Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ким фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлайди
2018 йилдан иккита солиқ – фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилди (29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонуннинг 2-моддаси 2, 32-бандлари).
Илгари ушбу солиқлардан бири бўйича вақтинчалик имтиёзлар берилган корхоналар 2018 йил 1 январдан имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунча фойда солиғини 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлайдилар (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 7-илова изоҳи).
2018 йилда фойда солиғи ставкаси – 14% (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорга 7-илова). Икки баравар пасайтирилган ставка – 7%.
Ушбу тартиб 2019 йилда ҳам сақланиб қолди (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 4-банди). Жорий йилда фойда солиғи ставкаси – 12% (Солиқ кодексининг 159-1-моддаси). Икки баравар пасайтирилган ставка – 6%.
Унинг қўлланилиши бир қатор саволларни юзага келтирди, уларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод Шуҳратович Султонов жавоб беради.
1. Қайси корхоналар фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлашлари керак?
Фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиши муносабати билан иккита солиқдан бирини тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёзларга эга бўлган корхоналар 2018 йилдан имтиёзнинг амал қилиш муддати тугагунча фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлайдилар.
Яъни ушбу тартиб 2018 йилгача фойда солиғи ёхуд ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёздан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан татбиқ этилади.
Мисол
21.12.2016 йилдаги ПҚ–2687-сон қарорнинг 14-бандига асосан белгиланган рўйхат бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналари 2020 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган. Яъни 2018 йилгача ушбу корхоналар фойда солиғини тўламаганлар, бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлаганлар. Солиқлар бирлаштирилиши муносабати билан 2018 йилдан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ўрнига икки баравар пасайтирилган ставкада фойда солиғини тўламоқдалар.
2. Иккала солиқни (фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи) тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёзлар берилган корхоналар фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлашлари керакми?
Йўқ, керак эмас.
Фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби иккала солиқдан фақат биттаси: фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёз берилган корхоналарга нисбатан татбиқ этилади.
Мисол
15.09.2017 йилдаги ПҚ–3276-сон қарорнинг 8-бандига мувофиқ, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинган. Шу жумладан улар фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғидан озод қилинган.
Имтиёз бошқа солиқлар қатори иккала солиққа нисбатан татбиқ этилиши боис мазкур юридик шахслар 2021 йил 1 январгача имтиёздан фойдаланишда давом этиб, фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўламайдилар.
3. 2018 йилда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинганлиги муносабати билан у солиқ имтиёзлари тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнидан чиқариб ташланди. Бу иккала солиқ бўйича имтиёзларга эга бўлган корхоналар 2018 йилдан фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлаши кераклигини англатадими?
2018 йилдан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинганлиги сабабли ҳам имтиёзлар тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди.
2018 йилгача иккала солиқ бўйича имтиёзни қўллай бошлаган корхоналар 2018 йилда ўзгартиришлар киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фойда солиғини тўламай, имтиёз муддати тугагунча ундан фойдаланишда давом этмоқдалар.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиришлар киритилганидан кейин имтиёзни қўллаган корхоналар ҳам фойда солиғини тўламайдилар.
Мисол
Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармонига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиси бўлган корхоналар бир неча турдаги солиқлар ва тўловларни тўлашдан озод қилинган, улар жумласига фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳам киради. Имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади.
Президентнинг 4.04.2018 йилдаги ПФ–5398-сон Фармонига мувофиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи фойда солиғи билан бирлаштирилганлиги боис ПФ–4853-сон Фармондаги имтиёзли солиқлар рўйхатидан чиқариб ташланган. Бу эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар фойда солиғи бўйича имтиёзни қачон – 2018 йилгача ёки ундан кейин қўллай бошлаганидан қатъи назар, уни қўллаш имконини истисно этмайди. Фойда солиғидан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёз у амал қиладиган бутун муддат мобайнида қўлланилади.
4. Фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби 2018–2019 йилларда рўйхатдан ўтказилган корхоналарга нисбатан татбиқ этиладими?
Бунда 2018 йилгача имтиёзларни тақдим этиш тартибини белгилаш муҳим аҳамиятга эга.
2018–2019 йилларда рўйхатдан ўтказилган ва 2018 йилгача солиқлардан бири бўйича имтиёзларни тақдим этувчи ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ имтиёзлардан фойдаланадиган корхоналар ҳам имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунча фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлайдилар.
Мисол
Дори-дармон воситаларини ишлаб чиқарувчи ташкилот 2018 йилда рўйхатдан ўтказилган. 16.09.2016 йилдаги ПҚ–2595-сон қарорнинг 8-бандига мувофиқ, дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилотлар 2021 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган.
Бу ҳолда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмаган. Ташкилот солиқлар бирлаштирилганидан кейин барпо этилганига қарамай, 2021 йил 1 январгача фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлайди.
