Полезное для бухгалтера в декабре:
Маъмурий ва солиқ юки камайтирилди
Президент томонидан 15 сентябрь куни “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ўзгартиришларнинг моҳияти - norma.uz портали шарҳида:
Ҳужжатга асосан қуйидагилар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади:
- қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
- алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;
- давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари.
2022 йил 1 январдан бошлаб:
- назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;
- ССП аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан ССП ходимлари иштирок этади;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади. Бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.
Савдо-саноат палатаси маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколатига эга бўлди.
2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга Адлия вазирлиги, ССП ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишлаб чиқиш ва ишга тушириш топширилди. У тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини беради.
Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади. У тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида 16.09.2021 йилда эълон қилинган.
Эльмира СИРАЗИЕВА