Полезное для бухгалтера в ноябре:
Фойдаланилмаётган мулк учун жиддий киришадилар
Фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан янги чоралар Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2019 йилдаги 666-сон қарори билан тасдиқланди. Ҳужжат 3 ой ўтгач кучга киради.
Нима фойдаланилмаётган объект ҳисобланади
Қуйидагилар бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади:
- хатловдан ўтказиш вақтида белгиланган муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари;
- бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари умумий майдонининг 50%идан кўпроғидан (бир бино ёки нотурар жой хонаси контури доирасида) товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатишда фойдаланилмай келинган бўлса. Мавсумий тусдаги фаолият амалга ошириладиган объектлар бундан мустасно.
Улар билан ким шуғулланади
Иккита ишчи гуруҳи шакллантирилади ва уларга қуйидаги вазифалар юклатилади:
Фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳи (1-ишчи гуруҳи) |
Фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш бўйича ишчи гуруҳи (2-ишчи гуруҳи) |
фойдаланилмаётган объектларни жойига борган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиришни ташкил этиш |
фойдаланилмаётган объектларни ишга тушириш муаммоларини ўрганиш |
фойдаланилмаётган объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бўйича давлат солиқ хизмати органларига хулоса тақдим этиш |
аниқланган муаммоларни ҳал қилиш ва фойдаланилмаётган объектларни ишга туширишга доир лойиҳаларни ишлаб чиқишда ва инвесторларни жалб қилишда мулкдорга кўмаклашиш |
фойдаланилмаётган объект ҳақиқатда хўжалик фаолиятига жалб қилинганлигини жойига борган ҳолда ўрганиш орқали таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига хулоса тақдим этиш |
1-ишчи гуруҳига туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2-ишчи гуруҳига туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи бошчилик қилади.
Давлат солиқ хизмати органларига фойдаланилмаётган объектларнинг ҳисобини юритиш ва фойдаланилмаётган объектлар бўйича оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш юклатилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига фойдаланилмаётган объектлар ишга туширилганлигининг ҳисобини юритиш вазифаси юклатилди.
Мулкдорлар учун қандай оқибатлар олиб келади
Биринчидан, давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар сотилади, ижарага берилади, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида берилади.
Иккинчидан, амалдаги оширилган солиқ ставкаларини қўллаш тартиби ўзгаради. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи “бекор туриб қолиш” муддатларига боғлиқ ҳолда тўланади:
- 3 ойга қадар - 2 баравар миқдорда;
- 3 ой ўтгандан сўнг — 5 баравар миқдорда;
- 6 ой ўтгандан сўнг — 10 баравар миқдорда;
- 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда - охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг 2 баравари миқдорида.
Объект қиймати мавжуд бўлмаган ҳолларда, юридик шахсларга тегишли бўлган фойдаланилмаётган объектлар учун мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда мол-мулкнинг шартли қиймати ҳар бир квадрат метри учун:
- Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 8 бараварида;
- Нукус шаҳри, вилоят марказлари ҳамда республика ва вилоятга бўйсунувчи йирик шаҳарларда - БҲМнинг 4 бараварида;
- бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида - БҲМнинг 2 бараварида белгиланади.
Объект қиймати паст бўлган ҳолларда фойдаланилмаётган объектларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш учун мол-мулкнинг шартли қийматини ҳисоблашда юқорида таърифланган тартибда ҳисобланган сумма қўлланилади.
Бу – муҳим! Объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади.
Учинчидан, фойдаланилмаётган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулк ва ер солиқлари бўйича илгари тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилиши тўхтатиб турилади.
Фойдаланилмаётган объект бегоналаштирилганда кўрсатилган солиқ механизми янги мулкдорга нисбатан ҳам қўлланилади. Лекин фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб этилганда юқорида таърифланган тартибда ҳисобланган солиқ суммалари мулкдорга қайтарилади. Бунда қайтариш 2-ишчи гуруҳининг хулосаси асосида охирги 12 ой учун амалга оширилади.
Механизм қандай амал қилади
Жорий этилаётган тартиб мулкчилик шаклидан қатъи назар, фойдаланилмаётган объектларга солиқ органлари томонидан тўғридан-тўғри қўлланилади. Фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича идоралараро комиссия хулосаси энди талаб этилмайди. Давлат солиқ хизмати органлари хулосаси ва 1-ишчи гуруҳи хулосаси асос ҳисобланади. Барча тартиб-таомиллар тасдиқланган схемада акс эттирилган 20 та изчил босқичдан иборат.
Шу билан бирга эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини хўжалик фаолиятига жалб қилишнинг янги тартиби жорий этилади (13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сон Фармоннинг 9-бандига қаранг).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.11.2019 йилдан кучга киради.
Анвар Иркаходжаев.