Фойда солиғини ҳисоблашда хизмат автомобили харажатларини қандай ҳисобга олиш керак

preview

Хизмат автомобили – компания учун қулайлик, лекин бухгалтер учун бош қотирувчи масала ҳисобланади. Унга доир қайси харажатларни фойда солиғини ҳисоблашда ҳисобга олиш мумкин, қайсиларини чиқариб ташлаш керак?

Бу мураккаб масалани ечиш учун биз «ICONSULTANT» Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВАдан тавсиялар сўрадик.

 

Материалда:

амортизация харажатлари;
ёқилғи-мойлаш материаллари харажатлари;
техник кўрик ва суғурта харажатлари;
таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари;
автомобиль шахсий мақсадларда фойдаланилгандаги харажатлар.

 

– Фойда солиғини ҳисоблашда жами даромаддан  чегирилмайдиган харажатлардан ташқари, даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегирилади  .

Харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланган ва асосланган (иқтисодий жиҳатдан оқланган) бўлса, яъни қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига мос келса, чегирилади:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган;
  • тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун зарур ёки шунга хизмат қилади ва харажатларнинг бу фаолият билан боғлиқлиги аниқ асосланган;
  • қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқади.

Қуйидаги шароитларда харажатлар чегирилмайди :

  • солиқ солинмайдиган даромадларни олиш билан боғлиқ;
  •  хизматлар кўрсатилмасдан, товарлар жўнатилмасдан амалга оширилган операциялар бўйича, бундай фактлар суд қарори билан аниқланган бўлса;
  • агар тўловчига қонун ҳужжатлари билан бундай харажатларни амалга ошириш мажбурияти юкланмаган бўлса, даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда.

 

Амортизация харажатлари

Автотранспорт воситалари бўйича дастлабки қийматнинг 20% миқдоридаги чекловчи меъёрни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган амортизация суммасини чегириладиган харажатларга киритинг .

Солиқ тўловчи солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида амортизацияни ушбу моддада белгиланганидан пастроқ нормалар бўйича ҳисоблашга ҳақли . Шунинг учун, агар сизнинг ҳисоб сиёсатингизда амортизация меъёри 20%дан кам белгиланган бўлса, бухгалтерия ҳисобида ҳисобланган эскириш суммаси чегириладиган харажат бўлади.

Эътибор беринг

Фойда солиғи учун амортизацияни ҳисоблашда дастлабки қиймат сифатида 2021 йил 1 январь ҳолатига бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича асосий воситалар қиймати (шу санагача ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда) олинади.

2021 йил 1 январдан кейин ўтказилган қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олманг .

 

Вазият

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация меъёри 20%дан юқори

Енгил автомобилнинг дастлабки қиймати – 120 млн сўм.

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация меъёри – 25%.

Йиллик амортизация суммаси:

120 x 25% = 30 млн сўм.

Чегирмаларга фақат 24 млн сўмни (120 x 20%) киритиш мумкин.

6 млн сўмлик (30 – 24) фарқ – бу вақтинчалик фарқ бўлиб, у  ушбу йил учун фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажат ҳисобланмайди .

 

Вазият

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация меъёри 20% дан кам

Енгил автомобилнинг дастлабки қиймати – 120 млн сўм.

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация меъёри – 15%.

Йиллик амортизация суммаси:

120 x 15% = 18 млн сўм.

Чегирмаларга 18 млн сўмни киритамиз.

 

 

ЁММ харажатлари

Ёқилғи-мойлаш материаллари (бензин, газ, мой ва ҳ.к.) харажатлари, агар автотранспорт тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилса, жами даромаддан чегирилади.

Ҳужжатли тасдиқ сифатида йўл варақаси, ЭТТЮХ ва ёқилғи-мойлаш материалларини ҳисобдан чиқариш далолатномаси хизмат қилиши мумкин.

Товар-транспорт юкхатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби махсус Низом билан белгиланган.

Йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тартиби Вақтинчалик низом билан белгиланган. Ушбу Низом ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, автомобиль транспортида, шу жумладан халқаро юк ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларга татбиқ этилади. Бунда йўл варақаларининг электрон шаклига ўтиш қоғоз шаклидан фойдаланишни чекламаган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади.

Эътибор беринг

Автомобиль хизмат мақсадларида фойдаланилишини тасдиқлаш учун йўл варақасида транспорт воситасининг ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатишни тавсия этамиз. Ҳайдовчиларнинг километражни кўрсатган ҳолдаги мумкин бўлган йўналишларини йўналиш варақасида ёки раҳбарнинг буйруғи билан ҳам тасдиқлаш мумкин. Улар ташкилот фаолияти характерига мос келиши керак.

 

 

Техник кўрик ва суғурта харажатлари

Техник кўрик  ва транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш    қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Демак, бу харажатлар чегириладиган харажатлар ҳисобланади.

Харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар:

  • тўлов ҳужжатлари;
  • ўтказилган техник кўрик тўғрисидаги белги;
  • суғурта полиси.

Автотранспортни ихтиёрий суғурталаш харажатларини, агар сиз уларнинг иқтисодий жиҳатдан оқланганлигини асослаб берсангиз ва солиқ ҳисоби сиёсатида акс эттирсангиз, чегирмаларга киритиш мумкин.

 

Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари

Даврий техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг зарурлиги ва асосланганлиги эркин шаклда тузилган нуқсон далолатномаси билан ҳужжатлаштирилиши мумкин.

Қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар:

  • ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатиш далолатномаси (агар четдан ташкилотлар жалб қилинган бўлса);
  • ҳисобдан чиқариш далолатномаси (агар эҳтиёт қисмларни мустақил алмаштирган бўлсангиз).

 Агар автотранспорт тадбиркорлик мақсадида фойдаланилса, бу харажатларни ҳам чегириш мумкин.

 

Автомобиль хизмат мақсадларида фойдаланилмаса

Агар автомобилдан жисмоний шахс, масалан, ташкилот муассиси шахсий мақсадларда фойдаланса, фойдаланиш харажатлари – бу моддий наф тарзидаги жисмоний шахс даромадлари ҳисобланади .

Моддий наф тарзидаги даромадлар фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди .

 

 

 

Асосий воситалар Асосий воситалар Асосий воситалар /ru/publish/doc/text179681_foyda_soligi_hisob-kitobida_hizmat_avtomobiliga_harajatlar_hisobi