Полезное для бухгалтера в декабре:
ДСХО жисмоний шахслар карталаридаги пуллар ҳаракатини билишади
ҚҲТБТ порталида ДСҚ ва МБнинг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори лойиҳаси жойлаштирилган.
Тартиб ДСҚ, МБ ва тижорат банклари ўртасида ахборотларни электрон алмашинуви механизмини белгилайди. У қуйидагиларни таъминлайди:
- солиқ солиш объектларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши, ишончли солиқ солинадиган базанинг барпо этилиши;
- солиқ хавфини тизимли бошқариш;
- тушум манбалари ва пул оқими тўғрисидаги тезкор ахборотларни шакллантириш, узатиш, қабул қилиш ва фойдаланиши.
Марказий банк ҳар куни ДСҚга юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар реестри кўринишидаги ахборотни белгиланган шаклда тақдим этади.
СКнинг 134-моддасига асосан банк ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағи ёки омонати (депозити) очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи ёки омонати (депозити) реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан 3 кун ичида электрон шаклда, ўзи жойлашган ердаги солиқ органига маълум қилиши шарт.
Солиқ органининг ёзма сўрови олинган кундан эътиборан 3 кун ичида банк қуйидагиларни бериши шарт:
- мижознинг банкда ҳисобварақлари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;
- унинг ҳисобварақлари ва омонатларидаги (депозитларидаги) пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;
- мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга ҳамда омонатларига (депозитларига) доир кўчирмаларни.
ДСҚнинг сўровига биноан бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквилентида бўлган тақдирда) ва транзакциялар сони ўнтадан ошган P2P операциялари (жисмоний шахсларнинг картасидан картасига) тўғрисидаги ахборотлар 3 иш кунида тақдим этилиши даркор. Мазкур ахборот ҳимояланган банк алоқа канали орқали узатилади.
ДСҚ олинган ахборотлар асосида Business Intellegence бизнес-таҳлиллар автоматлаштирилган тизимидан фойдаланган ҳолда солиқ тўламаслик хавфи даражасига кўра солиқ тўловчиларни сегментлайди. Солиқ органлари олинган ахборотдан солиқ маъмуриятчилигида фойдаланади ва унинг махфийлигини кафолатлайди.
Лойиҳа 2020 йил 21 апрелга қадар муҳокама қилиш, таклиф ва фикр-мулоҳазаларни киритиш учун жойлаштирилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола АБДУАЗИМОВА