Реклама акцияларини қандай ҳисобга олиш керак

04.06.2025
author avatar

Гулнора НИЗАМУТДИНОВА

Солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– реклама акцияларини ўтказиш мақсадлари;
– реклама акцияларида иштирок этиш шартлари;
– рағбатлантирувчи реклама акциясини ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари;
– реклама акциясини ҳужжатлар билан расмийлаштириш;
– реклама акциялари бўйича харажатларни ҳисобга олиш:
         бухгалтерия ҳисоби;
         солиқ ҳисоби.

 

Реклама акцияси – харидорлар фаоллигини оширишнинг самарали усулларидан бири. Реклама тўғрисидаги Қонунда у рағбатлантирувчи акция деб номланади .

Реклама акциялари қандай мақсадларда ўтказилади

Реклама акциялари қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

  • потенциал истеъмолчилар эътиборини товарга (хизматга) ёки ташкилотга жалб қилиш;
  • мақсадли аудиториянинг сотилаётган товарга (хизматга) қизиқишини қўллаб-қувватлаш;
  • доимий харидорлар ҳамжамияти ёки гуруҳини шакллантириш;
  • товарларни (хизматларни) сотиш ҳажмини ошириш;
  • товар (хизмат) ёки ташкилотнинг бозорда мазкур сегментдаги мавқеини мустаҳкамлаш.

Реклама акцияларида иштирок этишнинг қандай шартлари мавжуд

Истеъмолчиларнинг реклама акциясида иштирок этиш шартларини ташкилот белгилайди. Масалан, булар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • муайян суммада ёки муайян ҳажмда товарлар харид қилиш;
  • дўкон (салон, ресторан ва ҳ.к.)га муайян кунларда ташриф буюриш;
  • бошқа шартлар.

Акция харидорларнинг муайян тоифасига – масалан, аёллар, эркаклар, болалар, талабалар, клуб аъзолари, чегирма карталари эгалари ва ҳоказо учун мўлжалланган бўлиши мумкин.

Акция шартларини бажарган ҳолда, иштирокчи қуйидаги тарзда мукофот олади:

  • жамғариб бориладиган бонус картаси;
  • ташкилот ёки бренд логотипи туширилган эсдалик совғалари;
  • товар намуналари;
  • бир марталик чегирмалар;
  • товарни (хизматни) сотиб олишнинг манфаатли шартлари.
Мисол
Акция шартларини бажарганлик учун унинг иштирокчиларини рағбатлантириш
  • Супермаркет товар айланмасини жадаллаштириш учун муайян навлардаги чойни сотиб олишни ва ташкилот логотипи туширилган чиройли ликопчали пиёлани бепул олишни таклиф қилади.
  • Янги озиқ-овқат маҳсулоти билан таништириш учун дўкон ташриф буюрувчилар учун маҳсулотни дегустация қилишни ташкил қилди.
  • Умумий овқатланиш корхонаси сотувлар ҳажмини ошириш учун алоҳида озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар ўрнига яхши чегирма билан аралаш тўпламларни сотиб олишни таклиф қилади.
  • Гўзаллик салони янги стилистни тарғиб қилиш мақсадида мижозларга унда бепул соч кестиришни таклиф қилади.
Маълумот учун
  • Етказиб берувчи ва харидорда чегирмаларни, шунингдек бонусли товарларни ЭҲФда қандай акс эттириш ва ҳисобга олиш ҳақида тавсияда ўқинг.

Рағбатлантирувчи реклама акциясини қандай ташкил этиш ва ўтказиш керак

Агар реклама акцияси қимматбаҳо совринларни тарқатиш ва (ёки) ўйнаш ёхуд акция иштирокчиси томонидан бирон-бир ҳаракатларни амалга оширишни назарда тутса, уни бошлашдан олдин иштирок этиш шартларини ОАВда ёки интернетда – эркин фойдаланиш учун очиқ бўлган ресурсларда эълон қилинг .

