Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларда ўз мобиль иловаси пайдо бўлади
Президент томонидан 8 июнь куни бизнес ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш бўйича қарор имзоланди. 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилади. Унга бир йўла 43 та йўналиш, асосан онлайн ва медиа хизматлар қўшилди. Янги рўйхат – бу ерда. Батафсил - юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВ шарҳида:
- 1 июлдан бошлаб:
- вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бекор қилинади. Ўзини ўзи банд қилганлар хабар бериш тартибида махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш далили матрицали штрих код (QR-код) билан тасдиқланади;
- ўзини ўзи банд қилганлар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50%и ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ЯТТлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ўзини ўзи банд қилганлардан олинадиган ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори келаси йили 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тайёрлашда ўрнатилади;
- ўзини ўзи банд қилганлар илгаригидек ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди, иш берувчига эга бўла олмайди.
1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилганларни масофадан рўйхатга олиш учун мўлжалланган мобиль илова ишлаб чиқилади. Унинг ёрдамида буюртмаларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириш, ЭҲФларни тақдим қилиш, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш, ўз товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш мумкин бўлади. Истеъмолчилар ўз навбатида товарлар ва хизматлар сифатини баҳолашлари ва ўз фикр-мулоҳазаларини қолдиришлари мумкин бўлади.
Интернет орқали хизматлар кўрсатувчи ёки ишлар бажарувчи ўзини ўзи банд қилганлар-фрилансерлар энди қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- чет элдаги норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ТСОЯЭАТга тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
- контракт тузмасдан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш. Унинг ўрнига келишув тўғрисидаги оммавий таклифдан (оферта) фойдаланиш, электрон ёзишмалар алмашиш ёки ҳисобварақ-фактураларни (инвойс) тақдим қилиш, шу жумладан, электрон шаклда.
Давлатнинг бизнес билан ўзаро муносабатларида – камроқ бюрократия
Жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахсларни қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда энди талаб этилмайди. Унинг ўрнига хабар бериш тартиби жорий этилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун иккита янгилик:
- уларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади;
- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада эгасининг фотосурати акс эттирилади.
Оилавий корхоналарга – имтиёз
Оилавий корхоналар энди улар қуйидаги шартларда айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50%га камайтирилган ставкада тўлашга ҳақли:
- ўзини ўзи банд қилганлар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланса;
- иштирокчилари сони камида уч нафар бўлса.
2021 йилда “Бизнес навигатор” ишга туширилади
Бу - бизнес юритишни осонлаштирадиган онлайн сервислардан фойдаланишга ёрдам берадиган ахборот тизимидир. Уни 2021 йилда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобига ишга тушириш кўзланмоқда.
Тизим туфайли тадбиркорлар:
- тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлашлари;
- кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантиришлари;
- турли тадбиркорлик фаолияти бўйича имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олишлари;
фаолиятни амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини топишлари мумкин.