Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқчилар томонидан белгиланган бозор нархига қандай эътироз билдириш мумкин
Вазият: солиқчилар СК 248-моддаси 4-қисми асосида солиқ базасини тузатдилар ва тадбиркорнинг эътирозларини эътиборга олмаяптилар. Солиқ тўловчи солиқ органларининг нарх товарлар (хизматлар) бозор қийматидан паст бўлган деган позициясига рози эмас, солиқ органларининг бозор қийматини аниқлаш усуллари эса саволлар туғдирмоқда.
Солиқ тўловчи ўз манфаатларини қандай ҳимоя қилиши мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ҳикоя қилди:
Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Бу вазиятда ечим маъмурий судга мурожаат қилиш бўлиши мумкин. Бунда суднинг эътиборини СК 248-моддаси 4-қисми асосида солиқчилар томонидан очилган ишлар доирасида бозор нархларини аниқлашнинг тасдиқланган қоидалари йўқлигига қаратиш керак.
Бежиз эмаски, Солиқ қўмитаси бундай тартибни тасдиқлашга уринмоқда - regulation.gov.uz да товарлар (хизматлар) бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси муҳокамаси якунланди. Уни ВМҚ кўринишида қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа кўп салбий фикрлар тўплади, чунки унинг қонунийлиги, концептуал асослари ва таклиф қилинаётган услубларга нисбатан кўплаб саволлар туғилмоқда.
Бу ҳақда батафсил buxgalter.uz материалларида ўқинг:
- ВМҚ лойиҳаси: солиқ органлари қандай нарх белгилаш тартибини жорий этишни таклиф қилмоқдалар;
- ВМҚ лойиҳаси: солиқчилар солиқ солиш мақсадида товар ва хизматлар нархларини қандай аниқламоқчилар;
- Солиқчилар томонидан таклиф қилинган нархларни аниқлаш тартиби нимага олиб келиши мумкин.
Айтилганларга қўшимча қилмоқчиманки, лойиҳа, афтидан, бир нечта давлатлардаги хорижий амалиётни умумлаштириш асосида ишчи гуруҳ томонидан тузилган. Бироқ сифатли ҳужжат яратиш учун бу етарли эмас. Жуда мураккаб, кўп қиррали масала кўтарилмоқда. Ва маҳаллий бозорга нисбатан асосланган қоидаларни фақат шу бозордаги жараёнларни ўрганиш асосида ёзиш мумкин. Улар хорижийлардан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
Солиқ тўловчининг бу жараённи ютиб чиқиш имкониятлари қандай?
Агар солиқ тўловчининг ҳаракатларида солиқлардан қочишни кўрсатувчи номутаносибликлар бўлмаса, бу ҳолда суд солиқ тўловчи томонига ўтиш эҳтимоли юқори.
Яқинда шундай ишлардан бирининг кўриб чиқилиши якунланди. Тадбиркор Хитойдан Ўзбекистонда чакана савдо қилиш учун буюртма берилган халқ истеъмоли товарларини олиб келади. Солиқчилар тадбиркор бу товарларни чакана савдога сотишда нархларни сунъий равишда пасайтиряпти деб қарор қилишди.
Судда солиқчилар ўз нарх ҳисоб-китобларини асослаб бера олмадилар. Улар дўконлардаги, бозорлардаги ва маркетплейслардаги товарлар нархларини ўрганиб чиқишди ва шу асосда бозор нархини "аниқлашди". У тадбиркор чакана савдога берганидан юқори чиқди. Бунда солиқ тўловчи томони адолатли савол қўйди - улгуржи ташкилот нархини чакана савдо нархлари бўйича аниқлаш керакми? Албатта - йўқ! Солиқчилар ўз ҳисоб-китобларини асослаб бера олмадилар, лекин улар тўғри эканлигини таъкидладилар.
Ҳал қилувчи савол қуйидагича бўлди: нархлар ҳисоб-китоблари қайси услуб асосида ўтказилган, улар ким томонидан тасдиқланган? Бугунги кунда, биз аллақачон айтганимиздек, Ўзбекистонда бундай қоидалар йўқ. Ва текширувчилар бу масала бўйича нима қилишмасин, бу уларнинг услубий жиҳатдан асосланмаган субъектив фикри.
Бахтимизга, судьялар низога холис ёндашдилар ва солиқ органига СК 248-моддаси 4-қисми бўйича бундай қўшимча ҳисоблашлар бўйича даъволарни тақдим этиш учун экспертлар ва мутахассисларга мурожаат қилишни таклиф қилдилар. Таъкидлайманки, нархни шакллантириш - жуда мураккаб жараён. Ва бозор нархларини аниқлаш қоидаларини ишлаб чиқиш учун илмий асосланган тадқиқотлар ва услублар керак.
Натижада 9 ойлик суд муҳокамалари давомида аниқ тасдиқланган қоидалар ва услублар йўқлиги сабабли суд солиқ тўловчи томонини қабул қилди, солиқчиларнинг барча қайта ҳисоб-китоблари бекор қилинди. Бироқ, ушбу корхона шу давр мобайнида фаолият юритаётганлар тоифасидан фаолият юритмаётган ташкилотлар тоифасига ўтди. Мана - масаланинг нархи ва тартибга солувчининг ўйламасдан қилган ҳаракатларининг оқибатлари.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади