Полезное для бухгалтера в ноябре:
Банклар ҳисобварақлар бўйича операцияларни пинҳона амалга ошира олмайдилар
Банкирларга ҳисобварақ ёки омонат бўйича операциялар тўхтатилганлиги ҳақида мижозни хабардор қилиш мажбуриятини юклашди. Улар энди ҳисобварақлардан кредит, микроқарз ва лизинг бўйича қарздорликни сўндириш ҳисобига ҳисобварақ эгасига бу ҳақда хабар бермасдан маблағларни ҳисобдан чиқара олишмайди. Хабарнома маблағ ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб, кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда юборилиши керак. Мижозлар бундай янгиликларни қандай усулда олишларини танлашлари мумкин. Уни банк билан тузиладиган шартномада кўрсатиш лозим.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди. Энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.
- Банклар кредит бўйича қарзни тўлиқ сўндириш санасидан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмай:
- гаров мол-мулкидан тақиқни олиб ташлашлари;
- гаров реестридан банкнинг гаров мол-мулкига нисбатан ҳуқуқи тўғрисидаги ёзувни чиқариб ташлашлари шарт.
- Қарз олувчи ва гаровга қўювчиларга суғурта компанияси ва баҳоловчини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи берилди.
- Банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасида қарз олувчининг хорижий валютада кредит олишга бўлган танлови акс эттирилади. Шунингдек - валюталар курсининг ўзгариши натижасида кредит юкининг ошиши билан боғлиқ равишда келиб чиқадиган оқибатлар ҳам акс эттирилади.
- Агар жисмоний ёки юридик шахслар банкка мансабдор шахснинг шахсий қабулига ёзилиш учун ёзма равишда мурожаат қилишган бўлса, банк мурожаат келиб тушган санадан бошлаб 7 кундан кечиктирмаган ҳолда масъул ходимларнинг Ф.И.О. ва лавозимларини кўрсатган ҳолда қабул санаси ва вақти тўғрисидаги хабарномани юбориши шарт.