Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказишни қандай соддалаштириш мумкин
ДСҚ томонидан тайёрланган Хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. «Norma» МЧЖнинг етакчи эксперти Жорилла Абдуллаев уни такомиллаштиришни кўзлаб ўз таклифларини киритди.
Низом лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланган. Рўйхатдан ўтказишнинг қуйидаги механизми таклиф этилган:
- хўжалик юритувчи субъект ариза тақдим этади;
- ҚҚС тўловчиларнинг ягона реестрига ҳисобга олувчи ёзув қайд этилади;
- хўжалик юритувчи субъектга ҚҚС тўловчининг коди ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилади.
Лойиҳада ҳар хил вазиятларда ҚҚС тўлашга ўтиш чоғида турли муддатларда ариза бериш таклиф этилган (5–7-бандлар). Ушбу тартиб-таомилни соддалаштириш мақсадида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ариза беришнинг ягона муддатини белгилаш мақсадга мувофиқ. Масалан:
- ялпи тушумнинг белгиланган меъёрий миқдоридан ошган;
- акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун рухсатнома олинган;
- ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун давомида.
Лойиҳада ҚҚС тўловчисини рўйхатдан ўтказишдан аввал солиқ органларига ариза берувчини 10 кун давомида қуйидагилар юзасидан ўрганиш ҳуқуқи берилган (8-банд):
- солиқ тўловчи қайд этилган манзилда ҳақиқатда туриши;
- узоқ муддатли ва жорий активлари мавжудлиги;
- ижара шартномаси мавжудлиги ва ҳ.к.
Солиқ органларида мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш учун шундоқ ҳам етарли асослар мавжуд деб ўйлаймиз (ВМнинг 27.11.2018 йилдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган Низом). Фикримизча, ҳар бир янги ҳужжатда уларни қайд этиш мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг устига, бугунги кунда солиқчилар ўзларининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларидан фаол фойдаланмоқдалар. Барча зарур ахборотни солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан олишлари мумкин.
Лойиҳанинг 9-бандида назарда тутилишича, ариза тақдим этилмаганда ёки тақдим этиш муддатига риоя этилмаганда солиқ органи корхонани ҚҚС тўловчиси сифатида мустақил равишда рўйхатдан ўтказади. Шундай қилиш тўғри. Бироқ аризасиз ҳам солиқ тўловчини рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлса, уни беришдан нима наф? Эҳтимол, фақат ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтганда ариза бериш заруратини кўриб чиққан маъқулдир? Бу сўнгги пайтда шундоқ ҳам узлуксиз тус олган солиқ органлари билан ҳужжатлар айланишини осонлаштирган бўлар эди.
Барча ҳолларда ариза асосида рўйхатдан ўтказиш тартиби сақланиб қоладиган бўлса, уни тақдим этмаганлик ёки муддатига риоя этмаганлик учун санкцияларни қайд этиш мақсадга мувофиқ.