Қуйидагиларни кўрсатинг:

  • акцияни ўтказиш қоидалари, унинг муддатлари, совринларнинг номи ва миқдори, уларни олиш жойи ва тартиби, шунингдек акцияни ўтказиш шартларига тегишли бошқа ҳар қандай маълумот;
  • ташкилотингиз – реклама берувчининг номи, манзили, алоқа боғлашга доир маълумотлари. Агар акцияни бошқа ташкилот ташкил этаётган бўлса, унинг маълумотларини ҳам кўрсатинг.

Агар сиз акцияда иштирок этиш шартларини интернетда жойлаштирсангиз, бу маълумот реклама акцияси тугаганидан кейин камида 6 ой давомида эркин фойдаланиш учун очиқ бўлиши керак.

Эътибор беринг

Рағбатлантирувчи реклама акцияларини қуйидагилардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тақиқланади:

  • дори воситалари ;
  • биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари ;
  • энергетик ичимликлар ;
  • алкоголь маҳсулотлари ;
  • пиво, табиий ва кўпикланадиган винолар ;
  • тамаки маҳсулотлари ;
  • халқ табобати товарлари .

Реклама акциясини ҳужжатлар билан қандай расмийлаштириш керак

Реклама акцияларини ўтказишда расмийлаштириладиган ҳужжатлар рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Уни мустақил равишда ишлаб чиқинг. Бунда қуйидагиларга амал қилинг:

  • Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ;
  • Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низом.

Реклама акцияларини ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштиришни тавсия этамиз:

Масъул шахсга реклама қилинаётган товарлар, реклама материаллари ва бошқа бойликларни ташкилот омборидан топширишни юк хати билан расмийлаштиринг. Акция ўтказилгандан кейин фойдаланилмаган бойликлар худди шундай ҳужжат билан омборга қайтарилади.

Агар сиз моддий бойликларни реклама акцияси ўтказиладиган жойга ташисангиз, ЭТТЮХни расмийлаштиринг. Буни барча қоидаларни ҳисобга олган ҳолда қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг.

Сиз мунтазам равишда реклама акцияларини ўтказсангиз, уларни ўтказиш тартибини алоҳида ички ҳужжатда ёки маркетинг сиёсатида ёзиб қўйинг. Қуйидагиларни кўрсатинг:

  • реклама акцияларини ўтказиш мақсадларини;
  • уларнинг турлари ва ўтказиш регламентини;
  • реклама акцияларида иштирок этиш шартларини;
  • акцияларнинг потенциал иштирокчиларини хабардор қилиш воситаларини;
  • акцияларни ўтказиш учун масъул шахсларни;
  • акцияларни ўтказишда юзага келадиган харажатлар турлари, масалан, фойдаланилган ва иштирокчиларга топширилган моддий бойликлар қиймати, акцияни ташкил этиш, реклама майдонини ижарага олиш, ташиш ва ҳ.к. бўйича ўзга ташкилотлар хизматлари, бошқа харажатларни;
  • акцияларни ўтказиш учун масъул шахсга топшириладиган бойликлар рўйхатини. Булар реклама қилинаётган товарлар, реклама материаллари, намуналар, совғалар (совринлар), ваучерлар бўлиши мумкин;
  • бошқа шартлар.

Агар сиз реклама ва маркетинг харажатларини давр (ой, чорак, йил) учун режалаштирсангиз:

  • ушбу давр учун реклама ва маркетинг харажатлари сметасини тасдиқлаш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг;
  • ҳар ойда реклама ва маркетинг тадбирларини ўтказиш, шунингдек амалга оширилган харажатлар тўғрисида ҳисобот расмийлаштиришни тавсия этамиз.

Реклама харажатларини ҳисобга олиш бўйича ҳужжатлар рўйхати ва тартибини ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида қайд этинг.

Реклама акциялари бўйича харажатларни қандай ҳисобга олиш лозим

Бухгалтерия ҳисоби

Реклама харажатларини реализация қилиш бўйича харажатларга киритинг ва 9410-ҳисобварағида акс эттиринг .

Солиқ ҳисоби

Реклама акцияларини ўтказиш бўйича харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланган бўлиши керак, яъни бундай акциялар ижобий иқтисодий самарага – сотувлар ҳажмининг ошишига, сотиш бозорининг кенгайишига, даромад олишнинг ошишига ва ҳоказога олиб келиши керак.

Солиқ солиш мақсадларида ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бири бажарилган тақдирда харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади  :

1) харажатлар даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) улар тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг бу фаолият билан алоқаси асосланган бўлса;

3) ушбу харажатлар қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Иқтисодий жиҳатдан оқланганликни асослашнинг муҳим шартларидан бири – харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Қонун ҳужжатларида реклама харажатлари бўйича тасдиқланган ҳужжатлар шакллари мавжуд эмаслиги боис, уларнинг мазмунини мустақил равишда ўйлаб чиқинг ва корхонанинг ҳисоб сиёсати ёки бошқа ички ҳужжати билан тасдиқланадиган ҳужжатлар рўйхатига киритинг.

ҚҚС

Харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланган бўлса, реклама акциялари вақтида бепул тарқатиладиган бойликларга ҚҚС солинмайди, чунки улар реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди . Бепул кўрсатилган хизматлар бўйича ҳам худди шундай қоида амал қилади .

Шу билан бирга, уларни сотиб олишда тўланган ҚҚСни, агар реклама харажатлари айланмаларига ҚҚС солинадиган фаолият билан боғлиқ бўлса, ҳисобга олишга ҳақлисиз .

Эътибор беринг

Агар реклама харажатлари иқтисодий жиҳатдан оқланмаган бўлса:

  • бойликларни бепул бериш – бу ҚҚС солинадиган товарларни реализация қилиш бўйича айланма;
  • бериладиган бойликларга «тўловсиз» ҳисобварақ-фактура расмийлаштиринг, унда ҚҚСни кўрсатинг. «Кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш шартларига мувофиқ келганда ҳисобга олинг;
  • ҚҚС бўйича солиқ базасини товарларнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланг  .

Агар реклама акциясини ўтказишда Ўзбекистон норезидентининг хизматларидан фойдаланган бўлсангиз, ушбу хизматлар суммасидан ҚҚС тўлаш мажбурияти қуйидаги ҳолларда юзага келади :

  • реклама телевидение ва (ёки) радиода, оммавий ахборот воситаларида ва бошқа шаклларда жойлаштирилган бўлса;
  • хизматлар Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилганда.

Норезидент томонидан интернетда электрон реклама хизматлари кўрсатилганда, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва Интернет тармоғида ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек Интернет тармоғида реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт берилганда сиз хизматлар харидори сифатида ҚҚС ҳам тўлайсиз  .

Маълумот учун
  • Норезидентнинг хизматлари бўйича ҚҚСни қандай ҳисоблаш ва улар бўйича қандай ҳисобот бериш ҳақида тавсияда ўқинг.
Вазият
Корхона ўз товарлари рекламасини Facebook платформасида жойлаштиради

Ўзбекистон корхонаси ўз маҳсулотлари рекламасини Facebook платформасида жойлаштиради ва ушбу хизматлар учун корпоратив валюта картасидан тўлайди.

Корхонада ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юзага келадими? Агар «ҳа» бўлса, тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши керакми?

– Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган реклама электрон шаклдаги хизматларга киради . Хизматларни электрон шаклда реализация қилиш жойи уларни сотиб олувчининг жойлашган ери ёки фаолият кўрсатадиган жойи бўйича аниқланади . Хизматларни сотиб олувчи корхона солиқ агенти сифатида уларнинг қийматидан ҚҚС тўлайди .

Реклама берувчи корхона ўзининг реклама аккаунтида тўлов созламаларида ҚҚС рақамини кўрсатиши ва Ўзбекистоннинг юридик шахси сифатида рўйхатдан ўтганлигини ҳамда Ўзбекистон Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚС миқдорини мустақил равишда аниқлаш ва уни тўлаш учун жавобгар эканлигини қайд этиши лозим https://ru-ru.facebook.com/business/help/262717434999140.

