Агар онлайн-кассани таъмирлаш учун олиб кетишса, қабул қилиш-топшириш далолатномаси зарурми?

preview

Агар виртуал касса ёки онлайн-НКМ ишдан чиққан бўлса, тадбиркор нима  қилиши лозим? Бундай вазиятда ким ва нима учун жавоб беради? Нима учун ТХКМ бундай қурилмалар таъмирлаш учун олиб кетилгани ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат бера олмайди?

Buxgalter.uz бу борада тавсияларни тайёрлади.

Расман Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомга амал қилиш зарур.

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса, шунингдек, интернет доимий ишчи ҳолатда бўлиши учун жавобгарлик шахсан тадбиркорлик субъектига юкланади. Истисно - интернет провайдери ёки мобиль алоқа оператори иш фаолиятида юзага келадиган айрим техник муаммоли ҳолатлар .

Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш ТХКМ билан тадбиркорлик субъекти ўртасида тўзилган шартнома асосида амалга оширилади .

Buxgalter.uz тавсия қилади

ТХКМ мутахассиси сизнинг онлайн-НКМни таъмирлаш учун олиб кетиш чоғида сизга бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат беролмаслигини назарда тутинг. Онлайн-НКМни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом буни амалга ошириш мажбуриятини юкламайди.

Шу боис, агар сиз учун барибир сизнинг товар-моддий қимматлигингиз ташкилот ҳудудидан ташқарига вақтинча олиб чиқилгани тўғрисида далолатномани қўлингизга олишингиз муҳим бўлса, ушбу жиҳатни ТХКМ билан шартномада ёзинг. Масалан – қурилмани таъмирлаш учун олиб кетиш қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Агар сотиб олувчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнида фискал маълумотлар операторига маълумотларни жўнатиш имконини бермайдиган (яъни сизнинг кассангиз оффлайн режимида ишлайди) интернет тармоғида носозлик рўй берса ёки бошқа техник муаммолар юзага келса, сотиб олувчиларга чеклар беринг. Шуни ёдда тутингки, бундай вазиятда оффлайн режимда шаклланган чекларни яқин 24 соат ичида операторга узатилишини таъминлашингиз шарт .

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса носоз бўлган тақдирда тадбиркорлик субъекти бу ҳақда ТХКМнинг сall-марказига қўнғироқ қилиб хабардор қилиши керак. Шунингдек, буни бевосита ташриф буюриб амалга оширишга йўл қўйилади.

ТХКМ маълумотлар тушган вақтдан бошлаб 1 соат ичида турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси жойлашган манзил бўйича солиқ органини махсус ахборот тизими орқали хабардор қилади .

ТХКМ таъмирлаш даврида сизга 1 кун ичида захирадаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассаси ўрнатиб беради . Бу пайтга қадар тадбиркорлик субъекти харидорлар билан ҳисоб-китобларни, ДСХОда рўйхатдан ўтказилган махсус квитанция дафтари асосида амалга оширади .

«Марон» МЧЖ етакчи мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ:

- ТХКМ ишдан чиққан тақдирда сизнинг қурилмангизни таъмирлаш учун қабул қилиш ва ўрнига бу давр учун захирадаги кассани бериш учун барча зарур нарсалар билан таъминланган. Бироқ, амалиётда камдан-кам ҳолларда иш жиддий таъмирлашгача етиб боради. Кўпинча тадбиркор шунчаки ҳали янги техника билан ишлашни охиригача ўзлаштириб олмаган бўлади ва ниманидир нотўғри бажаради. Ва аксарият носозликларни жойида ва тезда бартараф этиш мумкин. Қатор ҳолларда – ҳатто масофадан, телефон орқали маслаҳат бериш чоғида бартараф қилса бўлади.

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса ишламай қолган барча ҳолларда сиз билан хизмат кўрсатиш учун шартнома тузган ТХКМга қўнғироқ қилиш зарур. Агар муаммони телефон орқали ҳал қилишнинг имкони бўлмаса, келишувга боғлиқ ҳолда ёки уста сизнинг олдингизга боради ёки сиз НКМни ўзингиз Техник хизмат кўрсатиш марказига олиб боришингиз даркор бўлади.

Маҳаллий корхоналар ишлаб чиқарган тугмали онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш ҳаммасидан ҳам осон, сабаби бутловчи қисмлар билан муаммолар бўлмайди. Ишдан чиққан блокни алмаштириш – 10-15 дақиқали иш.

Таъмирлаш 2 та ҳолатда чўзилиб кетиши мумкин:

1) фискал модуль носоз, ТХКМда эса янги модуль мавжуд эмас;

2) планшет касса жиддий ишдан чиққан, уни ишлаб чиқарувчининг иштирокисиз тузатиб бўлмайди. Бу ҳолда носозликни бартараф этиш учун 1 ойгача вақт талаб этилиши мумкин. Бироқ бу камдан-кам рўй беради. Менинг амалиётимда йил бошидан бундай вазият фақат икки маротаба рўй берган.

Жиддий носозликда, албатта, Онлайн-НКМни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган регламентга тўлиқ риоя қилишга тўғри келади. Яъни – махсус ахборот тизимида тегишли белги қайд этилади ва таъмирлаш вақтида вақтинча онлайн-НКМ ёки виртуал касса берилади.

Олег ГАЕВОЙ

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /ru/publish/doc/text165112_agar_onlayn-kassani_tamirlash_uchun_olib_ketishsa_qabul_qilish-topshirish_dalolatnomasi_zarurmi