Полезное для бухгалтера в ноябре:
Қандай ерлар корхонадан жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин
Жисмоний ва юридик шахслардан ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг мураккаб, потенциал низоли тартиб-таомилини тартибга соладиган Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди.
1. Қонуннинг амал қилиши:
- жисмоний ва юридик шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат муассасалари, ДУК тасарруфидаги ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги ҳуқуқларда тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши мумкин:
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш;
- доимий эгалик қилиш;
- муддатли (вақтинча) фойдаланиш;
- ижарага олиш ҳуқуқи (лойиҳанинг 1-моддаси).
3. Қонун у кучга киргандан сўнг юзага келадиган муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Янги қонун кучга киргунга қадар бошланиб, якунига етмаган муносабатлар янги қонун билан ўрнатилган тартиб-таомиллар доирасида давом эттирилади (лойиҳанинг 3-моддаси).
4. Қуйидагилар жамоат эҳтиёжлари (ерларни олиб қўйиш учун асос) ҳисобланади (лойиҳанинг 5-моддаси):
- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, ЭИЗни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
- мамлакатнинг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
- фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
- республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, т/й транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва алоқа тизими мухандислик объектлари ва тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, мухандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
- аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш;
- давлат инвестицион дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва ижтимоий ҳимоя муассасаларни марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш.
5. Ер участкаларининг олиб қўйилишини Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги марказлаштирилган жамғармалар компенсация қилади. Компенсация комиссиялари маҳаллий Кенгашларнинг ҳузурида тузилади. Жамғармалар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган таркибдаги кузатув кенгашлари томонидан мувофиқлаштирилади (лойиҳанинг 7-13-моддалари).
6. Олиб қўйиш тартиб-таомили (лойиҳанинг 14-23-моддалари):
6.1. Асос мавжуд бўлган тақдирда, ташаббускор маҳаллий муниципал ҳокимият органларига таклиф киритади;
6.2. Ҳокимликлар олинган ҳужжатларни Қурилиш вазирлиги ва Кадастр палатасининг ҳудудий бошқармаларига жўнатади;
6.3. 5 кун мобайнида Қурилиш вазирлиги ҳудудни ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш бўйича мувофиқлиқ юзасидан хулоса беради. Кадастр палатаси бошқармаси ушбу ер участкасига нисбатан ҳуқуққа эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар ҳамда унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини белгилайди;
6.4. Хулосалар олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида ҳокимликлар компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди;
6.5. Компенсациянинг дастлабки суммаси келишилгандан кейин материаллар Марказлаштирилган жамғармага кўриб чиқиш учун берилади, унинг кузатув кенгаши 5 кун мобайнида маҳаллий Кенгаш кўриб чиқиши учун таклиф киритади;
6.6. Кенгаш:
- навбатдаги мажлисида ер участкасини компенсация эвазига олиб қўйиш ташаббусининг жамоат эҳтиёжларига мувофиқлигини ҳамда кутилаётган натижанинг сарф-харажатларни оқлаши масаласини кўриб чиқади;
- ташаббуснинг очиқ муҳокамасини ўтказиш ёки ташаббусни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
6.7. Агар ташаббускор очиқ муҳокамани ўтказиш юзасидан икки марта рад этишни олса, мазкур ер участкасини олиб қўйиш масаласи 5 йилдан кейин кўриб чиқилиши мумкин;
6.8. Кенгаш томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир ой мобайнида очиқ муҳокамани ўтказиш санаси тайинланади. Бунда олиб қўйиш ташаббускори ҳуқуқ эгаларини Кенгашнинг қароридан кейин 2 кун ичида - муҳокамани ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда хабардор қилади (бироқ унинг бошланишидан камида 7 кун олдин);
6.9. Очиқ муҳокама ташаббускор томонидан ташкил этилади. Жараённинг мажбурий тартибда аудио ва видео қайд қилиниши, шунингдек ОАВ иштироки шарт. Муҳокама якуни бўйича ташаббускор томонидан баённома расмийлаштирилади ва у ташаббускор ҳамда барча ҳуқуқ эгалари томонидан имзоланади. Баённома кейинги иш кунида ҳокимликнинг расмий сайтида тўлиқ эълон қилиниши керак, асл нусхалари эса Кенгашга юборилади;
6.10. Кенгаш бир ой мобайнида ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Лойиҳасини тайёрлайди;
6.11. Ҳужжатлар ҳуқуқий экспертиза учун Адлия вазирлиги бошқармасига берилади (кўриб чиқиш муддати - 10 кун);
6.12. Адлия вазирлигининг ижобий қарори қабул қилинган тақдирда Кенгаш ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилади (2/3 қисмдан иборат кўпчилик овози билан);
6.13. Ҳуқуқ эгалари билан компенсация шартлари, тури ва миқдори бўйича келишув тузилади.
7. Агар ерлар мудофаа, хавфсизлик, фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш ва халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш эҳтиёжлари учун олиб қўйилса, ушбу масала Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилади.
8. Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида унга тегишли бўлган мулкни эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатларга, шу жумладан турар жойни коммуникация воситаларидан узиб қўйиш, кўчмас мулк объектига кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйиш, муносиб ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилувчи шароит яратишга йўл қўйилмайди.
Ҳужжат ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг бошқа масалаларини ҳам шартлайди: компенсация бериш тартиби ва муддатлари, кўчмас мулк объектини эгасиз деб эътироф этиш тартиби, бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулкни баҳолаш тартиби, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган объектларни бузиб ташлаш тартиби.
Лойиҳанинг тўлиқ матни билан ҳавола бўйича танишиш мумкин. Шу ернинг ўзида, агар сизда ЭРИ калити мавжуд бўлса, муҳокамада иштирок этишингиз мумкин.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Саида ЖОНИЗОҚОВА