Бошқа вазият – янги ташкил этилган корхона 2018 йилгача қабул қилинган, барча солиқлар бўйича ёки фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёзларни тақдим этган ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ имтиёздан фойдаланса, фойда солиғи бўйича имтиёздан тўлиқ ҳажмда фойдаланади.
Мисол
Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ–3594-сон Фармонида белгиланган рўйхатдаги хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар тақдим этилган.
2018 йилда солиқлар бирлаштирилиши муносабати билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи Фармон матнидан чиқариб ташланган.
Фармонда аввалбошдан иккала солиқдан озод қилиш назарда тутилганлиги боис 2018–2019 йилларда ташкил этиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ушбу имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунча улардан тўлиқ ҳажмда фойдаланишлари мумкин. Имтиёзга эга тармоқлар рўйхати 22 та тармоқни ўз ичига олади.
Ушбу саволнинг жавобига якун ясаб, 2018 ва 2019 йилларда ташкил этилган корхоналарнинг эътиборини яна бир бор шунга қаратмоқчиман – имтиёзларни тўғри қўллаш учун 2018 йилгача бўлган таҳрирдаги имтиёзларни тақдим этувчи норматив ҳужжат билан танишиб чиқинг.
5. Солиқлар бирлаштирилганидан кейин, яъни 2018–2019 йилларда фойда солиғи бўйича имтиёзлар тақдим этилган корхоналар фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлашлари керакми?
Йўқ, керак эмас, сабаби солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади (Солиқ кодексининг 3-моддаси).
Мисол
Президентнинг 3.02.2018 йилдаги ПФ–5326-сон Фармонига мувофиқ, асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахслар улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга, бошқа солиқлар қатори, фойда солиғини тўлашдан озод этилган.
Имтиёз фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилган 2018 йилда жорий этилганлиги сабабли у тўлиқ ҳажмда қўлланилади. Яъни ушбу корхоналар имтиёз амал қиладиган муддат давомида фойда солиғини тўламайдилар.
***
Хулоса ўрнида шуни қайд этмоқчиманки, муайян лойиҳа, дастурни бажариш ёки маҳсулотни реализация қилиш қисмида фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёз тақдим этилганда ҳам фойда солиғининг пасайтирилган ставкада тўланиши тўғри бўлади.
Бухгалтерларга қулайлик яратиш учун Норма экспертлари иккита жадвал тайёрладилар:
- фойда солиғининг 50%лик ставкасини қўллайдиган солиқ тўловчилар. Бу ерда ушбу имтиёздан фойдаланишга ҳақли бўлган асосий тармоқ ва корхоналар кўрсатилган*;
- ким фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлашга ҳақли.
Фойда солиғининг икки баравар пасайтирилган ставкасини қўллайдиган корхоналар
Солиқ тўловчилар
|
Имтиёзларни тақдим этадиган норматив ҳужжат |
Имтиёз муддати
|
Фойда солиғи бўйича имтиёз |
||
Нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширган хорижий компаниялар иштирокида ташкил этиладиган нефть ва газ қазиб чиқарувчи қўшма корхоналар |
28.04.2000 йилдаги ПФ–2598-сон Фармоннинг 7-банди
|
Нефть ёки газ қазиб олинишидан бошлаб 7 йил муддатга
|
Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ–2699-сон қарорига 35-иловага мувофиқ рўйхат бўйича хизматлар кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар |
27.12.2016 йилдаги ПҚ–2699-сон қарорнинг 26-банди
|
2020 йилнинг 1 январига қадар
|
Бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар, «Женерал Моторс Пауэртрейн – Ўзбекистон» АЖ куч агрегатларини ишлаб чиқариш учун улар реализация қиладиган маҳсулотлар қисмида |
16.12.2008 йилдаги ПҚ–1020-сон қарорнинг 3-банди
|
Қурилиш даврида, шунингдек куч агрегатлари туркум ишлаб чиқарила бошлаган санадан бошлаб 10 йил мобайнида |
Дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, ана шу товарларни ишлаб чиқаришдан тушган маблағлар улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60 фоизни ташкил этувчи ташкилотлар |
16.09.2016 йилдаги ПҚ–2595-сон қарорнинг 8-банди
|
2021 йилнинг 1 январига қадар
|
«Ўзагролизинг» АЖ лизинг операцияларидан олинган даромадлар бўйича |
17.11.2016 йилдаги ПҚ–2658-сон қарорнинг 14-банди |
2022 йилнинг 1 январига қадар |
Юридик шахслар белгиланган тартибда сертификатланган камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширилган санасидан бошлаб |
2.12.2016 йилдаги ПФ–4861-сон Фармоннинг 12-банди |
Фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йил муддатга |
Рўйхатга кўра тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналари (ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60%ни ташкил этади) |
21.12.2016 йилдаги ПҚ–2687-сон қарорнинг 14-банди
|
2020 йилнинг 1 январига қадар
|
Таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари – хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномалар бўйича бажариладиган амалий, инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича |
20.04.2017 йилдаги ПҚ–2909-сон қарорнинг 14-банди
|
2022 йилнинг 1 январигача
|
Ҳисобот даври якунлари бўйича тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришдан олинадиган тушум улуши умумий реализация ҳажмининг камида 60 фоизини ташкил этадиган шундай буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилотлар |
20.04.2017 йилдаги ПҚ–2911-сон қарорнинг 2-банди
|
2021 йилнинг 1 январига қадар
|
Етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари, шу жумладан 2.05.2017 йилдаги ПҚ–2946-сон қарор доирасида республика минтақаларида қайтадан ташкил этилаётган, шунингдек ЎзР Инвестиция дастурлари лойиҳаларини амалга оширишда қатнашаётган лойиҳа-қидирув ташкилотлари – асосий фаолият тури бўйича |
2.05.2017 йилдаги ПҚ–2946-сон қарорнинг 8-банди
|
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб 3 йил муддатга
|
Тошкентда ва Тошкент вилоятида ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида иштирок этувчи ташкилотлар 3 000 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритилганда |
18.05.2017 йилдаги ПҚ–2973-сон қарорнинг 7-банди, 10.08.2017 йилдаги ПҚ–3194-сон қарорнинг 7-банди |
Хўжалик юритувчи субъектни КСЗ ҳудудида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 2 йил муддатда |
Бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар – «UzPCA» МЧЖда ишлаб чиқарилаётган енгил тижорат автомобиллари учун улар томонидан сотилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар қисмида |
13.06.2017 йилдаги ПҚ–3053-сон қарорнинг 12-банди
|
Қурилиш даврида, шунингдек енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича объектни фойдаланишга топшириш санасидан бошлаб 10 йил мобайнида |
Собиқ «Ташигрушка» заводи ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида «NBU INVESTMENT» МЧЖ иштирокида ташкил этиладиган корхоналар
|
6.07.2017 йилдаги ПҚ–3115-сон қарорнинг 6-банди
|
Стратегик инвесторга сотилишига қадар, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга |
«Наманган шарбати» МЧЖ ҚК
|
6.10.2017 йилдаги ПҚ–3314-сон қарорнинг 5-банди |
2022 йилнинг 1 январигача |
«1-Заргарлик корхонаси» давлат корхонаси ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида «Асака» АТБ ва унинг бошқарувчи компаниялари иштирокида барпо этилаётган ташкилотлар |
17.10.2017 йилдаги ПҚ–3334-сон қарорнинг 5-банди
|
Стратегик инвесторга сотилишига қадар, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга |
«Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг нефтни қайта ишлаш корхоналари |
14.11.2017 йилдаги ПҚ–3386-сон қарорнинг 5-банди |
2020 йилнинг 1 январига қадар
|
Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёз |
||
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар |
17.03.2017 йилдаги ПҚ–2843-сон қарорнинг 2-банди
|
2022 йилнинг 1 январигача
|
* Фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлайдиган корхоналар рўйхати тўлиқ бўлмаслиги мумкин.
Ким фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлашга ҳақли
Т/р |
Имтиёзлар тавсифи
|
29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон ва 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорлар асосида фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлаш мажбурияти |
Шарҳ |
1 |
2018 йилгача қабул қилинган норматив ҳужжатлар асосида фойда солиғини (ФС) ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини (ОИРС) тўлашдан озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзлар |
мавжуд |
Фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлаш мажбурияти 2018–2019 йилларда ташкил этилган корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этилади
|
2 |
ФС ва (ёки) ОИРСдан озод қилиш кўринишидаги доимий имтиёзлар |
мавжуд эмас |
Имтиёзнинг амал қилиш даври белгиланмаган бўлса, мажбурият юзага келмайди |
3 |
ФС ва ОИРСни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзлар |
мавжуд эмас |
Мажбурият юзага келмайди, сабаби имтиёз иккала солиққа нисбатан татбиқ этилган |
4 |
2018 йилгача қабул қилинган, улардан ОИРС чиқариб ташланган норматив ҳужжатлар асосида ФС ва ОИРСни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзлар |
мавжуд эмас |
Мажбурият юзага келмайди, сабаби имтиёз аввалбошдан иккала солиққа нисбатан татбиқ этилган
|
5 |
2018 йилдан қабул қилинган норматив ҳужжатлар асосида ФСни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзлар |
мавжуд эмас
|
Мажбурият юзага келмайди, сабаби имтиёз солиқлар бирлаштирилганидан кейин жорий этилган
|
6 |
2018 йилгача қабул қилинган норматив ҳужжатлар асосида норезидентларга тақдим этилган ФСни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзлар |
мавжуд эмас |
Мажбурият юзага келмайди, сабаби норезидентлар ОИРС тўловчилари ҳисобланмаган
|
Жадвалларни бу ердан юклаб олиш мумкин.