Ватандошларга – 2 йиллик виза ва прописка

preview

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 326-сон қарорига қаранг).

Эслатиб ўтамиз, кириш визаларини (ш.ж. кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни) соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш – ватандошларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларидан бири (25.10.2018 йилдаги ПҚ–3982-сон қарорга қаранг).

Ким ватандош ҳисобланади

Қабул қилинган ҳужжат контекстида ватандошлар деганда келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган, хорижга чиққан ва хорижий давлат фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини олган, тарихий Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда этник ва тил нуқтаи назаридан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқа қилиш истагида бўлган хорижда истиқомат қилаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади.  

Ҳужжат татбиқ этиладиган ватандошнинг оила аъзолари унинг турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари (ш.ж. фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) ҳисобланади.

Таклиф қилувчи Ўзбекистонда доимий яшовчи, унга нисбатан турмуш ўртоғи, тўғри шажара бўйича биринчи, иккинчи, учинчи даражали ва ён шажара бўйича қариндошлар-ватандошларга эга бўлган Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин.

Виза қандай расмийлаштирилади

Ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларига амал қилиш муддати мобайнида чекланмаган марта ташриф буюриш учун 2 йил муддатга VTD турдаги кириш визаси берилади. Уни расмийлаштирганлик учун 300 АҚШ доллари миқдорида бож ундирилади.

Таклиф қилувчи ариза-анкетани тўлдириши ва зарур ҳужжатлар билан доимий истиқомат қиладиган жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МваФР) бўлинмасига мурожаат қилиши лозим. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва келишишга 15 иш куни ажратилади.

Ижобий қарор қабул қилинганда таклифнома расмийлаштирилиб, бевосита таклиф қилувчига ёки унинг ишончли вакилига берилади. Ҳужжат берилган кундан бошлаб 3 ой давомида амал қилади. Ушбу муддат мобайнида уни ҳужжатлар пакети билан бирга ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиш зарур. Бу ерда ҳужжатлар 5 иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.  

Якуний ижобий қарор амал қилиш муддати 2 йил бўлган, бироқ таклиф қилинаётган ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатидан ошмайдиган кўп марталик кириш визасини расмийлаштириш учун асос бўлади.

Прописка қандай расмийлаштирилади

Ўзбекистонда бўлиб турган ватандошлар ўз хоҳишларига кўра:

  • меҳмонхона, даволаш муассасалари, санаторий ва дам олиш уйларида ҳисобдан ўтган ҳолда вақтинча бўлишлари;
  • турган жойларида вақтинчалик пропискадан ўтиб, ҳудудий ИИОда ҳисобда туриб, хусусий уй-жойларда яшашлари мумкин.

Ватандошни хусусий уй-жойда вақтинча пропискадан ўтказиш учун таклиф қилувчи МваФР бўлинмасига тегишли ариза ва ҳужжатлар билан мурожаат қилиши керак. Улар текширилиб, 2 иш кунида 2 йил муддатга, бироқ виза ва ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинча прописка расмийлаштирилади. Вақтинча пропискани расмийлаштирганлик учун 250 АҚШ доллари ундирилади.  

Ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида вақтинча прописка қилиш тартиби ва барча масалалар Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарорлари билан белгиланади:

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.04.2019 йилдан кучга кирди.


Олег Заманов.




Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text149880_vatandoshlarga_-_2_yillik_viza_va_propiska