Полезное для бухгалтера в ноябре:
Тошкент ва Тошкент вилоятида пропискага қўйиш тартиби соддалаштирилиши керак
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари ва ўз таклифларини тақдим этди.
Хабарда қайд этилишича, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 56-бандига мувофиқ, ушбу чора-тадбирларни 2018 йил 1 апрелгача амалга ошириш зарур эди.
Мазкур банд ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарори билан фуқарони Тошкент ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан 5 кундан 1 йилгача муддатга амалга оширилиши ҳамда бу турар жой сотиб олиш учун асос ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди. Мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар) учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби ҳам белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар фақат янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олишлари ва давлат рўйхатидан ўтказишлари мумкинлиги белгиланди. Бунда пойтахт ва вилоятда янги қурилган кўчмас мулк сотиб олган, доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5%и, бироқ 10 ЭКИҲдан (2 027 300 сўмдан) кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўлашлари кераклиги белгиланди. Маълумот учун: Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга фуқаролар учун ушбу хизмат 1 ЭКИҲ – 202 700 сўмни ташкил қилади.
Вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик, вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, шунингдек пойтахтда доимий ёки вақтинчалик пропискасиз бўлган шахсни ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлигини назарда тутувчи норма чиқариб ташланди.
Шунга қарамай, ўтган йилги Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш тартиби назарда тутилган бўлса-да, ушбу масала тўлақонли амалга оширилмаган. Бу эса фуқаролар томонидан эътирозларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг айни шу масала – Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка бўйича амалдаги тартиб юзасидан фикрларини ўрганди. Хусусан, Telegram тармоғидаги «Jamoatchilik fikri» саҳифасида 3–11 июнь кунлари давомида сўров ўтказилди. Унда 17,7 мингдан зиёд фуқаролар иштирок этди, респондентларнинг асосий қисми – 49%и ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Давлат дастуридаги ушбу банднинг амалга оширилиши бугунги кунда долзарб эканлигини жамоатчилик фикри натижалари ҳам тасдиқламоқда. Белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганда улар фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, конституциявий ҳуқуқларга амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрлар хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини инобатга олган ҳолда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:
- Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жой бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;
- Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш.