Полезное для бухгалтера в ноябре:
Импорт қилинган гўшт 1 октябргача ҚҚСдан озод қилинади
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига аниқлаштирувчи тузатишлар киритилди. Адлия вазирлиги Телеграм-каналининг хабарига кўра, улар Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2019 йилдаги 591-сон қарорида назарда тутилган.
Умумий қоидага кўра, маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш (нон-булка маҳсулотлари ва сут – ишлаб чиқариш ва реализация қилишда) оборотлари ҚҚСдан озод этилади. Бу ҳам Солиқ кодексининг 208-моддаси 28-бандида, ҳам Рўйхатнинг номида акс этган.
Тузатишларга мувофиқ гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйиш маҳсулотларига нисбатан имтиёз кенгайтирилди. Энди у мамлакатга импорт қилинган кўрсатилган маҳсулотларга нисбатан 2019 йил 1 октябргача татбиқ этилади.
Расмий-юридик нуқтаи назардан гап Солиқ кодексининг 208-моддасида назарда тутилмаган ҚҚС бўйича алоҳида имтиёзни жорий этиш хусусида бормоқда. Шу тариқа, Ҳукумат солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этишга доир ўз ҳуқуқидан фойдаланди.
Мазкур ҳолатда импортнинг ўзи эмас, балки импорт қилинган маҳсулотни реализация қилиш бўйича оборотлари ҚҚСдан озод этилаётганини таъкидлаб ўтамиз. Импорт қилувчи божхона тўловлари таркибида ҚҚСни тўлайди. Бироқ, гўшт ва ҳайвонларнинг айрим позициялари (ТИФ ТН кодлари 0102, 0104, 0201, 0204) ҳам божхона тўловларидан (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно), бинобарин, 2020 йил 1 январга қадар импорт қилишда ҚҚСдан ҳам озод этилган.