Полезное для бухгалтера в ноябре:
Мижозларни жалб қилганлик учун бонуслар қандай талқин этилади
“Компания “Сотинг ва даромад олинг” дастурини амалиётга жорий этишни режалаштирмоқда. Дастурнинг моҳияти: жисмоний шахслар компания билан оммавий оферта тузадилар ва улар томонидан ҳар бир янги жалб қилинган мижоз учун мукофот оладилар”.
Мазкур ҳолда компания учун янги мижозларни жалб қилувчи шахсларда солиқ оқибатлари юзага келиши ёки келмаслигини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:
– Лояллик дастурлари шартлари доирасида у ёки бошқа натижалар учун бонуслар тўланишини назарда тутадиган кўплаб лояллик дастурлари мавжуд.
Бундай дастурлар иштирокчилари томонидан олинадиган пул ва натура шаклидаги даромадлари уларнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди, тегишинча, ЖШДС солинмайди. Бунда СКнинг 369-моддаси 14-бандида назарда тутилган шартларга риоя қилиниши керак:
- бонуслар мижозларнинг фаоллиги натижаси бўлиши керак.
Эътибор беринг, гап айнан мижозлар, яъни бонус дастури ташкилотчисидан товарлар (хизматлар)ни сотиб олувчи шахслар тўғрисида бормоқда;
- мижоз оммавий оферта шартларида дастур иштирокчиси бўлиши керак, у дастурда компаниянинг ҳар қандай мижози иштирок этишини назарда тутади. Яъни оферта дастур билан танишиш ва иштирок этишни тасдиқлаш учун очиқ бўлиши керак;
- офертани акцепт қилиш муддати 30 кундан кам бўлиши мумкин эмас;
- оферта муддатидан олдин чақириб олиш шартини ўз ичига олмаслиги керак.
Бонус дастурлари иштирокчилари томонидан олинадиган мукофот тўғрисида алоҳида айтиб ўтиш лозим. Қуйидагиларга мукофотлар солиқ солишдан озод этилмайди:
- ташкилотчи билан лавозим мажбуриятларини бажаришда меҳнат муносабатларида бўлган шахсларга мукофот. Масалан – янги мижозларни жалб қилганлик учун мукофот;
- товарлар етказиб берганлик, ишлар бажарганлик, хизматлар кўрсатганлик учун мукофот;
- моддий ёрдам сифатидаги мукофот.
Кўриб чиқилаётган вазиятда гап оммавий оферта шартларида янги мижозларни жалб қилганлик учун мукофот тўлаш ҳақида бормоқда. Мазкур ҳолда оммавий оферта шартлари бажарилмоқда, оферта иштирокчилари билан меҳнат шартномалари тузилмаган.
Агар бонус дастури иштирокчилари – компаниянинг мижозлари бўлмаса
Бундай бонус дастурлари ҳам мавжуд. Уларнинг иштирокчилари мукофотни ўзларининг сотиб олиш фаоллигини оширганлик учун олишмайди, балки янги мижозларни жалб қилганлик учун олишади. Бундай бонус дастурининг шарти бўлиб, масалан, бонусни дастур иштирокчиси ва янги мижоз ўртасида тақсимлаш бўлиши мумкин.
Аммо, моҳиятига кўра, бу ҳолда дастур ташкилотчиси унга мижозларни жалб қилиш бўйича хизматлар кўрсатилганлиги учун мукофот тўлайди. Бундай офертани хизматлар кўрсатишга доир фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома сифатида кўриб чиқиш лозим.
Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак .
Ва мазкур ҳолда янги мижозларни жалб қилиш бўйича дастур иштирокчиларига мукофот уларнинг хизматлар кўрсатишга доир ФҲХ шартнома бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромади бўлади. Бундай даромадга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади.