Ваучерни реализация қилишда ҚҚС қандай ҳисобланади

preview

Ваучер – бу унинг эгасининг ваучер чиқарган шахсдан номинал қийматига тенг бўлган суммада товарлар ёки хизматларни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ёзма, электрон шаклда ёки пластик карта кўринишида бўлади).

«Норма» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА buxgalter.uz учун ваучерни реализация қилиш қандай ҳисобга олиниши ва ҚҚС қандай ҳисобланиши юзасидан махсус тушунтириш берди:

– Ваучерлар аҳолига чакана савдо тармоғи орқали ҳамда юридик шахсларнинг буюртмалари асосида реализация қилиниши мумкин.

Эмитент компаниянинг хоҳишига кўра муайян номиналдаги ваучерлар реклама акцияси давомида – савдо тармоғидан муайян суммадаги товарларни харид қилишда бонус тариқасида текин берилиши мумкин.

ҚҚС солиш мақсадларида товарларни (хизматларни) олиш ҳуқуқини тақдим этадиган ваучерларни реализация қилиш ёки текин бериш ушбу товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади .


Ваучерни реализация қилиш қандай ҳисобга олинади?

Харидор томонидан товар ёки хизматлар ҳақиқатда кейинроқ олинишига қарамай, уларни реализация қилиш бўйича айланмадан ҚҚС ваучерни реализация қилиш чоғида ҳисобланади. ҚҚС суммасини солиқни ҳисобга олган ҳолда ваучер қиймати сифатида ҳисобланг .

Ҳисобварақ-фактурани ваучерни реализация қилиш чоғида расмийлаштиринг. Бунда ваучер бўйича ҳақиқатда товарлар берилиши ёки хизматлар кўрсатилиши ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилмайди.

Ваучерни реализация қилиш чоғида корхонада унда кўрсатилган суммада кредиторлик қарзи (олинган аванс) юзага келади. Бундай авансларни ҳисобга олиш учун 6310 ёки 6390-счёт бўйича «Ваучерлар бўйича олинган аванс» субсчётини очинг. Ушбу қарздорлик ваучер эгасига товарлар ёки хизматларни тақдим этиш орқали сўндирилади.

Мисол
ҚҚС тўловчи корхона ваучерни реализация қилади
ҚҚС тўловчи корхона ваучерларни реализация қилади, уларнинг эгалари келгусида товар олишлари мумкин бўлади. Бир ваучернинг қиймати – 115 минг сўм. У бўйича реализация қилинадиган товар таннархи – 70 минг сўм.
Бухгалтерия ҳисобида ваучерни реализация қилиш ва у бўйича товарни ҳисобдан чиқариш қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма,

минг сўм

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Ваучер реализация қилинган санада

Реализация қилинган товар ҳисобга олинди (харидордан пул маблағлари келиб тушди)

115

5010

5110

6312

ҚҚС ҳисобланди

15

6312

6410

Ваучер эгасига товар берилган санада

Ваучер бўйича товарни реализация қилиш акс эттирилди

(115 - 15)

100

6312

9020

Реализация қилинган товар таннархи ҳисобдан чиқарилди

70

9120

2910

2920

Муддатли ваучерлар бўйича уларнинг амал қилиш муддати тугагач сўндириладиган вақти келади. Ваучер сақловчилар унда кўрсатилган муддатда товарларни (хизматларни) олиш учун ташриф келмаганларида шундай ҳолат юзага келади. Мазкур ҳолатда олинган авансларни бошқа даромадлар таркибига ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарорни расмийлаштиринг.

Муддатсиз ваучерлар даъво муддати тугаганидан кейин сўндирилади.

Умумий даъво қилиш муддати – 3 йил. Қонун ҳужжатларида айрим турдаги талаблар бўйича махсус даъво қилиш муддатлари – умумий муддатга нисбатан қисқартирилган ёки янада узайтирилган ҳолда белгиланиши мумкин .

