Полезное для бухгалтера в декабре:
Бизнес ва аҳолини пандемия вақтида қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
Президент томонидан иқтисодиёт тармоқларига коронавирус пандемияси ва глобал инқирозий ҳолатларнинг салбий таъсирини юмшатиш бўйича чоралар-тадбирлар тасдиқланди. Молия вазирлиги ҳужжатнинг асосий тезисларини келтиради.
Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади. Унинг маблағлари коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга, жумладан инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга йўналтирилади.
Шунингдек, мамлакатимиз Бош вазири бошчилигида Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ташкил этилади. У юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилади ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқади.
Қуйидаги чоралар белгиланган:
биринчидан, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича:
- 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10%га (595,4 мингдан 655 минггача) ошириш;
- 5482 нафар тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6% миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинади Мисол учун, шифокорлар ҳар куни қўшимча 160 минг сўмдан олишади;
- ўз фаолиятини тўхтатган давлат ўқув, спорт ва маданият муассасаларининг 1,040 млн нафар ходимлари иш ҳақларини ўз вақтида олишда давом этадилар;
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизими ташкил этилади;
- солиқ имтиёзлари ва уларни тўлашни кечиктириш имконияти тақдим этилади;
- жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш таклифи маъқулланди;
иккинчидан, ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича:
- карантинга жойлаштирилган шахсларга иш ўрни ва ўртача ойлик иш ҳақининг сақланиши кафолатланади;
- иш берувчиларга коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган боланинг ота-онасини ишдан бўшатиш тақиқланади;
- болалар боғчалари тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар ўқувчиларининг ота-оналарига карантин вақтида таътил тақдим этилади;
- карантинга жойлаштирилган ота-оналар ва уларнинг болаларини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади;
- ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишга рухсат берилади;
учинчидан, озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича:
- харид қилиш ва захирасини шакллантириш учун озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати ва ҳажмлари аниқланади;
- истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ресурслари ҳажмларини мониторинг қилиш жорий этилади;
- ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказилади ҳамда уларнинг нархларини сунъий оширишга йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатилади;
тўртинчидан, иқтисодиёт, айниқса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича:
- йил охиригача солиқ аудитига мораторий ўрнатилди;
- юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилади;
- 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси БҲМнинг 100%идан БҲМнинг 50%ига қадар (223 минг сўмдан 111,5 минг сўмгача) камайтирилади;
- қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50%га пасайтирилади;
- 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади;
- жисмоний шахслар томонидан мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 15 апрелдан 15 октябрга қадар узайтирилади;
- 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 1 апрелдан 1 августга қадар узайтирилади;
- туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда тўхтатилади;
бешинчидан, экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича:
- тадбиркорларга нисбатан жарима санкцияларини олдини олиш учун форс-мажор ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилинади;
- тадбиркорларга йиллик умумий экспортга нисбатан 10%дан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга рухсат берилади;
олтинчидан, молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш бўйича:
- банклар хусусий секторга айланма маблағларни тўлдириш учун 30 трлн сўмгача қайта тикланадиган револьвер кредитлар тақдим этади;
- банклар туристик, меҳмонхона, транспорт-логистика компанияларига, хусусий таълим ташкилотларига, умумий овқатланиш корхоналарига ва молиявий қийинчиликларга дуч келган бошқаларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этади;
2020 йил 1 июнга қадар тижорат банкларида кредит портфелини стресс-тестдан ўтказиш ва активлар сифатини баҳолаш амалга оширилади.