Ким мақсадли маблағлар учун ҳисобот бериши керак?

preview

Йиллик ҳисоботлар даври ҳам яқинлашмоқда, бухгалтерлар жуда эътиборли бўлишлари ва СК-2020 янгиликларини унутмасликлари лозим. Жумладан, мақсадли маблағларни олувчи ташкилотлар биринчи марта улардан фойдаланиш бўйича ҳисобот  топширишлари керак. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz ўқувчиларига бу ҳақда махсус гапириб берди:

- Солиқ ҳисоботи шакллари тайёр ва my.soliq.uz да жойлаштирилган. Уларни йил якуни чиқарилганда 2021 йилнинг январь-февраль ойларида тўлдириш зарур бўлади.

Ушбу мажбуриятларни бажариш учун ташкилотлар (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадлар (қилинган харажатлар) ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиши шарт .

Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш қоидалари СКнинг 80-моддасида белгиланган:

  • солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида юритилади;
  • фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча даромадлар ва харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак;
  • солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритилиши мумкин.

Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик корхона учун жиддий оқибатларга олиб келади: СКнинг 297-моддасига мувофиқ мақсадли маблағларни жами даромадга киритиш ва улар бўйича солиқ тўлашга тўғри келади.

Агар қандайдир сабаб билан корхонада СКнинг ушбу талабларини эътибордан қочиришган бўлса, нима қилиш лозим?

Йил якунига қадар яна озгина вақт бор, ундан хатоларни тузатиш ва бухгалтерияни қонунчилик талабларига мувофиқ келтириш учун фойдаланинг.

Буни қандай амалга оширишни мен «Norma» ўқув маркази билан биргаликда тайёрлаётган: “Нотижорат ташкилотлар ва ижтимоий соҳада хизматлар кўрсатувчи корхоналарга солиқ солиш, бухгалтерия ҳисоби хусусиятлари” номли вебинар доирасида гапириб беришни режалаштиряпман. Эълонларни кузатиб боринг!

Вебинар доирасида биз нодавлат нотижорат тишкилотлари учун ҳисоб сиёсатини шакллантириш хусусиятларини батафсил кўриб чиқамиз. Унда даромадлар ҳисоби юритиладиган усулни ёзиш шарт. СКнинг 80-моддасига мувофиқ улар иккита:

1) мутаносиб усул. Бу ҳолда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг муайян турлари бўйича, ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турларига киритилади;

2) тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули. Бу ҳолда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилади. Бунда фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади.

Ҳар бир усулнинг хусусиятлари ҳақида ҳам вебинарда гаплашамиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Имтиёзлар Имтиёзлар Имтиёзлар /ru/publish/doc/text164577_kim_maqsadli_mablaglar_uchun_hisobot_berishi_kerak