Мисол
ҚҚС тўловчи корхона томонидан муддатида топширилмаган ваучерлар сўндирилади
ҚҚС тўловчи корхона ваучерни (муддатли ва муддатсиз) реализация қилди, улар бўйича эгалари товар олиши керак. 1 150 минг сўмлик қийматдаги муддатли ваучерлар амал қилиш муддати тугайдиган пайтга келиб сўндириш учун тақдим этилмаган. Ушбу муддат тугаганидан кейин корхона ваучерларни реализация қилиш чоғида бюджетга тўланган ҚҚС суммасини чегирган ҳолда, улар учун олинган авансни ҳисобдан чиқаради.
Худди шундай тартибда даъво муддати тугаганидан кейин корхона 575 минг сўмлик муддатсиз ваучерларни ҳам сўндиради.
Бухгалтерия ҳисобида муддатида сўндириш учун тақдим этилмаган ваучерлар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма,

минг сўм

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Муддатли ваучернинг амал қилиш муддати тугайдиган санада

Муддатида тақдим этилмаган ваучерлар амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан сўндирилди

(1 150 : 115 х 100)

1 000

6312

9360

Даъво муддати тугайдиган санада (3 йил)

Тақдим этилмаган муддатсиз ваучерлар даъво муддати тугаши муносабати билан сўндирилди (3 йил)

(575 : 115 х 100)

500

6312

9360

 


Ваучер текин берилиши қандай ҳисобга олинади?

Ваучер текин берилиши иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлса, у ҚҚС солиш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди  . Бундай беришда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши шарт эмас.

Эътибор беринг

Товарларни бепул бериш ёки бепул хизматлар кўрсатиш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади :

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Корхона реклама акцияси давомида ваучерларни текин тарқатса ёки муайян суммадаги товарлар (хизматлар) олинаётганда бонус тариқасида берса, бу иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Акция доимий харидорлар ва мижозларни рағбатлантириш, янгиларини жалб этиш билан сотувлар ҳажмини ошириш орқали тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш ва ривожлантиришга йўналтирилади. Ушбу ҳолатларда ваучерларни беришда ҚҚС бўйича мажбурият юзага келмайди.

Мисол
ҚҚС тўловчи корхона ваучерларни харидорларга бонус тариқасида беради
ҚҚС тўловчи савдо корхонаси йирик маиший техника харидорига 300 минг сўмлик ваучерни кичик техника сотиб олиш учун бонус сифатида беради. Харидор ундан фойдаланди ва таннархи 200 минг сўм бўлган кичик маиший техникани олди.
Харидорларга ваучерларни тарқатиш бўйича акция даромадни оширишга қаратилади, сабаби - харидорларни йирик маиший техникани сотиб олишга рағбатлантиради. Шу боис бундай тарзда ваучерларни, тегишинча улар бўйича товарларни текин беришни иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб ҳисоблаш мумкин. Бунда реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди.
Бухгалтерия ҳисобида ваучер бўйича товар берилиши қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма,

минг сўм

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Ваучер бўйича товар берилган санада

Харидор томонидан ваучер бўйича олинган товар таннархи (савдо рекламаси харажатлари) ҳисобдан чиқарилди

200

9410

2910

2920

Текин бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш шартларига жавоб бермайдиган бўлса, ваучерни беришда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва ваучер қийматидан солиқ суммасини чиқариб ҚҚС ҳисобланади .

Эътибор беринг
Товарлар текин берилганда (хизматлар кўрсатилганда), агар бу иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган бўлса, ушбу товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисобланади .
Мисол
ҚҚС тўловчи корхона ваучерларини собиқ ходимлари – пенсионерларга беради
ҚҚС тўловчи савдо корхонаси собиқ ходим – пенсионерга 300 минг сўмлик ваучерни ўз фирма дўконларида ушбу суммадаги кичик маиший техникани олиш учун беради. Пенсионер ваучердан фойдаланди ва дўконлардан бирида таннархи 200 минг сўм бўлган кичик маиший техникани олди.
Бундай тарзда ваучерни текин беришда ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма юзага келади, сабаби у иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Ваучер бўйича бериладиган товарнинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҚҚС ҳисобланади (300 минг сўм).
Бухгалтерия ҳисобида ваучер бўйича товар олиниши қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма,

минг сўм

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Пенсионерга ваучер берилган санада

ҚҚС ҳисобланди (300 : 115 х 15)

39,1

9430

6410

Ваучер бўйича товар берилган санада

Пенсионер томонидан ваучер бўйича олинган товарнинг таннархи ҳисобдан чиқарилди

200

9430

2910

2920

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text164140_vaucherni_realizaciya_qilishda_qqs_qanday_hisoblanadi