«Контрагентингизни билиб олинг» сервиси инсофли солиқ тўловчиларга зарар етказиши мумкинми

preview

Солиқ занжиридаги узилиш коэффициенти юқори бўлган компаниялар орасида инсофли солиқ тўловчилар ҳам бор, ушбу коэффициентнинг ўсишида уларнинг айби бўлмайди. Улар содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар учун жаримага тушиб қоладилар. Бундай муаммолар тасдиқланган регламент мавжуд эмаслиги туфайли юзага келади.

Вазиятни  buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

– “2021 йил декабрдан бошлаб ҚҚС тўловчиларда ДСҚнинг янги воситаси –узилиш коэффициенти ҳам ҳисобга олинадиган бўлди. Даставвал ҳисобварақ-фактураларда “светофор” пайдо бўлиб, ундаги ранглар ёнида узилиш коэффициентининг қиймати кўрсатилди. У қанчалик юқори бўлса, “светофор”даги қизил чироқ таъсири ҳам шунчалик кўпайиб борди. Солиқ тўловчилар ва уларнинг контрагентлари учун қиймат юқори бўлмагани маъқулдир. Бироқ ҳисобварақ-фактураларда сиз фақат маълум бир ҳамкор билан узилиш коэффициентини кўришингиз мумкин, бу ҳақда батафсил бу ерда ёзган эдик. “Контрагентларингизни билиб олинг” интерактив хизматида 21 январдан бошлаб барча ҳамкорларингиз бўйича маълумотлар жадвал шаклида тақдим этилган.

Бундан фойдаланиб кўрган бухгалтерларнинг таъкидлашича, кўпчилик ташкилотлар бўйича солиқ узилиши коэффициенти “Контрагентингизни билиб олинг” сервисига нисбатан ЭҲФларда анча юқори экан. Бу эса, сервислар яхши ишламаётганлигидан далолат беради. Шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан СКнинг 76-моддасига мувофиқ узилиш коэффициенти бўйича регламент ҳанузгача тасдиқланмаган.

Буни, аввало, ДСҚ мутахассислари ҳали ҳам оптимал ечим устида изланишда эканликлари билан изоҳлаш мумкин, балки улар ҚҚС занжиридаги узилишлар коэффициентини ҳисоблаб чиқиш формуласини такомиллаштириш устида иш олиб бораётган бўлишлари ҳам мумкин.

Бироқ, бунга қарамай, солиқ тўловчиларга бугунги кунданоқ таъсир чоралари қўлланилмоқда. Хусусан, бир компания менга мурожаат қилди. Унга йирик суммада солиқ қайтарилиши лозим эди, тушум миқдори кам ҳамда узилиш коэффициенти –1 га тенг, яъни энг юқори бўлган. Бунга асосан тизим автоматик тарзда ҚҚСни қайтаришни рад қилганлиги сабаб бўлган.

Компания раҳбариятини қуйидаги саволлар ажаблантирмоқда: Нима учун биз бажарган ишларимиз ҳажмини тасдиқлай олмаймиз?! Нима сабабдан ранглар ва қандайдир коэффициентлар кўрсатилиши  тадбиркорлик фаолиятини юритишга тўсиқ бўлиши керак?! Ахир бу ҳолат юзасидан тушунтириш берилмайдими?.

Бироқ ҳозирча бу ҳолатни англаб етиш ва бартараф этиш учун батафсил тушунтиришлар берилмаган.

Илгари айтилганлардан қуйидагиларни билиб олганмиз:

  • ЭҲФда ва солиқ тўловчининг шахсий кабинетида келтириладиган узилиш коэффициенти солиқ тўловчиларни хабардор қилиш учун зарур;
  • ҚҚС қайтарилиши узилиш коэффициентига боғлиқ бўлади. У қанча юқори бўлса, қайтариладиган сумма шунча кам бўлади.

Амалиётдан маълумки, контрагентларингиз нолдан фарқли коэффициентларга эга бўлсалар, сизда ҳам айнан шундай бўлади.

Бунда ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлардан фойдаланувчи контрагентларнинг солиқ тўловчининг нуфузига салбий таъсир кўрсатиши адолатсизлик бўлади. Яъни бу ҳолатда Солиқ кодексида қайд этилган қонуний асосларга кўра занжирда узилиш ҳосил бўлади.

Узилиши коэффициенти юқори бўлган компаниялар ўртасида, табиийки, инсофли солиқ тўловчилар ҳам бор, коэффициент юқори бўлишида уларнинг айби бўлмайди.

Тизим яхшилар ва ёмонларни табақалаштириши лозим деб ҳисоблайман.

Узилиш коэффициенти юқори бўлган инсофли солиқ тўловчилар билан муносабатлар уларнинг контрагентлари обрўсига путур етказмаслиги ва қайтариладиган ҚҚС суммасига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

“Яхши бўлмаган” контрагентлар билан шартнома имзолаш-имзоламаслик хўжалик юритувчи субъектнинг ихтиёрида бўлгани маъқул. Уларнинг товарлари ва хизматларидан воз кечиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Бунда солиқ тўловчи бундай ҳамкорлар билан битим тузаётганда унга қайтариладиган ҚҚС суммаси ўз ҳамкорининг узилиш коэффициентига боғлиқлигини билади.

Асосийси, аввало, мазкур тизим қандай ишлаши аниқ баён этилган регламент ишлаб чиқилиши ва эълон қилиниши ҳамда бу хусусда тушунтириш берилиши лозим”.

Эътибор беринг

Сизга қуйидаги тавсиялар фойдали бўлиши мумкин:

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text178051_kontragentingizni_bilib_oling_servisi_insofli_soliq_tulovchilarga_zarar_etkazishi_mumkinmi