Полезное для бухгалтера в ноябре:
Импорт қилувчилар учун божхона янгиликлари
ТИФ иштирокчиларига эслатиб ўтамиз, ҳудудий туроператорлар автомобилларни импорт қилишда имтиёзга эга бўлишди. Эрон товарларига импорт божлари оширилди. Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб БЮДни расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади. Батафсил – buxgalter.uz шарҳида.
Президентнинг 05.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ 1 августдан бошлаб:
- темир йўл транспорти ташкилотлари божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида тақдим этадилар;
- божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш фойдасига - товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади.
1 ноябрдан бошлаб:
- божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти “хавф даражасидан келиб чиқиб” - 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
- транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлаш имконияти тақдим этилади;
- "божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади .
Туроператорлар автомобилларни импорт қилишда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўладилар
Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга, истисно тариқасида, транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божини амалдаги ставканинг 50%и миқдорида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди . Қолган қисми олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида тўланади.
Имтиёз ушбу ҳудудларда хизмат кўрсатиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспортга нисбатан татбиқ этилади.
Бундай транспорт воситаларига давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгиларининг алоҳида сериялари берилади. Улардан фақат Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлади.
Эрондан олиб кириладиган товарларга нисбатан божлар 2 баравар оширилди
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро савдо имкониятлари тўғрисида 2003 йил 17 июндаги Аҳдлашув Меморандумининг Ижроия баённомаси жорий йилнинг март ойида ўз кучини йўқотди. Шу сабабли Эрон Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди.
Тегишинча, ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари ставкалари 2 баравар оширилди.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
божхона масалалари бўйича «Норма» эксперти