ВМҚ лойиҳаси: солиқ органлари нарх белгилашнинг қандай тартибини жорий этишни таклиф қилишмоқда

preview

Солиқ қўмитаси Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқди, уни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқлаш режалаштирилмоқда. ID 98908 рақамли ҳужжат regulation.gov.uzда муҳокама қилинмоқда.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА солиқ тўловчилар лойиҳанинг муҳокамасида фаол иштирок этишлари лозим деб ҳисоблайди. Buxgalter.uz илтимосига биноан у лойиҳа ҳақидаги фикри билан ўртоқлашди:

 

Эътибор беринг

ВМҚ лойиҳаси 2024 йил 22 майда жойлаштирилган: https://regulation.gov.uz/ru/d/98908.

Фикр-мулоҳаза ва таклифларни 2024 йил 6 июнга қадар бериш мумкин.

 

Ҳужжатнинг лойиҳаси нима ҳақида

Дастлаб келинг, лойиҳа амалдаги Қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида низомдан (14.08.2020 й. 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган) нима билан фарқ қилади, деган саволга жавоб берайлик. Ушбу Низом СКнинг 248-моддаси 3-қисмида назарда тутилган меъёрни амалга ошириш учун қўлланилади. Яъни қуйидаги ҳолларда товарлар, хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқ базасини аниқлаш учун:

  • товар, хизмат бошқа товарлар, хизматларга айирбошлаш учун реализация қилинганда;
  • товар, хизмат, мол-мулк текин берилганда ва бундай беришнинг иқтисодий жиҳатдан оқланганлиги тасдиқланмаганда  ;
  • агар бундай мол-мулк, хизмат бўйича солиқ ҳисобга ўтказилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки бошқарув органи аъзолари, ходимлар, уларнинг оила аъзолари ёхуд бошқа шахслар томонидан шахсий мақсадларда фойдаланилганда ёки хизматлар кўрсатилганда .

Эътибор беринг, Солиқ кодексининг 248-моддаси 3-қисми меъёри қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола берган. Унда тартиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади дейилган. Шундан келиб чиқиб, ушбу Низомнинг қонунийлиги юзасидан савол йўқ.

Солиқ қўмитаси томонидан муҳокама учун жойлаштирилган Низомни кўриб чиқамиз.

СКнинг 248-моддаси 4-қисмида “Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли”, дейилган. Солиқ органлари ушбу меъёрни ҳам қўллашга уринишди, бироқ тартиб мавжуд эмаслиги туфайли ушбу меъёрни амалга оширишга ўз қарашлари доирасида йўл тутишди. Солиқ тўловчи қарор юзасидан судда низолашганда кўп ҳолларда солиқ органининг қарорлари бекор қилинган. Солиқ тўловчини ҳимоя қилишнинг асосий далили ушбу меъёрни амалга оширишнинг тасдиқланган тартибининг мавжуд эмаслиги бўлди.

Суднинг ушбу қарорлари  “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг (02.05.2012 й. ЎРҚ-328-сон) 11-моддаси ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг (24.12.1998 й. ЎРҚ-717-I-сон) 5-моддаси билан мустаҳкамланган: тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади. Солиқ кодекси ҳам барча ноаниқликларни солиқ тўловчининг фойдасига талқин этишга кўрсатма беради.

Солиқ органлари ушбу тартибни белгилашга уринишмоқда. Regulation.gov.uzда муҳокама қилинаётган ID 98908 ҳужжат – биринчи уриниш эмас. Шунга ўхшаш ҳужжатнинг аввлги лойиҳаси 26.01.2021 йилда ID 28302 рақами остида жойлаштирилганди. Уни муҳокама қилиш 2021 йил февраль ойида якунланган ва ушбу лойиҳа қабул қилинмаган. У қабул қилинмаганлиги яхши. Янги тақдим этилган лойиҳа билан ҳам шундай бўлиши керак.

Солиқ кодексининг 2-моддасида белгиланишича, солиқ тўғрисидаги қонунчилик Солиқ кодексидан ва қабул қилиниши ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. СКнинг 248-моддаси 4-қисмида қонуности ҳужжатларига бундай ҳавола мавжуд эмас. Биз аввал қонуности ҳужжати қабул қилиниб, сўнгра Солиқ кодексига тузатишлар киритиладиган йўлдан боряпмизми? Бу нотўғри йўлдир.

 

Нима учун лойиҳа қабул қилинмаслиги керак

Солиқ кодексига тузатишлар киритиш лозим. Аммо ушбу тузатишлар СКнинг амалдаги 248-моддасидан 4-қисмни чиқариб ташлашга қаратилиши керак, ушбу меъёрни ривожлантиришга эмас.

Агар ушбу меъёрни ривожлантириш йўли танланса, бизнес нархларни харажатлар, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда аниқлай олмайдиган тарифларга қайтишини англатади. Биз барча шу йилларда шакллантирган бозор қани? Солиқ органларида анча қувватли ва вақт талабларига жавоб берадиган нархларни назорат қилиш воситаси мавжуд – бу трансферт нархини белгилаш. Шу йўналишда ривожланиш лозим.

Боз устига, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун (8-модда) тадбиркорлик субъектлари ўз товарларини, ишларини, хизматларини, ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишлари мумкинлигини кафолатлайди, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан товарнинг бозор нархининг белгиланиши ва унинг асосида солиқ базасига тузатишлар киритиш – тадбиркорлик фаолиятига тўғридан-тўғри аралашиш!

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

Материалларимизни телеграм-каналда кузатиб боринг