Полезное для бухгалтера в ноябре:
Меҳнат нормаларини бузганлик учун суд жаримага тортади
11 июнь куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Суд-ҳуқуқ соҳаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш аввалида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда қўшимчалар киритилди. Меҳнат нормалари ва меҳнат шарт-шароитлари қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ишлари тўлиғича судга ўтказилди (бунда МЖТКнинг 49-моддаси ҳақида сўз бораётган кўринади, ҳозир у давлат меҳнат ҳуқуқ ва техник инспекторлари ваколатига киради, таҳр.). Бир қатор ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди, масалан, ишга қабул қилиш тартибини, иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказишга доир талабларни, касб касалликларини ўрганиш, ҳисобга олиш талабларини бузганлик учун қўлланилаётган жарималар лойиҳадан чиқариб ташланди.
Шунингдек йиғилишда «Жиноятчиликка қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада охирги икки йил давомида жиноятчилик кескин камайди: 2017 йилда – 16%га, 2018 йилда – 33,5%га.
Айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши ҳуқуқ-тартиботни, шу жумладан, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ҳамда суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларни қидириш учун кўп куч сарфламоқдалар. Шу муносабат билан ЖПКга гумон қилинувчилар, айбланувчилар ва судланувчиларнинг яширинишини бартараф этишга йўналтирилган тузатишлар киритилмоқда.
Йиғилишида фракция аъзолари «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда атом энергиясидан фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмас. Мамлакатимиз иқтисодиётида атом энергиясидан фойдаланиш ривожланиб бораётгани, Ўзбекистоннинг Ишлатилган ёқилғи билан ишлаш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш хавфсизлиги тўғрисидаги бирлашган конвенция (Вена, 1997 йил 5 сентябрь), ушбу соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга аъзо бўлишини таъминлаш қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Лойиҳанинг асосий вазифаси атом энергиясидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини ташкил этишдан иборат. Амалдаги атом энергияси тўғрисидаги барча нормаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлар билан мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Миллий қонунчиликка атом энергиясидан муваффақиятли фойдаланаётган давлатларнинг ушбу соҳадаги энг самарали механизмларни жорий этиш режалаштирилган.
Биринчи ўқишдан сўнг депутатларнинг таклифлари асосида атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек ядро ускуналари ва мосламаларни сертификациялаш зарурати тўғрисидаги лойиҳа нормалари қайта кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси материаллари асосида.