Электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтиш: сервис корхоналари қандай йўл тутиши керак?

preview

Юридик шахсларга сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган корхоналар бухгалтерларида электрон ҳисобварақ-фактураларга (ЭҲФ) ўтиш юзасидан талай саволлар юзага келмоқда. Ўтиш даври қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш мумкинлигини тушунишга ҳаракат қиламиз.

Қандай ишлашяпти ва яшашяпти

Мухбиримиз билан суҳбатда бухгалтерлар жорий муаммолар ва ЭҲФга ўтгандан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан хавотирларини сўзлаб беришди.

Олдиндан тўловни амалга оширувчи баъзи мижозлардан хизмат кўрсатувчи компанияда сақланиши лозим бўлган шартнома ва ҳисобварақ-фактуранинг иккинчи нусхаларини олишга муваффақ бўлиш қийин кечмоқда. Мижоз хизмат кўрсатиш учун шартнома тузмасдан бир марта мурожаат қилган, масалан, асбоб-ускунани тезда тузатиш зарур бўлган ҳолларда эса, кўпинча ҳужжатларни олишнинг умуман  имкони бўлмайди.

Мижозларнинг бошқа қисми хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича кўрсатилган хизматлар учун умуман муддатида ҳақ тўламайди. Масалан, шартномага асосан ҳар ойда тўловни амалга ошириш ўрнига, мижоз беш-олти ой учун бир йўла тўловни амалга оширади ва шундан сўнг йил охиригача “йўқолиб қолади” ёки фақат келгуси йили қолган давр учун тўлов билан “пайдо бўлади”.

Ишлардаги бундай ҳолат бир қатор сабаблар билан тушунтирилади, жумладан:

  • хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш марказлари, одатда бухгалтерия жойлашган сервис корхонаси бош офисидан узоқлаштирилган;
  • мижознинг сервис ташкилоти билан алоқаларга жавоб берадиган ходими ҳар доим ҳам 9.00 дан 18.00 гача бўлган иш куни давомида ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлай олмаслиги мумкин;
  • мижозлар кўпинча тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни йўқотиб қўядилар ва бошқалар.

Қоидага кўра бундай мижозлардан воз кечилмайди. Уларнинг кўпчилиги билан муносабатлар ишонч асосида йўлга қўйилади.

Бухгалтерлар муддатда ҳақ тўлаш ва ҳужжатларни расмийлаштириш натижасида қўйилмалар ўзини оқламаётганлигидан шикоят қилишмоқда. Норентабел бўлмоқда. Махсус ёлланган ходимга иш ҳақи тўлаш, йўл харажатларини қоплаб бериш керак. Ҳатто иқтисодий судларда ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилганда ҳам давлат божи хизматлар нархидан бир неча баравар юқори бўлади. Шу боис масала иш жараёнида ҳал этилишини кутмоқдалар.

Қарзлар ва ўз вақтида расмийлаштирилмаган ҳужжатлар қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда тартибга солинади, бу ҳар доим ҳам қонуний усул бўлавермайди. Шу сабабли сервис корхоналари қўлёзмадаги бухгалтерия ҳисобида қолишга мажбур, автоматлаштирилган ҳисобга ўтишни ортга суряптилар.

ЭҲФга ўтишга шошилмаяптилар. ЭҲФга ихтиёрий равишда ўтганлар эса ишга янгича ёндашувни олдинроқ ўзлаштириш учунгина шундай қилганлар. Бухгалтерлар ЭҲФга ўтиш ишни анча мураккаблаштиришидан хавотирдалар. Таваккалчиликни таҳлил этишнинг автоматлаштирилган тизими уларнинг муаммоларини мунтазам ёритиб туради ва тез-тез текширувлар ўтказилиши мумкин. ЭҲФни расмийлаштириш билан шуғулланишга янги бир бухгалтерни ишга олиш ҳақида гапириляпти. Кўпчилик иш ҳажми кўпайишини таъкидламоқда. Бунда, худди илгаридек, қоғоздаги ҳисобварақ-фактураларни эмас, балки ҳисобни тўлаш талаб этилган хатларни тарқатишга тўғри келади. Пул келиб тушгандан кейин иш ёпилади ва ЭҲФ расмийлаштирилади.

Нима қилиш керак

«Norma» МЧЖ экспертлари вазият амалиётчилар айтаётганидек, унчалик мушкул эмас, деб ҳисоблашади. ЭҲФга ўтиш бухгалтер ишини осонлаштиради, ҳужжатни тўлдиришда хатоликка йўл қўйиш эҳтимолини анча камайтиради. Тўловга тақдим этилган электрон шаклга СТИР ва сумма киритилса бўлди, қолган барча сатрлар автоматик тарзда тўлдирилади. Бунинг устига бўлғуси ўзгаришлар қўшимча харажатларни талаб этмайди ва қуйидаги бир нечта оддий қоидаларга амал қилинса, тартиб қатъийлашишига эришилади:

  • биринчидан, шартномаларни қайта кўриб чиқинг. Уларда кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланадиган аниқ муддатларни ва мижознинг хизмат кўрсатилганлиги далили бўйича қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани мустақил олиб кетиш мажбурияти қайд этилади. Шуни унутмаслик керакки, хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўланмаганлиги далили шартномада кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш санаси тушириб қолдирилганлиги билан аниқланади;
  • иккинчидан,   ЭҲФ ва бажарилган ишлар далолатномаси – булар иккита мустақил ҳужжатлар эканлигини эътиборга олинг, уларни ҳар бир шартнома бўйича ишлар бажарилганлиги далилига кўра расмийлаштириш лозим;
  • учинчидан, қоидаларга кўра, мижозга ҳисобварақ-фактурани тақдим этинг:

– бир марталик хизматларга шартнома бўйича – хизмат кўрсатилганлиги далили бўйича;

– узоқ муддатли шартномалар бўйича – ҳар ойда;

  • тўртинчидан, ҳисобварақ-фактура тақдим этилган ойда унда кўрсатилган солиқларни тўланг;
  • бешинчидан, бухгалтерияда тақдим этилган барча ҳисобварақ-фактураларга расмийлаштирилган шартномалар ва бажарилган ишлар далолатномаси сақланиши лозим. Солиқ инспекциясида ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлганда, сизга даъво билдириш учу насос бўлмайди;
  • олтинчидан, хизматларингиз қийматини қайта кўриб чиқинг, унга таваккалчиликлар туфайли юзага келган вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва улар юзага келганда қоплаш маблағлари киритилиши лозим;
  • еттинчидан, мукофотлар ва бонуслар тизимини жорий этиш орқали мижозларни ўз вақтида ҳужжатларни расмийлаштиришга ва кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлашга рағбатлантиринг.

Ёрқин келажак - қонун чиқарувчилар зиммасида

Кўп нарса қонун чиқарувчи органларга ҳам боғлиқдир. Сервис корхоналари ва уларнинг мижозлари – юридик шахслар ўртасида амалиётда учраб турадиган муаммоли вазиятларни корпоратив пластик карталардан (КПК) фойдаланишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш орқали ҳал этиш мумкин. Товарлар ва хизматлар учун КПКдан ҳақ тўланганда ҳисобварақ-фактуралар ўрнига терминал чекларидан фойдаланиш имкониятини қонунан мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Терминал чекида бухгалтерия ва солиқ ҳисоби учун барча зарур реквизитлар бўлиши мумкин. Лозим даражада расмийлаштирилган терминал чеки бўлганда, ҳисобварақ-фактура уни такрорловчи ҳужжат бўлиб қолади.

Олег Гаевой.


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text154066_elektron_hisobvaraq-fakturalarga_utish_servis_korhonalari_qanday_yul_tutishi_kerak