Полезное для бухгалтера в декабре:
Чет эллик мутахассисни қандай қилиб ишга қабул қилиш мумкин
Ҳукуматнинг 25.03.2019 йилдаги 244-сон қарори билан Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низом билан белгиланишича, иш берувчилар бир йил муддатга бериладиган рухсатнома асосида Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини жалб қилишлари мумкин.
Чет эл фуқаролари тасдиқнома олганда Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширадилар.
Рухсатнома ва тасдиқнома олиш учун иш берувчи давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилади ёки хориждан ишчи кучини жалб қилиш мақсадида рухсатнома олиш учун ЯИДХП ёки онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.
Рухсатнома олиш учун ариза электрон шаклда тўлдирилади, унга иш берувчи паспортининг нусхаси илова қилинади ва ЭРИ билан тасдиқланади.
Аризани кўриб чиққанлик учун 1 ЭКИҲ (202 минг 730 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари маркази 1 соат ичида аризани Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига юборади.
Агентлик 15 иш куни ичида рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда иш берувчини хабардор қилади.
Иш берувчи рухсатнома олиш учун 5 иш куни ичида 50 ЭКИҲ (10 млн 130 минг 500 сўм) миқдорида йиғим тўлайди.
Агентлик йиғим тўлангандан кейин 1 иш куни ичида рухсатномани расмийлаштиради ва уни иш берувчига юборади.
Тасдиқнома олиш учун аризага чет эл фуқароси тўғрисидаги барча маълумотлар илова қилинади.
Ариза бир соат ичида Агентликка ва ҳудудий меҳнат органига юборилади.
Ҳудудий меҳнат органи 5 иш куни ичида чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса беради.
Агентлик 15 иш куни ичида тасдиқнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Иш берувчи 5 иш куни ичида тасдиқнома олиш учун қуйидаги миқдорда йиғим тўлаши керак:
- ватандошлар, юқори малакали ва малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун – 2 ЭКИҲ (405 минг 460 сўм) миқдорида;
- бошқа чет эл фуқаролари учун – 30 ЭКИҲ (6 млн 81 минг сўм) миқдорида.
Тўлов амалга оширилгандан кейин 1 иш куни ичида тасдиқнома расмийлаштирилади ва иш берувчига юборилади.
Лола Абдуазимова.