Полезное для бухгалтера в ноябре:
Наманганда «Norma» профессионал ривожланиш марказининг ваколатхонаси иш бошлайди
Унда «Norma» компаниясининг барча ишланмалари, шу жумладан инновацион таълим дастаклари фаол қўлланилади. Хусусан, bir.uz тизими ва 1uz тренажёри бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасини ўзлаштириш самарадорлигини оширишда ёрдам беради.
– Ўқув курсларини ва малака ошириш бўйича семинарларни ўтказишга тўлиқ тайёрмиз, – дейди ваколатхона ўқув қисмининг раҳбари Марина Вишневская. – Машғулотлар Наманган саноат коллежидаги ижарага олинган хоналарда ўтказилади. Иккита аудитория жиҳозланган – ҳар бир тингловчининг столида шахсий компьютер ўрнатилган. Барча машғулотларимиз ўртасида кофе-брейк учун танаффус қилинади. Бу вақтда тингловчилар ўзаро тажриба алмашишлари, машғулотларда эшитганларини муҳокама қилишлари мумкин. Яна машғулотнинг иккинчи қисмига тайёрланиб, бироз ҳордиқ чиқара оладилар. Буларнинг бари ўқув материалини ўзлаштириш сифатини оширишда ёрдам беради. Шу сабабдан бунинг учун махсус зал ажратилди. Маъмурий ишлар юритиладиган хона ҳам бор.
– Марина Александровна, ўқув жараёнини қачон бошламоқчисиз?
– Душанба куни 25 февралдан. У «Бухгалтерия ҳисоби асослари» курси бўлади. Бироз кейин эса солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига бағишланган курсни очамиз. Сўнг «талабга яраша таклиф» бозор иқтисодиёти қоидасидан келиб чиқиб иш тутамиз.
– Биринчи гуруҳ бутланганми?
– Деярли тўлди. 18 киши Наманганда «Norma» ПРМнинг ваколатхонаси очилиши маълум бўлган заҳоти, декабрь ойидаёқ ёзилиб қўйган. Бироқ бир нечта сабабларга кўра машғулотлар февраль охирида бошланадиган бўлди. Биринчидан, ташкилий масалаларни охирига етказиш зарур эди. Иккинчидан – бухгалтерлар учун йил боши – мураккаб, ҳисобот даври. Аксарият тингловчиларимиз – талабалар ва бошловчи бухгалтерлар. Машғулотлар бошланадиган санани белгилашимиз билан Telegram орқали эълон берамиз. Шаҳримиз бухгалтерлари ушбу мессенжерда бир нечта канал ва гуруҳлар ташкил этганлар.
– «Norma» ПРМ ваколатхонасининг очилиши наманганлик бухгалтерларга нима беради?
– Аввало бу ўқув жараёнининг янги форматидир. Марказдаги машғулотларда тингловчиларга масофадан туриб, мустақил равишда, bir.uz тизимидан фойдаланган ҳолда шуғулланиш имкони берилади. Барча тингловчиларимиз bir.uz тизимига бепул кира оладилар. Машғулотларда ўқитувчи билан жонли мулоқот олиб борилади, bir.uz тизимида мустақил ишлаганда эса тест саволларини ечиш ва ўқув материалларини ўрганиш орқали ўтилган материални мустаҳкамлаш, амалий кўникмалар ҳосил қилиш имкони туғилади.
Бошқа инновация – 1uz тренажёридан ҳам фойдаланиш мумкин. Унинг ёрдамида бухгалтерия ҳисоби бўйича бошланғич билим олибгина қолмай, балки одатда йиллар давомида ҳосил қилинадиган амалий кўникмаларга ҳам эга бўлиш мумкин.
– Ваколатхонада ўқитувчи сифатида ишлаш учун кимлар жалб этилади?
– Улар Намангандаги етакчи бош мутахассислардир. Бизда ўзбек ва рус тилларида таълим бериладиган гуруҳлар бўлади. Ўқув жараёни бош муассаса – «Norma» ПРМ тажрибаси асосида олиб борилади. Яъни кўп амалиёт ўталиб, заруратга кўра назарий билимлар берилади.
– Наманганда bir.uz тизимининг иккита аттестация имтиҳони ўтказилди, унинг натижаларига кўра 27 нафар бухгалтер малакасини тасдиқловчи ҳужжатларни олди. Ушбу анъана давом эттириладими?
– Ҳа, албатта. Малакасини тасдиқлашдан манфаатдор мутахассисларимиз талайгина. Навбатдаги аттестация имтиҳонини март ойининг охирида ўтказмоқчимиз. Унинг санаси ҳақида кейинроқ хабар берамиз.