Полезное для бухгалтера в декабре:
Ишларни вахта усулида ташкил этиш тўғрисида Низом қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамаси 09.10.2020 йилдаги “Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 636-сон қарорни қабул қилди. Norma.uz портали ушбу ҳужжатнинг шарҳини тайёрлади.
Қабул қилинган Низом:
- узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини ташкил қилиш;
- вахта усулида ишлаётган ходимларнинг дам олиш вақтида ҳаёти ва иш фаолиятини таъминлаш учун вахта шаҳарчаларини ташкил қилиш;
- ишларни вахта усулида ташкил қилишда меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш;
- вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар;
- ишларни вахта усулида ташкил қилишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар тақдим этиш тартибини белгилайди.
Бунда:
- ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари вахта усулида ишлаш жойи ҳисобланади;
- иш жойи ўзгаргани бошқа ишга ўтказилиши деб ҳисобланмайди;
- ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди;
- объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш даврлари вахта вақти ҳисобланади;
- вахтанинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги лозим.
Агар ходимлар ишлар вахта усулида ташкил этилган жойгача етиб олиш ва у ердан қайтиш учун 3 соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган бўлса ёки фавқулодда вазиятларда, ташкилотларнинг раҳбарлари бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашса, қонуний ҳисобланади.
Шунингдек, Низомда қуйидагилар баён этилган:
- ишларни ташкил этиш;
- имтиёзлар ва компенсациялар;
- ижтимоий-маиший таъминот;
- тиббий ёрдамни ташкил этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.10.2020 йилдан кучга кирди.
Norma.uz материаллари асосида