Полезное для бухгалтера в ноябре:
Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида озод этиш қандай акс эттирилади
1 июлдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш ва биноларни ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод этилган . ДСҚ тегишли Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича қўлланмани ишлаб чиқди, buxgalter.uz эса, одатдагидек, тафсилотларни аниқлаштирди.
Ҳисоб-китоб шакли ДСҚнинг 24.02.2020 йилдаги 3221-сон қарорига 9-илова билан тасдиқланган.
Ҳисоб-китоб йил бошидан ўсиб борувчи якун билан cўмда тўлдирилади.
Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида фаолият турлари солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда шакллантирилади.
“Товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад” 010-сатрда фаолият турлари бўйича СКнинг 463-моддасига биноан солиқ солиш объекти сифатида қараладиган даромадлар миқдори кўрсатилади.
ПФ-6029-сон Фармон бўйича имтиёз 2020 йил 1 июлдан жорий этилганлиги боис, у даромадларга нисбатан жорий йилнинг III ва IV чоракларида қўлланилади.
III ва IV чоракларда олинган даромадлар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг “Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши” номли 2-иловаси иккинчи бўлимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан солиқ солинадиган базани аниқлашда чегириб ташланадиган даромадлар қисмида акс эттирилади. Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши лозим бўлган жами даромадлар суммаси мазкур илованинг 010-сатрида жамланади - умумий овқатланиш ёки биноларни ижарага бериш (ихтисослашган корхоналар томонидан) хизматларидан олинган даромад суммаси.
Ҳисоб-китобнинг 050-сатри фаолият турлари бўйича тегишлича Ҳисоб-китоб шаклига 2-илованинг 010-сатрида жамланган жами даромадни камайтирадиган даромадларига тенг сумма кўрсатилади: тегишли фаолият тури бўйича: умумий овқатланиш ёки биноларни ижарага бериш (ихтисослашган корхоналар томонидан) хизматларидан олинган даромад суммаси.
Ҳисоб-китобнинг 060-сатри имтиёзга эга корхоналарнинг жами даромадларидан III ва IV чоракларда олинган даромадлари чегирилган ҳолда автоматик тарзда шаклланади.
Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида фаолият турлари бўйича белгиланган тегишли солиқ ставкалари автоматик тарзда шаклланади. Эслатиб ўтамиз, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари СКнинг 467-моддасида белгиланган.
Ҳисоб-китобнинг 090-сатрида ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкаларидан келиб чиқиб автоматик тарзда солиқ суммаси аниқланади.
Таҳририятдан: агар корхонада иккита фаолият тури - умумий овқатланиш ёки биноларни ижарага бериш бўлса, 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармоннинг 1-банди “а” кичик бандига мувофиқ имтиёзни у фақат бошқа фаолият турларидан устун бўлган фаолият турига нисбатан қўллаши мумкин:
- агар бу умумий овқатланиш бўлса – умумий овқатланишдан олинган даваод суммасига;
- агар корхона биноларни ижарага беришга ихтисослашган бўлса – ижарадан олинган даромад суммасига.