Импорт контракти бўйича қарзни солиқ оқибатларисиз кечиб юбориш мумкинми?

preview

Сентябрь ойида тадбиркорлик субъектларига бошқарув органи қарорига асосан ҳисобдан чиқарилаётган ташқи савдо контрактлари бўйича кредитор қарздорлик суммаларига солиқ солмасликка рухсат бердилар. Сўз 2017 йил 5 сентябргача ҳосил бўлган кредитор қарздорлик хусусида бормоқда (03.11.2017 йилдаги  ПҚ-3351-сон қарорнинг 2-бандига 05.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармон таҳририда қаранг).

Шу муносабат билан савол туғилади: мазкур имтиёз импорт контрактларига татбиқ этиладими?

ПҚ-3351-сон қарорнинг 2-бандида шундай дейилади:

“2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни (махсус товарлардан ташқари), ишлар ва хизматларни экспорт контракти тузмасдан, инвойслар асосида, экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига олдиндан тўлов 100 фоиз тушгандан сўнг ва ТСОЯЭА тизимига маълумотларни киритиш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилсин.

Бунда янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз маҳсулотлари, дуккаклилар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни экспорт қилишга қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланади.

Тадбиркорлик субъектларига уларнинг бошқарув органлари 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар ташқи савдо контрактлари бўйича ҳосил бўлган кредитор қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганида ҳисобдан чиқарилаётган кредитор қарздорлик суммасига солиқ мажбуриятларини қўшиб ҳисобламасликка рухсат берилсин (05.09.2019 й. ПФ-5811-сон Фармонига мувофиқ киритилган хатбоши)”.

Кўриб турганимиздек, қарорнинг бу банди экспорт контрактларига бағишланган. Экспорт контрактларида кредитор қарздорлик харидорга товар тўлиқ етказиб берилмаганда вужудга келади.

 buxgalter.uz портали савол билан Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасига мурожаат қилди ва тушунтириш олди.

- Ташқи савдо контрактлари - хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт, бартер ва импорт контрактлари ( Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомнинг 2-банди 3-хатбошиси).

Тегишлича, 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорнинг 2-бандига Президентнинг 5.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармони билан киритилган ўзгартиришларни импорт контрактларига қўллаш мумкин.

Яъни:

  • 2017 йил 5 сентябрга қадар ҳосил бўлган экспорт, бартер ва импорт контрактлари бўйича кредитор қарздорликка;
  • уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида бошқарув органининг қарорига эга тадбиркорлик субъектлари

солиқ оқибатларини ҳисобламасдан уни ҳисобдан чиқаришлари мумкин.