Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲФни тақдим этиш муддатлари узайтирилди, ҳисобот топшириш муддатлари нима бўлади?
Buxgalter.uz нинг “Декабрь учун ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддатларини яна узайтиришди. Ҳар доим шундай бўладими?” номли материалига фаол фикрлар билдирилди. Ижтимоий тармоқларда ва “Жавоб берамиз”нинг “бевосита мулоқоти” орқали ўқувчилар ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш муддатларини узайтирган ҳолда солиқ ҳисоботларини топшириш муддатларини ҳам узайтириш лозимлиги ҳақида фикр билдиришди. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ушбу масала бўйича ўз позициясини маълум қилди:
– Ўқувчиларнинг материалга шарҳларида билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалари жуда муҳимдир. Улар солиқ органига - солиқ тўловчиларнинг ҳамкорига амалиётда ушбу масалада муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Сотиб олувчида Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 63-моддасига мувофиқ ҳар қандай ҳолда ҳисобварақ-фактурани кўриб чиқиш учун 10 кун мавжуд. Ушбу муддат у контрагент томонидан жўнатилган пайтдан эътиборан ҳисобланади.
Бироқ сотиб олувчи фақат ҳисобварақ-фактура Низомда белгиланганидек, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасига қадар тақдим этилган тақдирда ундан тўлиқ фойдаланиши мумкин. Агар ушбу муддат солиқ органларининг қарорига биноан узайтирилса, ҳисобот топшириш муддатлари эса илгаригидек қолдирилса (ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 санасига қадар) - сотиб олувчига ҳисобварақ-фактурани кўриб чиқиш учун тақдим этилган вақт жиддий қисқаради. Бу билан солиқ тўловчининг ҳуқуқлари чекланади.
Бунда шуни инобатга олиш лозимки, сотиб олувчи тақдим этилган ҳисобварақ-фактурага рози бўлмаслиги ва сотувчи томонидан хатолар тузатилгунга қадар уни рад этиши мумкин.
Сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам ҳисобварақ-фактура бўйича барча масалалар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 санасига қадар ҳал қилинишидан манфаатдорлар. Бу ҳолда ҳужжат ҳисоб-китобга қабул қилинади ва унинг асосида ҚҚСни ўз даврида ҳисобга олиш мумкин.
Бинобарин, ЭҲФни тақдим этишнинг сўнгги муддатини кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган ҳолда, ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларини қайта кўриб чиқиш - уларни кунларнинг бир хил сонига кўчириш мақсадга мувофиқдир. Яъни, агар ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддатлари 15 санага қадар узайтирилган бўлса, ҳисоботни тақдим этиш муддатларини ҳам 25 санага қадар узайтириш зарур.
Умид қиламанки, буни тушуниш билан қабул қиладилар ва кейинчалик муддатларни кўчириш тўғрисида қарорлар қабул қилишда буни инобатга оладилар. Ва норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Шу билан бирга, мен илгаригидек ЭҲФни тақдим этиш муддатларини чеклаш техник жиҳатдан нотўғри деб ўйлайман. Кечиктирганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш анча мақбул вариант деб ҳисоблайман.
Бунда ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда сотувчи ушбу муддат ўтказиб юборилганлиги туфайли иккала тараф кўрадиган хатарлар бўйича барча мажбуриятларни қабул қилиши қоидасини белгилаш адолатли бўлади. Хусусан, ҳисобварақ-фактура ўз вақтида тақдим этилмаган ҳолда сотувчига қоплаш суммасини ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш мажбуриятини юклаш мақсадга мувофиқдир.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади