– норезидентнинг доимий муассасаси юзага келаётганлиги қандай аниқланади; – доимий муассаса фойда солиғини қандай ҳисоблайди; – доимий муассаса қандай қилиб фойда солиғини тўлайди ва у бўйича ҳисобот беради.
Норезидентнинг доимий муассасаси юзага келаётганлиги қандай аниқланади
Агар хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатса ёки ишларни бажарса, ушбу фаолият норезидентнинг доимий муассасасини юзага келтираётган ёки келтирмаганлигини аниқлаш лозим.
Доимий муассаса (ДМ) юридик шахс эмас, бу шунчаки Ўзбекистон ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган норезидент – компания эга бўладиган солиқ мақоми. Ушбу мақом:
фақат солиқ солиш мақсадида фойдаланилади;
хизматчилари ёки ёлланган бошқа ходимлар орқали Ўзбекистон ҳудудида “жисмонан” фаолият юритаётган хорижий компанияга нисбатан қўлланилади.
Хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётганини қуйидагича асослаш мумкин:
хизматлар кўрсатади, ишлар бажаради;
жой, ускуна, омборхона ва бошқаларга эга;
Ўзбекистон резиденти – жисмоний ёки юридик шахсга ўзининг номидан шартнома имзолашни топширади, шунинг натижасида мамлакатда даромадга эга бўлади.
Эътибор беринг
ДМ ташкил этилган ҳолатда солиқ мажбуриятларини норезидент мустақил равишда бажаради. Агар ДМ ташкил этилмаса, Ўзбекистондаги манбалардан даромад оладиган норезидент учун солиқлар, даромадларни тўловчи манба – солиқ агенти томонидан тўланади.
Қуйидагиларга асосан ДМ юзага келаётганлигини аниқланг:
иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш мақсадида халқаро шартноманинг 5-моддаси, агар бундай битим норезидентнинг давлати билан тузилган бўлса.
Эътибор беринг
Агар норезидентнинг фаолияти СК ёки халқаро шартномага мувофиқ ДМ юзага келишига олиб келса, у ўзи мустақил равишда солиқ ҳисобида туришга мажбур. Бундай ҳолатда норезидентга даромад тўловчи корхона даромадга солиқ солишдан озод этиш ёки пасайтирилган ставкани қўллаш кўринишидаги халқаро шартноманинг солиқ имтиёзларини қўллашга ҳақли эмас.
Buxgalter.uz тавсия қилади
Норезидентга даромад тўлашдан олдин тасдиқланган ДМ сифатида ҳисобда турганлиги тўғрисида солиқ органи томонидан тасдиқланган маълумотнома сўранг . Ушбу маълумотнома корхонага тўлов манбаидан солиқ ушламаслик имконини беради. ДМ юзага келган норезидент солиқ солиш бўйича ҳисобда туриши лозим, лекин у буни бажармаса, корхона унинг даромадидан солиқ ушлаши лозим .
Вазият
Норезидент фаолияти ДМни юзага келтиради, лекин ДМ сифатида ҳисобда турганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилмади.
Россия компанияси 14 ой мобайнида объектлар қурилишини амалга оширмоқда. Россия билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича 1994 йил 2 мартдаги (1995 йил 27 июлдан кучга кирган) Битимнинг 5-моддаси талабидан келиб чиқиб, қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти ёхуд улар билан боғлиқ назорат қилиш фаолияти, башарти бундай майдон, объект ёки фаолият 12 ойдан ошган муддат мобайнида кўрсатилаётган бўлса, норезидентнинг доимий муссасаси ташкил этилади.
Шундай қилиб, Россия компаниясининг объектларни қуриш бўйича фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келади.
Норезидент томонидан солиқ ҳисобига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилмади.
Россия компанияси хизматлар кўрсатилган жойдаги солиқ органига ДМни ўз вақтида ҳисобга қўйиш бўйича жавобгар бўлади. Бунда мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан 30 кун ичида амалга оширилади .
Россия компанияси ушбу контракт бўйича солиқ ҳисобига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома такдим этмагунча, тўлов манбаида солиқ ушламасдан даромад тўлашга ҳақли эмассиз. Корхонангиз тўлов манбаидан 20 % ставкада солиқ ушлашга мажбур . Кейинчалик маълумотнома тақдим этилганда ушлаб қолинган солиқ суммаси ДМнинг солиқ мажбуриятлари счётида ҳисобга олинади.
Вазият
Фаолиятнинг доимий жойи ДМ ташкил этади
Швейцария фирмаси ўзбек корхонасининг тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатади, шу мақсадда ходимларини юборади. Контрактга мувофиқ хизмат кўрсатиш муддати кетма-кет 12 ойлик давр мобайнида 8 ой.
“Доимий муассаса” атамаси фаолиятнинг доимий жойини англатади, бу орқали корхона қисман ёки тўлиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади кучга кирган. Бирок мазкур Битимда агар хизматлар кўрсатилса, ДМ ташкил этиладиган ҳолатлар назарда тутилмаган. Хизматлар кўрсатиш исталган кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этишини белгилайдиган СК 36-м. 3-қ. 2-б.га амал қилинг. Кўриб чиқилаётган ҳолатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатиш муддати 8 ойни ташкил этади. Бу ўз навбатида швейцария компанияси фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келади. Битимнинг 7-моддасига мувофиқ Битимнинг имтиёзларини қўллай олмайсиз Демак, бундай ҳолатда норезидентдан ДМ сифатида ҳисобда турганлиги тўғрисида маълумотномани сўраш лозим . У мавжуд бўлмаганда норезидент даромадидан 20 % миқдорида солиқ ушлаб қолинг. Кейинчалик ДМ сифатида ҳисобда турганда ушлаб қолинган солиқ суммаси ҳисобга олинади.
Вазият
Маҳаллий ходимларни ўзбек корхонасида ўқитиш хизматлари
Швед корхонаси йилда бир марта бир ойдан кам бўлган муддатга Ўзбекистон юридик шахсининг ускуналар бўйича ишларни бажаришга ўқитиш учун мутахассисларини жўнатади. Ўзбекистон ва Швеция ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмас. Ўз навбатида СК 36-моддасига мурожаат қилиш лозим бўлади. Модданинг 3-қисми 2-бандида чет эл юридик шахси томонидан хизматчилари ёки шу мақсадлар учун ёллаган бошқа ходимлар орқали хизматлар кўрсатиш, башарти бундай фаолият исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этса, ушбу хорижий шахснинг ДМ ташкил этишига олиб келиши кўрсатилган. Контракт бўйича швециялик мутахассислар Ўзбекистонга бир ойдан ошмайдиган муддатга келишган. Ўз навбатида ДМ юзага келмайди. Яъни, швеция компаниясида ДМ сифатида ҳисобда туриш бўйича мажбурият пайдо бўлмайди. Бирок, норезидентга тўланадиган даромад тўлов манбаида фойда солиғи солинадиган даромадлар таркибига киради . 20 % ставкадаги фойда солиғи норезидентга тўланадиган умумий даромаддан ушлаб қолиниши лозим .
Вазият
Халқаро шартномага мувофиқ ДМни ташкил этишнинг турли хил шартлари
Ўзбек корхонаси билан турк компанияси ўртасидаги контрактга мувофиқ қурилиш ишлари 25 ой давомида бажарилади. Шу билан биргаликда пудратчи қурилиш ишларининг бир қисмини субпудратчи – россия компаниясига тақдим этади.
Ўзига тегишли ишлар қисмини субпудратчи 13 ой мобайнида бажаради.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битим 1996 йил 8 майда (1997 йил 30 сентябрдан кучга кирган) тузилган. Ўзбекистон ва Россия ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битим 1994 йил 2 мартда (1995 йил 27 июлдан кучга кирган) тузилган.
Ҳар бир резидентни алоҳида кўриб чиқамиз.