Солиқ суммасини ҳисобга олиш учун (ҳисобга олишнинг барча шартларига риоя қилинганда) корхона уни 29 тўлов коди бўйича тўлайди ва хизматлар импорти бўйича махсус ҳисоботда акс эттиради. Ушбу маълумотлар асосида тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС бўйича асосий ҳисоботда акс эттирилади .

ЖШДС

Сиз реклама материалларини (буклетлар, варақалар, эсдалик совғалари) акция иштирокчиларининг номуайян доирасига тарқатсангиз, бу уларнинг даромади деб ҳисобланмайди, сабаби бундай вазиятларда ким, нимани ва қанча миқдорда олганлиги қайд этилмайди.

Агарда сиз товарларни, масалан, тарқатиш қайдномаси бўйича бепул берсангиз ва муайян олувчини кўрсатсангиз, жисмоний шахс ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромад олади. ЖШДС ушлаб қолиниши учун сизнинг ташкилотингиз солиқ агенти сифатида жавобгар бўлади  

Агар олувчи жисмоний шахс сизнинг ташкилотингизда ишламаса, унинг ёзма аризасига кўра сиз ЖШДСни ушлаб қолмасликка ҳақлисиз. Бу ҳолда даромадлар тўғрисида солиқ органларига хабар бериш, жисмоний шахс эса – даромадлар тўғрисида декларация топшириши керак.

Бошқа вариант – ЖШДСни жисмоний шахс учун ташкилотнинг ўзи тўлаши мумкин. Бу ҳолда жисмоний шахс икки турдаги моддий наф тарзидаги даромад олади – совға ва унинг учун тўланган солиқ.

Бундай вазиятда ЖШДСни қандай ушлаб қолиш кераклигини мисолда ўқинг.

Эътибор беринг

Товарлар ва хизматларни сотиб олишда мижозлар фаоллигини оширишга қаратилган дастурларда иштирок этиш натижасида жисмоний шахслар томонидан пул ёки натура шаклида олинган даромадларга ЖШДС солинмайди. Бундай дастурлар дастурда белгиланган асосларга биноан бонуслар (баллар, мижознинг товарлар ёки хизматларни сотиб олишдаги фаоллигини тавсифловчи бошқа бирликлар) олинишини назарда тутиши керак .

Бу қандай ишлаши ҳақида тавсияда ўқинг.

Фойда солиғи

Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда харажатларга ҚҚС учун қўлланиладиган харажатларнинг иқтисодий асосланганлигининг худди шу мезонлари қўлланилади .

Фақат асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган реклама харажатлари фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланади.

Эътибор беринг

Агар жисмоний шахсларга бепул берилган бойликлар моддий наф тарзидаги даромад деб тан олинса, бу – корхона учун фойда солиғи бўйича чегириб ташланмайдиган харажатлар .

Агар реклама акциясини ўтказишда сиз Ўзбекистон норезидентининг хизматларидан фойдаланган бўлсангиз, норезидентнинг даромадларидан фойда солиғини тўлаш мажбурияти қуйидаги ҳолларда юзага келади :

  • даромад норезидент томонидан Ўзбекистондаги манбалардан олинган;
  • норезидентнинг даромад олиш бўйича фаолияти Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса ташкил этмайди.
Вазият
Корхона ўз товарлари рекламасини Facebook платформасида жойлаштиради

Ўзбекистон корхонаси ўз маҳсулотлари рекламасини Facebook платформасида жойлаштиради ва ушбу хизматлар учун корпоратив валюта картасидан тўлайди.

Корхонада норезидентнинг даромадларидан фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келадими? Агар юзага келса, ушбу даромадга нисбатан солиқ резидентлиги сертификатини қўллаш мумкинми?

– Ижтимоий тармоқлардаги реклама электрон шаклдаги хизматларга киради. Улар интернетда кўрсатилганлиги ва реклама ахбороти, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудида ҳам мавжудлиги сабабли, уларни кўрсатишдан олинган даромадларни норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олинган бошқа даромадларга киритиш мумкин .

Meta Platforms, Inc. (аввалроқ Facebook, Inc.), шу жумладан Facebook платформасига эгалик қилувчи Америка трансмиллий холдинг компанияси. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича келишув тузилмаган. Шунинг учун норезидентнинг даромадига солиқ солишдан озод қилувчи сертификатни қўллаб бўлмайди.

Ҳужжатлар билан тасдиқланганда (Facebookдаги шахсий кабинетдан юклаб олинган корпоратив карта бўйича тўловнинг электрон чеки ва ҳисобот) ва ушбу реклама харажатлари тўғри асосланганда фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланади .

Корпоратив картадан хизматларга ҳақ тўлашда солиқ ушлаб қолинмаганлиги сабабли, корхона уларнинг қийматига 20% ставка бўйича солиқ ҳисоблайди ва ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди . Учинчи шахслар учун тўланган солиқ чегириб ташланмайдиган харажат ҳисобланади .

Маълумот учун
  • Норезидентларнинг даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғини қандай тўлаш керак – тавсияда.
  • Норезидентларнинг даромадларидан фойда солиғини тўлаш ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби – тавсияда.
  • Бўнак билан тўлашда чет эл валютасига харид қилинган товарлар (хизматлар)ни қандай ҳисобга олиш керак – тавсияда.

Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун текин бериладиган товарлар (хизматлар)нинг таннархи ёки сотиб олиш қиймати уларни реализация қилишдан олинган даромад деб тан олинади .

Товарларни (хизматларни) олиш ҳуқуқини тақдим этувчи ваучерларни реализация қилиш ёки бепул бериш мазкур товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш деб эътироф этилади .

Мисол
Реклама акциясини ҳисобга олиш
ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси бўлган ташкилот янги маҳсулотни тарғиб қилиш ва сотувлар ҳажмини ошириш мақсадида реклама акциясини ўтказади.

Реклама акциясини ўтказиш бўйича харажатлар қуйидагилардан иборат бўлди:

  • реклама майдонини ижарага олиш – ҚҚС билан 16 800 минг сўм;
  • потенциал иштирокчиларга тарқатиш учун акцияда иштирок этиш тўғрисида ахборот билан буклетлар – ҚҚСсиз 8 минг сўмдан 1 000 дона;
  • акция иштирокчилари орасида тарқатиш учун қиймати 30 минг сўм бўлган маҳсулотларнинг 100 та намунаси;
  • маҳсулот намуналарига ташкилот логотипини тушириш – ҚҚС билан 336 минг сўм.

Реклама акциясини ўтказишга доир барча ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилган.

Реклама акцияси бўйича харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланган, шу боис буклетлар ва маҳсулот намуналарини бепул тарқатишга ҚҚС солинмайди. Ташкилот тақдим этилган харажатлар бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин, чунки улар ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланмаларга тегишли.

Буклетлар ва маҳсулот намуналари шахсларнинг номуайян доираси орасида тарқатилган, шу боис уларнинг даромади ҳисобланмайди.

Реклама акциясини ўтказиш бўйича харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланганлиги ва ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги муносабати билан фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланади.

Ўтказмалар:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Реклама майдонини ижарага олиш харажатлари тан олинди
(16 800 : 1,12)

15 000

9410

6010

Ижарадан ҚҚС ҳисобга олинди
(16 800 – 15 000)

1 800

4410

6010

Буклетлар кирим қилинди
(1 000 х 8)

8 000

1090

6010

Ташкилот логотипини тушириш бўйича харажатлар тан олинди
(336 : 1,12)

300

9410

6010

Логотип тушириш хизмати бўйича ҚҚС ҳисобга олинди
(336 – 300)

36

4410

6010

Акциянинг потенциал иштирокчиларига тарқатилган буклетлар ҳисобдан чиқарилди
(1 000 х 8)

8 000

9410

1090

Маҳсулот намуналари ҳисобдан чиқарилди
(100 х 30)

3 000

9410

2810

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг