғини 7,5% ставка бўйича тўлашга ҳақли – башарти ушбу икки йилда солиқ тўловчининг жами даромади 100 млрд сўмдан ошмаса . 

Агар унга бўлган ҳуқуқ солиқ даври мобайнида юзага келган бўлса, ушбу имтиёзни қандай қўллаш керак? Buxgalter.uz илтимосига биноан регуляторнинг эътибори ва тушунтиришини талаб қиладиган амалий жиҳатларга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА эътибор қаратди:

 

– Имтиёзга бўлган ҳуқуқ солиқ даври мобайнида юзага келганда фойда солиғи бўйича ушбу имтиёзни қўллашда солиқ тўловчиларда дастлабки босқичларда мураккабликлар юзага келади.

Солиқ ҳисоботини топширишдан олдин солиқ тўловчи my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг шу номдаги интерактив хизмати орқали “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” бериши ва солиқ органларининг маъқуллашини олиши керак. СКнинг 337-моддаси 11-қисми 3-хатбошисида назарда тутилган имтиёзни қўллаш мақсадида бундай мурожаатни берганда, солиқ тўловчи 1 сентябрдан кейин жами даромад 10 млрд сўмдан ошмаганлиги билан асосланган рад этишни олган ҳолатларга кўп марта дуч келишга тўғри келган. Бунда барча кўриб чиқилаётган вазиятлар, солиқ тўловчининг жами даромади илк марта ҳисобот солиқ даврида белгиланган суммадан ошган ҳолларни бирлаштиради.

Мисол учун, 2023 йилнинг июнь ойида корхона фаолиятини бошлаган пайтдан бошлаб илк марта жами даромади 11 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу ҳолат ЭҲФ маълумотларидан аниқ кўриниб турибди. СКнинг 337-моддаси 11-қисми 3-хатбошисидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъекти фойда солиғи ставкасини жорий ва кейинги йилларда, яъни 2023 ва 2024 йилларда 50 %га пасайтириш ҳуқуқига эга.

Солиқ тўловчи икки марта имтиёзни қўллаш учун ариза берди: июнда – жами даромаднинг белгиланган суммадан ошиши муқаррар бўлганда, дарҳол ва июлнинг бошида – чораклик ҳисоботни тайёрлаш жараёнида. Иккала ҳолда рад этилди.

Нега бундай содир бўлмоқда? Солиқ кодексида бу борада аниқ тушунтириш мавжуд эмас. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам тушунтириш йўқ.

Амалиёт ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини умумлаштирган ҳолда, содир бўлаётган ҳолни бундай тушунтириш мумкин: фойда солиғида солиқ даври – календарь йил бўлганлиги боис, ушбу имтиёз унинг натижалари бўйича, жами даромад ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилгандан кейин қўлланилади.

Мен ҳақманми? Бу масалада Солиқ қўмитасининг расмий тушунтиришига эга бўлинса, айни муддао бўларди, шунда ҳаммаси жой-жойига тушарди. Балки, мен ҳақ эмасдирман ва бу шунчаки солиқ органларининг ахборот тизимлари дастурларининг хатосидир? Яқин вақтда расмий тушунтиришлар эълон қилинади, деб умид қиламан. Ҳар ҳолда мен мижозларим билан Солиқ қўмитасига расмий сўров жўнатдим.

Агар менинг тахминларим тасдиқланса, уни қўллаш учун шартлар солиқ даври мобайнида юзага келган тақдирда имтиёзни қўллаш учун солиқ тўловчи йил якунлари бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китобларни қайта топшириши керакми? Маълумки, қайта топшириш солиқларни тўлаш бўйича солиқ тўловчининг хавфини баҳолашда салбий акс этади. Шундан келиб чиқиб, солиқ органларининг дастурларини солиқ тўловчи имтиёзни ошиш пайтида қўллаши ва шу солиқ давридан бошлаб топшириши ва солиқни пасайтирилган ставкада тўлаши мумкин бўладиган тарзда созлаш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман. 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text191683_foyda_soligining_pasaytirilgan_stavkasi_qanday_qullaniladi