Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Фойда солиғи бўйича ҳисобот қандай тўлдирилади: кўп учрайдиган саволларга жавоблар
Солиқ органлари сўзда эмас, амалда бизнесга кўмак берадиган сервис хизматига айланмоқда. Хусусан, солиқ тўловчиларнинг саволларига жавоб берадиган 1198 маълумот хизмати иш юритмоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича кўп учрайдиган саволларга Ўзбекистон Республикаси ДСҚ бош давлат солиқ инспектори Б.Нурназаров жавоб беради.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларини тўлдиришда кўп учрайдиган саволлар
1. Солиқ тўлангунгача бўлган фойда (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри) суммаси қандай аниқланади?
Ҳисоб-китобнинг 010-сатри кўрсаткичи “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот” 2-сон шаклидаги “Фойда солиғини тўлашга қадар фойда (зарар)” 240-сатридан олинади.
Эътибор беринг, 2-сон шакл кўрсаткичлари минг сўмда, солиқ ҳисоботи шакллари эса сўмда тўлдирилади, шу сабабли 2-сон шакл 240-сатри кўрсаткичини ҳисоб-китобда 1000 га кўпайтирган ҳолда акс эттириш лозим.
2. Солиқ тўлангунгача бўлган фойдани аниқлашда харид қилинган хом ашё ва материаллар қиймати реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) таннархига киритиладими?
Йўқ, фойда солиғини ҳисоблашда харид қилинган хом ашё ва материаллар эмас, балки реализация қилинган товарларни (ишлар, хизматларни) ишлаб чиқаришда сарфланган ва уларнинг таннархи таркибида ҳисобга олинадиган хом ашё ва материаллар чегирилади.
Бунда Молия вазирининг 2002 йил 27 декабрдаги 140-сон буйруғи билан тасдиқланган “Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидалар”га (АВ рўйхат рақами 1209, 24 январь 2003 йил) амал қилиш лозим.
Мазкур Қоидаларнинг 98-бандига мувофиқ, “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот” 2-сон шаклининг “Сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархи” моддаси бўйича (020-сатр) сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш ҳисобварақларида (9100) ҳисобга олинган, сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархининг суммаси кўрсатилади.
Савдо корхоналари ушбу сатр бўйича сотилган товарларнинг харид қийматини акс эттирадилар.
3. 2019 йилнинг I чорагида товарлар экспорти ҳажми умумий тушумнинг 33 фоизини ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5587-сон Фармонига асосан экспорт ҳажмига тўғри келадиган фойда қисмини солиқ ҳисоботида қандай кўрсатамиз?
Солиқ имтиёзлари Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобининг 3-иловасида кўрсатилади.
Ушбу илованинг 010-сатрида товар (иш, хизмат)ларни сотишдан соф тушум жами ва 0141-сатрда экспортга сотишдан соф тушум суммаси кўрсатилганда, экспорт улуши 4-графада автоматик равишда шаклланади. Шундан сўнг, 081-сатрда экспорт ҳажмига тўғри келадиган фойда акс эттирилади. У қуйидаги формула асосида ҳисоблаб чиқарилади:
Солиқ солинадиган фойда (Ҳисоб-китобнинг 080-сатри ёки
|
х |
Экспорт улуши, % (4-илова 0141-сатрининг 4-графаси) |
Мисол учун, корхонанинг 2019 йил I чорагидаги соф тушуми жами 1000,0 млн.сўм, товарлар экспортидан тушуми 330,0 млн. сўм, солиқ солинадиган фойдаси 400,0 млн. сўмни ташкил қилди. Бунда экспорт улуши 33% (330 млн. сўм/1000 млн. сўм х 100) ва экспорт ҳажмига тўғри келадиган фойда 132,0 млн. сўм (400 млн. сўм х 33%) бўлади.
Эслатиб ўтамиз, агар корхона даромад ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усулини қўллайдиган бўлса, 4-илованинг 010-014-сатрларини тўлдирмайди ва экспортдан олинган фойданинг тўғридан-тўғри усул бўйича аниқланган суммасини 081-сатрда кўрсатади.
Экспорт ҳажмига тўғри келадиган фойда 4-илованинг 081-сатрида кўрсатилгандан сўнг, ушбу сумма солиқ ҳисоботининг тегишли сатрларида автоматик равишда шаклланади.
4. Ўтган йилларда ҳисобланган, лекин тўланмаган дивидендлар 2019 йилда тўланганда қайси солиқ ставкада ушлаб қолиниши керак ?
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга солинадиган солиқ ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди (СКнинг 159-1 ва 181-моддалари).
Солиқ кодексининг 165 ва 185-моддаларига мувофиқ солиқ агентлари дивидендлар ва фоизларни тўлаш пайтида тўлов манбаида солиқни ушлаб қолиши ва шу санадан кечиктирмай бюджетга ўтказиб бериши шарт.
Шунга кўра, 2019 йил 1 январдан кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси резидентларига тўлаб бериладиган дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадларга, улар қайси давр учун ҳисобланганлигидан қатъи назар, ушбу даромадлар тўлаб берилган санада амалда бўлган 5 фоиз ставкада солиқ солинади.
5. Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби ва унинг иловалари сатрларида тўланган дивидендлар ва фоизлар ушлаб қолинган солиқни чегирган ҳолда кўрсатиладими?
Йўқ, солиқ ҳисоб-китоби ва унинг иловаларидаги тўланган дивидендлар ва фоизлар моддалари бўйича кўрсаткичлар солиқни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади.
Ушбу солиқнинг солиқ солиш базаси деганда – ҳисобот (солиқ) даврида юридик ва жисмоний шахсларга тўланган дивидендлар ва фоизлар тушунилади. Шунинг учун, солиқ ҳисоботи ва иловаларида ушбу даромадларни олувчига тўланган дивиденд ва фоизлар суммаси ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммасини ўз ичига олган ҳолда кўрсатилади. Акс ҳолда, электрон солиқ ҳисоботи шаклларида дастур солиқ суммасини нотўғри (камроқ) ҳисоблаб чиқаради.
Масалан, ҳисобланган дивидендлар 100,0 млн.сўм, тўланган дивидендлар 80,0 млн. сўм, 5% ставкада ушлаб қолинган солиқ 4,0 млн. сўмни ташкил қилди. Бунда, ҳисобот шаклларида тўланган дивидендлар 80,0 млн. сўм миқдорида кўрсатилади, таъсисчига эса 76,0 млн. сўм (ушлаб қолинган солиқ чегирилган ҳолда) тўлаб берилади.
6. 2019 йил 1 январгача жисмоний шахсларга ҳисобланган дивидендлар ва фоизлар Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида кўрсатилар эди. Янги ҳисобот шаклида ушбу даромадлар назарда тутилмаган. Жисмоний шахсларга ҳисобланган дивидендлар ва фоизларни қайси ҳисобот шаклида кўрсатишимиз лозим?
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 2019-05, 2-сон қарори (АВ рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь) билан тасдиқланган Солиқ ҳисоботи шаклларига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланган даромадлар бўйича солиқ ҳисоботи шакллари бирлаштирилди. Улар битта шаклда – Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида акс эттириладиган бўлди.
Эндиликда жисмоний шахсларга тўланган дивидендлар ва фоизлар ушбу Ҳисоб-китобнинг “II. Жисмоний шахсларнинг дивиденд ва фоиз тарзидаги даромадлари” бўлими 070-120-сатрларида ва Ҳисоб-китобга 2-иловада ҳар бир жисмоний шахс кесимида кўрсатилади.