Солиқ органлари “инсофли” солиқ тўловчиларни қандай баҳолайди

preview

Компаниямиз – қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчи саналади, бухгалтерия ҳисоби юритилмайди.

Солиқ тўловчини “ишончсиз”лар рўйхатига киритиш қандай НҲҲ билан тартибга солинади? Бу ҚҚС тўловчиларга тааллуқлими ёки бухгалтерия ҳисобини юритмайдиган қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга ҳам тааллуқлими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ тўловчини солиқ хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига киритишда солиқ солиш тизими асосий мезон ҳисобланмайди.

Яъни, ҳатто солиқ тўловчи ҚҚС тўловчиси эмас, балки масалан, қатъий белгиланган солиқни тўловчи бўлган тақдирда ҳам, у томонидан солиқ мажбуриятини бажармаслик хавфи даражасини баҳолаш кўпгина бошқа очиқ ҳамда махфий мезонлардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Ва фақат бундай баҳолаш натижаси бўйича солиқ тўловчининг мақоми ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича кейинги ҳаракатлари белгиланади.

Шу тариқа, агар сиз корхонангиз инсофли солиқ тўловчи деб эътироф этилишини хоҳласангиз ва солиқ хавфи даражаси ўрта ёки юқори бўлган тоифага тушишини истамасангиз, ўз солиқ мажбуриятларингизни, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажаринг. Бу ҳолда сиз ҳар доим солиқ органларининг ёрдами ва қўллаб-қувватлашига таянишингиз мумкин бўлади.

 

Солиқ органларини ўзгартириш тарихидан...

Илк маротаба “инсофли солиқ тўловчи” атамаси Президентнинг 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарори билан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойилини жорий этиш учун киритилганди.

Ушбу Қарор солиқ органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантиришни бошлаб берди.

Солиқ тўловчиларни уларни солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш хавфи даражаси бўйича сегментлашдан иборат солиқ маъмуриятчилигининг умуман янги тизимини яратиш солиқ органларининг олдига қўйилган вазифалардан бири бўлган.

Содда қилиб айтганда, солиқ тўловчиларни тоифаларга бўлиш ва уларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш хавфи даражасига қараб қўллаб қувватлаш ёки солиқ назоратини амалга ошириш топширилган.

Ушбу тамойил Президентнинг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон қарори билан тасдиқланган Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясида акс этган.

Қарор билан тасдиқланган Йўл харитасида белгиланишича, солиқ органлари инсофли солиқ тўловчиларга “яшил йўлак” тартибида хизмат кўрсатиши шарт .

 

Солиқ тўловчиларни баҳолаш

Солиқ кодексида “инсофли солиқ тўловчи” атамасининг мавжуд эмаслигига қарамай, шубҳасиз, бу ўзининг солиқ мажбуриятларини ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда бажарадиган ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этишнинг паст даражасига эга солиқ тўловчидир.

Солиқ тўловчи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи муайян мезонлар бўйича баҳоланади.

Ушбу мезонлар Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида низомда баён этилган .

 

Солиқ тўловчиларнинг солиқ органлари билан ҳамкорлиги

Солиқ хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудити тайинланади. Солиқ хавфи даражаси ўрта ва паст бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ органлари томонидан Солиқ кодексида назарда тутилган бошқа солиқ маъмурчилиги тадбирлари қўлланилади.

“Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойилини амалга ошириш мақсадида солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар ихтиёрий асосда ўз солиқ мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, Солиқ қўмитасининг расмий сайтида “Солиқчи – тадбиркорга ёрдамчи” бўлимида тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилган шубҳали солиқ тўловчиларнинг рўйхати эълон қилинади.

Ушбу рўйхат солиқ тўловчиларга СКнинг 15-моддасида назарда тутилган лозим даражада эҳтиёткорлик қилишга ёрдам беради.

Агар солиқ тўловчи лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаса, солиқ органи бундай шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган солиқ тўловчининг харажатларини тан олмасликка ҳақли.

 

 

 

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text157355_soliq_organlari_insofli_soliq_tulovchilarni_qanday_baholaydi