ДМ юзага келганлигини аниқлаш учун 5-модда “Доимий муассаса”га мурожаат қиламиз. Туркия билан тузилган Битимда бундай муддат 36 ойни (эълон қилиш пайтига), Россия билан тузилган битимда 12 ойни ташкил этади. Бу пудратчининг қурилиш фаолияти давомийлиги 36 ойдан ошса, ДМ юзага келишига олиб келади. Бизнинг ҳолатимизда турк компаниясида ДМ юзага келмайди, чунки қурилиш муддати 25 ой қилиб белгиланган.
Субпудратчининг фаолияти ДМ ташкил этилишига олиб келади, чунки Россия билан тузилган Битимдаги муддатдан ошиб кетади.
Ўзбек корхонаси турк компаниясидан Туркияда солиқ резиденти эканлиги тўғрисидаги ҳужжатни сўраши лозим . Ҳужжат мавжуд бўлганда даромад тўланган пайтда турк компаниясига тегишли қисмидан фойда солиғи ушлаб қолинмайди.
Россия компаниясига келадиган бўлсак, кўриб чиқадиган ҳолатимизда унинг фаолияти доимий муассасани ташкил этилишига олиб келади, чунки Битимнинг 5-моддаси 3-бандида қурилиш майдонининг ДМ юзага келиши мумкин бўлган 12 ойдан ортиқ муддат белгиланган. Ўз навбатида, россия компанияси Ўзбекистонда фаолият амалга оширишни бошлаган пайтдан 30 кун мобайнида ДМ сифатида ҳисобда туриш мажбуриятига эга .
Вазият
Ходимларни тақдим этиш бўйича шартнома
Хорижий компания ўзбек корхонасига малакали ходимларини (персонални) корхонада муайян ишларни бажариш учун юборди. Шартнома узоқ муддатли, бир йилдан ортиқ муддатга тузилган. Шартнома муддатидан қатъи назар норезидент фаолияти фақат қуйидаги уч шарт бир вақтда бажарилган тақдирда доимий муассасани ташкил этишга олиб келмайди :
1) ходимлар қайси юридик шахсга берилган бўлса, ўша юридик шахс номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади, яъни корхонангиз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилса;
2) ходимларни берган юридик шахс ушбу ходимларнинг иш натижалари учун жавобгар бўлмаса;
3) юридик шахснинг ходимларни беришдан олган даромади унинг ушбу ходимларни бериш юзасидан солиқ даврида қилган харажатлари умумий суммасининг 10 фоизидан ошмаса.
Норезидентдан шундай хизматлар кўрсатишга бошланғич ҳужжатлар нусхасини харажатлар суммасини тасдиқлаш учун, унга чет эллик ходимларнинг даромадларини қўшган ҳолда, сўранг. Булар қуйидагилар бўлиши мумкин:
ходимларни тақдим этувчи юридик шахс – норезидент билан ходимлар ўртасида тузилган шартнома;
иш ҳақи бўйича қайднома.
ходимларни тақдим этувчи юридик шахс – норезидент билан ходимлар ўртасида тузилган шартнома;
иш ҳақи бўйича қайднома.
Ушбу масалада солиқ қонунчилиги ҳужжатлар рўйхатини аниқлаштирмаган. Ҳар бир алоҳида ҳолатларда компаниялар мустақил равишда ҳужжатлар рўйхати бўйича келишиб олиши мумкин. Асосийси солиқ органларига юқорида келтирилган учта шарт бажарилганлигини исботлаш. Фақат ушбу шартларга риоя қилинганда чет эллик ходимларни тақдим этиш билан боғлиқ норезидент хизматлари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида амалга оширилган ҳисобланади .
Юқорида келтирилган талаблар бажарилмаганда:
норезидентнинг чет эллик ходимларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун бошқа юридик шахсга бериши ДМни юзага келишига олиб келади;
норезидент ДМ сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур .
Buxgalter.uz тавсия қилади
Чет эллик контрагент билан битим тузганда Ўзбекистонда улар томонидан олинадиган даромадга солиқ солиш билан боғлиқ хавфларни келтириб ўтинг. Агар норезидентнинг фаолияти ДМни ташкил этадиган бўлса, шартномага сизнинг хатти – ҳаракатларингиз тартибини белгилайдиган низомни киритингг. Масалан, норезиден ДМ сифатида солиқ ҳисобида турмагунча ҳамда сизга бу ҳақда маълумотнома тақдим этмагунча тўлов манбаида тўланадиган даромаднинг умумий суммасидан 20 % ставкада фойда солиғи ушлаб қоласиз.
Доимий муассаса қандай қилиб фойда солиғини ҳисоблайди
Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидент фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни умумий тартибда, лекин ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда амалга оширади . У ушбу мажбуриятларни солиқ тўловчининг барча ҳуқуқларига эга бўлган ДМга юклаши мумкин.
Даромадлар
ДМнинг жами даромадини бундай доимий муассасанинг фаолияти билан боғлиқ бўлган, Ўзбекистонда фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан эътиборан олинган даромадларнинг қуйидаги турлари ташкил этади:
норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида фаолиятини ўзининг ДМ орқали амалга ошириш натижасида олинган даромадлар;
норезидентнинг Ўзбекистондаги ДМ мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф қилишдан олган даромадлари;
норезидентнинг даромадлари, шу жумладан унинг бошқа давлатлардаги тузилмавий бўлинмаларининг ДМ орқали амалга ошириладиган фаолиятга айнан ўхшаш ёки бир хил фаолиятни амалга оширишдан оладиган даромадлари;
Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ДМга тегишли бошқа даромадлар
бундай ДМ фаолияти билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар.
Вазият
Норезидент Ўзбекистонда ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам битта лойиҳа ёки алоқадор лойиҳалар доирасида фаолиятни амалга оширади
Норезидент Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ўзининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси билан биргаликда бажариладиган битта лойиҳа ёки алоқадор лойиҳалар доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади.
Бундай ҳолатда худди шундай ёки айнан ўхшаш фаолият билан худди шундай ёки айнан ўхшаш шароитлардаги фаолиятда банд бўлган якка ва алоҳида шахс бўлганида ҳамда ўзи доимий муассасаси бўлган норезидентдан мустақил равишда фаолият кўрсатганида олиши мумкин бўлган даромад бундай доимий муассасанинг даромади деб ҳисобланади .
Вазият
Товарлар (хизматлар)ни норезидентнинг бошқа таркибий бўлинмаси сотади
Норезидентнинг ДМ томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни (хизматларни) норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бошқа таркибий бўлинмаси реализация қилади.
Бундай ҳолатда худди шундай ёки айнан ўхшаш фаолият билан худди шундай ёки айнан ўхшаш шароитлардаги фаолиятда банд бўлган якка ва алоҳида шахс бўлганида ҳамда ўзи доимий муассасаси бўлган норезидентдан мустақил равишда фаолият кўрсатганида олиши мумкин бўлган даромад бундай доимий муассасанинг даромади деб эътироф этилади .
Вазият
Тайёргарлик ва (ёки) ёрдамчи турдаги фаолият
Норезидент Ўзбекистонда учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, ДМ шаклланишига олиб келадиган тайёргарлик ва (ёки) ёрдамчи турдаги фаолиятни амалга оширади. Агар шундай фаолиятга нисбатан ҳақ олиш назарда тутилмаган бўлса, солиқ солинадиган база ушбу доимий муассасанинг бундай фаолият билан боғлиқ харажатлари суммасининг 20 фоизи миқдорида белгиланади .
Норезидент доимий муассасасининг шундай норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдидаги мажбуриятлари бўйича юзага келадиган курсга оид фарқлар норезидентининг доимий муассасаси даромадлари (харажатлари) жумласига киритилмайди .
Эътибор беринг
Агар норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудида биттадан ортиқ давлат муассасаси бўлса, солиқ солинадиган база ва солиқ суммаси ҳар бир муассаса учун алоҳида ҳисобланади .
Харажатлар
Солиқ базасини аниқлаш чоғида Ўзбекистондаги фаолиятдан доимий муассаса орқали солиқ солинадиган даромадлар олиш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар ДМнинг чегирмалари жумласига киритилади .
Харажатлар Ўзбекистонда ёки унинг ҳудудидан ташқарида қилинганидан қатъи назар чегириб ташланади, чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно .
Ўзбекистон Республикасининг норезидентига ўзининг ДМ томонидан тўланадиган қуйидаги кўринишдаги суммалар ҳам чегирилмайди :
ушбу норезидентнинг мулкидан ёки интеллектуал мулкидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун роялти, гонорарлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар;
ушбу норезидент томонидан ДМга кўрсатилган хизматлар учун харажатлар;
ушбу норезидент томонидан ДМга берилган заёмлар бўйича пул мукофотлари;
ушбу норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги ДМ орқали фаолиятидан даромадлар олиш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар;
ушбу норезидентнинг Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари.
Эътибор беринг
Агар ДМнинг солиқ солинадиган базасини аниқлашда Ўзбекистон халқаро шартномадаги қоидаларни қўллаганида ушбу норезидентнинг бошқарувга оид ва умумий-маъмурий маъмурий харажатларини чегириб ташлашга йўл қўйса, шундай харажатларнинг суммаси норезидент томонидан ўзининг танловига кўра қуйидаги усуллардан бири орқали аниқланади:
Норезидентнинг бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатлари ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ва бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлардир . Шу билан бирга ушбу норезидентнинг бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатларига қуйидагилар киритилмайди:
фойда солиғини ҳисоб-китоб қилганда чегирмалар жумласига киритиладиган норезидентнинг бевосита ДМ ёки ваколатхонаси томонидан Ўзбекистонда бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатлари;
норезидентнинг бевосита ваколатхонаси ёки доимий муассасалари томонидан бошқа давлатларда қилинган, Ўзбекистондаги ДМнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари;
Ўзбекистондаги ДМнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатлар.
Норезидент ҳисобот (солиқ) даври мобайнида ўз танловига кўра бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатларини ДМнинг чегирмаларига киритиш усулларидан фақат биттасини қўллайди.
Мисол
Бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатларни тақсимлаш
Норезидентнинг ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходимларини бошқариш ва меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бошқарувга оид ва умумий-маъмурий харажатлари солиқ даврида 530 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Норезидентнинг ДМ фаолиятидан олган даромади умумий даромаднинг 30 % ни ташкил этди.
Мутаносиб тақсимлаш усули қўлланганда ушбу харажатлар 159 минг (530 х 30 %) АҚШ доллари суммасида ДМнинг чегирмаларига олиб борилади.
Агар норезидент харажатларни чегирмаларга бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш усулини кўллашга қарор қилса, харажатларни алоҳида – алоҳида ҳисобини юритиши лозим бўлади. Яъни, 530 минг доллар суммадан фақат бевосита ушбу ДМнинг фаолияти билан боғлиқ харажатларни ажратиши керак бўлади.
Доимий муассаса қандай қилиб фойда солиғини тўлайди ва у бўйича ҳисобот тақдим этади
ДМ орқали фаолиятини амалга ошираётган норезидент ДМнинг солиқ бўйича ҳисобда турган жойидаги солиқ органига солиқ ҳисоботини қуйидагича тақдим этади :
ҳисобот даври якунлари бўйича ҳисобот давридан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирмай;
солиқ даври якунлари бўйича солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай.
Шунингдек, ДМ солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳам (ихтиёрий шаклда) тақдим этади.
ДМ солиқ тўлашни, фойда солиғини тўловчилар каби умумий асосларда амалга оширади .
ДМнинг фаолияти календарь йили тугагунига қадар тугатилган тақдирда, солиқ бўйича солиқ ҳисоботи ва Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни фаолият тугатилганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай тақдим этинг. Фаолият тугагунча солиқ тўланг .
Эътибор беринг
Норезидент томонидан ДМ белгиларига жавоб берадиган фаолиятдан, ДМ сифатида солиқ органида ҳисобга қўйишга қадар олинган даромадларга солиқ агентига солиқ солиниши лозим .
Бунда солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган солиқ норезидент солиқ органида ДМ сифатида ҳисобга қўйилганидан кейин солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим. Ҳисобга олиш солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал