Ўзбекистонда 2024 йилда электрон ТТЮХ: расмийлаштириш бўйича қўлланма ва муҳим нозик жиҳатлар

preview

Диққат

Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2025 й. 168-сон қарори қабул қилинган, унда ЭҲФ ва ЭТТЮХ шаклларини ягона ҳужжатга бирлаштириш назарда тутилган.  Батафсил — материалда.

Янги ҳужжат шакли ҳозирча тасдиқланмаган. Buxgalter.uz таҳририяти воқеалар ривожини кузатиб бормоқда, у тасдиқланиши билан тезкор равишда хабар беради.

Барча муҳим янгиликлардан хабардор бўлиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Ўзбекистонда электрон ТТЮ (товар-транспорт юк хати) тизими ҳали ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш босқичида турибди. Ва ЭТТЮХ ҳақидаги қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар доим ҳам техник янгиликлар билан бир хил тезликда бўлмаяпти. Сиз доимо долзарб талаблардан хабардор бўлишингиз ва товар-транспорт юк хатлари билан ишончли ишлай олишингиз учун, биз амалдаги қоидаларни тушунишга ёрдам берадиган ва ишни соддалаштирадиган барча асосий жиҳатларни тўпладик. Ва албатта, биз ўзгаришларни кузатиб боришда давом этамиз ва ушбу қўлланмадаги маълумотларни янгилаб борамиз!

 

Материал 2024 йил 14 ноябрь ҳолатига кўра янгиланган.


Материалда: 

Ўзбекистонда ЭТТЮХни ким расмийлаштириши керак;
ЭТТЮХ нима учун керак;
ЭТТЮХни расмийлаштирмасдан юк жўнатиш мумкинми;
Ўзбекистонда 2024 йилда ТТЮни қоғозда расмийлаштириш мумкинми;
электрон шаклда расмийлаштирилган ТТЮни қоғозга чоп этиш керакми;
электрон ТТЮни расмийлаштириш муддати;
техник носозликлар юз берганда нима қилиш керак;
электрон ТТЮни қандай расмийлаштириш керак;
электрон ТТЮни қандай тўлдириш керак;
ЭТТЮХга тузатишлар киритиш мумкинми;
агар олувчи ЭТТЮХни имзолашдан бош тортса, нима қилиш керак;
ЭТТЮХни расмийлаштиришнинг алоҳида ҳолатлари:
      жисмоний шахсга товар етказиб бериш;
      товарни қайтариш;
      «алмаштириб ташишда» ташиш;
      буюртмачининг хомашёси ва қайта ишланган маҳсулотларни ташиш;
Ўзбекистонда ЭТТЮХ бўйича жавобгарлик;
электрон ТТЮ бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
ЭТТЮХ бўйича ресурслар;
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг режалари.

 

Ўзбекистонда ЭТТЮХни ким расмийлаштириши керак

Юкларни автомобиль ва темир йўл транспортида ёки ушбу транспорт турларининг бирикмасида ЭТТЮХни расмийлаштирмасдан ташиш тақиқланади. Бу қоида ЭТТЮХ тизимида бунинг учун техник имкониятлар пайдо бўлгандан кейин ҳаво ва сув транспортига ҳам татбиқ этилади  .

ЭТТЮХ юк ташиш учун ЭҲФ билан бир вақтда шакллантирилади  :

  • юк жўнатувчи томонидан – ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситаси билан;
  • юк олувчи томонидан – ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситаси билан;
  • экспедитор томонидан – ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситаси билан;
  • юк ташиш шартномаси асосида ташиш хизматларини кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс томонидан – ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситаси билан.

 

ЭТТЮХ нима учун керак

Электрон товар-транспорт юк хати – бу товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқариш, йўлда ҳисобга олиш, кирим қилиш, омборхона, оператив ва бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек юк ташиш учун ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатдир .

 

ЭТТЮХсиз юк жўнатиш мумкинми

Электрон товар-транспорт юк хати – бу юкларни кўчириш учун мажбурий ҳужжатдир.

ЭТТЮХни расмийлаштириш талаб этилмайдиган ҳолатлар мавжуд.

Хусусан, ЭТТЮХ қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилмайди:

  • кўчма савдода (фудтраклар, ғилдиракли дўконлар). Бу нуқталарни назорат қилиш учун K-savdo тизими қўлланилади, харидорларга эса онлайн-НКТ чеки албатта берилади;
  • агар буюртмачи сотувчидан товарни олиб, уни жамоат транспортида, шахсий автомобилда, транспортсиз ва автомобилсиз (қўлда) ва бошқа шу каби усулда олиб кетса. ЭТТЮХ фақат юкларни юк транспортида ёки юк ташиш бўйича ихтисослашган тадбиркорлик субъекти томонидан ташишда расмийлаштирилади;
  • халқаро юк ташишларда. Улар CMR юк хати билан расмийлаштирилади.

 

 

ТТЮни қоғозда расмийлаштириш мумкинми

ТТЮни икки ҳолатдан ташқари барча ҳолларда электрон тарзда расмийлаштириш керак.

ТТЮни қоғозда расмийлаштириш мумкин:

1) агар юк ташиш давлат сирига тегишли бўлса;

2) агар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келса. Амалиётда техник носозликлар деганда роуминг-операторнинг томонидаги носозликлар тушунилади. Улар, одатда, Солиқ қўмитасининг роуминг-оператор томонида носозликлар юзага келгани ёки техник ишлар олиб борилаётгани ҳақидаги расмий хабарлари билан тасдиқланади.

Эътибор беринг
Агар носозлик сизнинг электрон ҳужжат айланиши операторингиз томонида юзага келган бўлса, носозликлар пайтида исталган бошқа ЭҲА операторининг хизматларидан фойдаланишни тавсия этамиз.

 

Электрон шаклда расмийлаштирилган ТТЮни қоғозга чоп этиш керакми

Сиз электрон ТТЮни қоғозга чоп этишга мажбур эмассиз .

 

ЭТТЮХ расмийлаштириш муддати

Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом нормаларига кўра, сиз электрон товар-транспорт юк хатини жўнатиш кунида – ЭҲФ каби расмийлаштиришингиз керак. Буни юк жўнатишдан олдин қилган маъқул, токи контрагентингиз юкни қабул қилиш пайтида ҳужжатни тасдиқлай олсин.

Техник носозликлар юз берган тақдирда қоғоз ЭТТЮХни носозликлар бартараф этилгани ва тизим иши тикланганидан кейин 5 кун ичида электрон шаклда расмийлаштириш керак.

Вазият
Солиқ қўмитаси ўтган ойлар учун ЭТТЮХни расмийлаштириш имконияти ҳақида эълон қилди. Лекин ўтган даврлар учун ЭТТЮХни расмийлаштириш имкони йўқ, нима қилиш керак?
– Эслатиб ўтамиз, ЭТТЮХ 2024 йил 1 апрелдан йирик солиқ тўловчилар учун мажбурий бўлди. Йирик солиқ тўловчиларнинг етказиб берувчилари ҳам ЭТТЮХни аллақачон 1 апрелдан расмийлаштира бошлашган эди. 2024 йил 1 июлдан ЭТТЮХ барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий. Солиқ қўмитаси корхоналарга апрель–август ойлари учун ЭТТЮХни 1 сентябргача расмийлаштириш имкониятини берди. Агар сиз бу муддатда ЭТТЮХни расмийлаштиришга улгурмаган бўлсангиз, Солиқ қўмитасига ЭТТЮХни расмийлаштириш имкониятини очиб беришларини сўраб хат ёзиб кўришингиз мумкин. Эҳтимол, солиқчилар сизга ён босишар.
Вазият
Биз ҳисоб-фактураларни жўнатгандан кейин ҳафта давомида юборамиз. Энди биз ҳисоб-фактурани ТТЮ жўнатилганидан кейин дарҳол юборишимиз керакми?
– Сиз 14.08.2020 йилдаги ВМҚ-489-сонли қарорга мувофиқ товарларга ЭҲФни товарлар жўнатилган (топширилган) куни тақдим этишингиз шарт. ЭТТЮХ ҳам товар жўнатилишидан олдин расмийлаштирилади. Амалиётда айрим тадбиркорлик субъектлари ЭҲФни товар жўнатилган куни тақдим этмай, шу билан қонунчилик нормасини бузадилар. Бу йўналишда назорат кучайтирилиши тахмин қилиш мумкин. Солиқ қўмитаси ЭТТЮХ шаклларини электрон ҳисоб-фактуралар билан бирлаштиришни режалаштирмоқда. Тадбиркорлик субъектларига ҳозирданоқ ўз ишларини ташкил этишни қайта кўриб чиқиш ва қонунчиликка қатъий мувофиқ ҳаракат қилиш муҳим: ЭҲФни товар жўнатилишидан олдин тақдим этиш керак бўлади.
Вазият
ТТЮни жўнатиш учун қандай муддат белгиланган? Ҳисоб-фактуралардагидек тизим – кейинги ойнинг 10-санасигача амал қиладими?
– ЭТТЮХ ва ЭҲФ жўнатиш кунида расмийлаштирилиши керак. Сиз ЭҲФни 14.08.2020 йилдаги ВМҚ-489-сонли қарор талабларига мувофиқ тақдим этишингиз шарт.
Бироқ, айни вақтда ЭТТЮХ тизими шундай тузилганки, сизда 5 календарь кун ичида ЭТТЮХни жўнатиш санаси билан расмийлаштириш имконияти мавжуд. Масалан, 11 октябрда сиз 7–11 октябрь даври учун ЭТТЮХни расмийлаштиришингиз мумкин, 6 октябрь учун эса ЭТТЮХни расмийлаштира олмайсиз.

 

Техник носозликлар юз берганда нима қилиш керак?

1. Қоғоз шаклида ТТЮни расмийлаштириш.

2. Носозликлар бартараф этилганидан кейин 5 кун ичида маълумотларни электрон тизимга киритиш. ЭТТЮХ юк жўнатилган санада шакллантирилиши керак.

Амалиётда техник носозликлар деганда роуминг-оператор томонидаги носозликлар тушунилади. Улар, одатда, Солиқ қўмитасининг техник ишлар олиб борилаётгани ҳақидаги расмий хабарлари билан тасдиқланади. Агар носозлик сизнинг электрон ҳужжат айланиши тизими операторингизда юз берган бўлса, исталган бошқа ЭҲА операторининг хизматларидан фойдаланинг.

 

Ҳужжат намунаси

 

Электрон ТТЮни қандай расмийлаштириш керак 

Айрим электрон ҳужжат айланиши операторларининг сайтларида ҳали ЭТТЮХнинг иккала шакли мавжуд: кучини йўқотган эски шакл ва 21.12.2023 йилдаги ВМҚ-673-сонли қарорга мувофиқ янги шакл. «Янги» ёки «2» белгиси қўйилган, 21.12.2023 йилдаги ВМҚ-673-сонли қарор талабларига мос келадиган ЭТТЮХ шаклини танланг.

 

Тайёргарлик

Агар юкни харидор ёки у ёллаган ташувчи олиб кетаётган бўлса, дарҳол ҳайдовчи ва машина маълумотларини сўранг:

  • автомобилнинг (тиркама, ярим тиркаманинг) давлат рақами ва русуми;
  • ҳайдовчининг Ф.И.О. ва ЖШШИРи.

Агар сиз юк олувчи билан ҳайдовчи юк қабул қилиш ва топширишни тасдиқлаши ҳақида келишган бўлсангиз, қуйидагини ҳисобга олинг. Ҳайдовчининг телефонида SoliqUz мобиль иловаси ўрнатилган бўлиши керак. Ҳайдовчи ЭРИ олиши шарт эмас – имзолаш учун у Face ID орқали идентификациядан ўтади (иловада селфи орқали шахсни тасдиқлаш).

Агар сиз компания ижарага олган автомобилда юкларни жўнатмоқчи бўлсангиз, ижара шартномаси албатта нотариал тасдиқланган ва E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Агар сиз юкни темир йўл орқали жўнатаётган бўлсангиз, сизга вагоннинг рақами ва тури (ёпиқ, ярим очиқ, платформа, цистерна ва бошқалар) керак бўлади.

Вазият
Бизнинг МЧЖда битта ходим – директорнинг ўзи. МЧЖ балансида автотранспорт воситалари йўқ. Лекин директор яқинда ўзи учун автомобиль сотиб олди. ЭТТЮХни муаммосиз қандай расмийлаштириш мумкин?
– ЭТТЮХ юк автотранспортида ва ихтисослашган ташувчи компаниялар томонидан ташишларда расмийлаштирилади. Агар директор товарларни ташиш учун ўзининг шахсий автомобилидан фойдаланса, ЭҲФни расмийлаштириш етарли.
Buxgalter Proда автомобиль ижараси шартномасини солиқ органларида қандай ҳисобга қўйиш ҳақида қадамма-қадам йўриқномани ўқинг

Тавсиядан сиз қуйидагиларни билиб оласиз:

– автомобиллар ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш қоидалари;
– автомобиль ижараси шартномасини E-ijaraда қандай рўйхатдан ўтказиш керак;
– бу функционал SoliqUz мобиль иловасида қандай ишлайди;
– автомобиль ижараси шартномасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани қандай кўриш, унга ўзгартиришлар киритиш, автомобиль ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш мумкин.

Тавсияга ўтиш

 

ЭТТЮХни расмийлаштириш қоидалари

Эсда тутинг: 1 машина = 1 ЭТТЮХ.

Электрон ТТЮни ҳар бир юк олувчи номига алоҳида, ҳар бир транспорт тури бўйича расмийлаштириш керак.

Агар юк олувчилар бир нечта, лекин машина битта бўлса – ушбу машинани кўрсатган ҳолда бир нечта ЭТТЮХни расмийлаштирамиз.

Агар юк олувчи битта, лекин машиналар бир нечта бўлса – ушбу юк олувчи номига ҳар бир машина учун алоҳида ЭТТЮХни расмийлаштирамиз.

Агар ташишда бир нечта транспорт тури иштирок этса – ҳар бир транспорт тури учун ЭТТЮХни расмийлаштирамиз.

 

Ўзбекистонда ЭТТЮХни қандай тўлдириш керак

Ўз электрон ҳужжат айланиши операторингиз сайтида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг ва товар-транспорт юк хатини шакллантириш функционалини танланг.

Юк жўнатувчи томонидан ЭТТЮХни тўлдириш

1. Товар-транспорт юк хатининг тартиб рақами ва санасини киритинг. Ўз ЭТТЮХларингизнинг рақамлаш мантиқини ўзингиз танлашингиз мумкин.

2. Ташиш турини танланг: «Омбордан омборга» ёки «Сотувчидан харидоргача» ёки «Қайта ишлашга».

Ташиш вариантлари: 

  • ўз омборингиздан ўз дўконингизга жўнатаётган бўлсангиз – «Омбордан омборга»ни танланг ва юк олувчи омбори сифатида дўкон манзилини кўрсатинг;
  • ўз омборингиздан олди-сотди шартномаси асосида дўконга жўнатаётган бўлсангиз – «Сотувчидан харидоргача»ни танланг ва етказиб бериш манзили сифатида дўкон манзилини кўрсатинг;
  • ўз омборингиздан комиссия шартномаси асосида дўконга жўнатаётган бўлсангиз – «Қайта ишлашга топшириш»ни танланг ва етказиб бериш манзили сифатида комиссионер-дўкон манзилини кўрсатинг;
  • буюртмачининг хомашёсини қайта ишлашга жўнатаётган бўлсангиз – «Қайта ишлашга топшириш»ни танланг;
  • қайта ишланган маҳсулотни буюртмачига қайтараётган бўлсангиз – «Қайта ишлашга топшириш»ни танланг.

3. «Сотувчидан харидоргача» ташиш тури учун:

1) товар олди-сотди шартномасининг рақами ва санасини киритинг;

2) транспорт турини танланг: автомобиль, темир йўл. Ҳозирча Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида ҳаво транспортидаги авиаташишларда ЭТТЮХ расмийлаштирилмайди. Бу транспорт тури Низомга мувофиқ сув транспорти каби қўшилиши керак;

3) «Юк жўнатувчи» майдонида ўз номингиз ва СТИРингизни кўрсатинг;

4) «Юк олувчи» майдонида юк олувчининг номи ва СТИРини кўрсатинг.

Агар ташиш тури – «Омбордан омборга» бўлса (юк жўнатувчи юк олувчи ҳисобланади):

1) «Юк етказиб берувчи» катакчасида юк етказиб берувчининг номи ва СТИРини кўрсатинг;

2) агар юкни экспедитор ташиётган бўлса, «Мижоз»нинг СТИРини, шунингдек «Шартнома рақами ва санаси» жойини тўлдиринг;

3) «Юк ташувчи» катакчасида юк ташувчининг номи ва СТИРини кўрсатинг;

4) «Буюртмачи»нинг СТИРини, шунингдек юк ташувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, юкни юридик шахс ёки жисмоний шахс (юк жўнатувчи, юк олувчи ва экспедитордан ташқари) юк ташиш шартномаси асосида ташиётган бўлса «Шартнома рақами ва санаси» қаторларини тўлдиринг.

«Экспедитор» (ўз хоҳишингизга кўра тўлдирилади, тўлдирмаслигингиз ҳам мумкин) – бу юкларни ташишни ташкил этувчи. У ўзи юк ташувчи бўлиши ёки бошқа юк ташувчини ёллаши мумкин.

«Буюртмачи» (ўз хоҳишингизга кўра тўлдирилади, тўлдирмаслигингиз ҳам мумкин) – бу ташишни буюртма қилувчи ташкилот. Тизимда буюртмачи сифатида фақат экспедиторни кўрсатиш мумкин.

«Мижоз» (ўз хоҳишингизга кўра тўлдирилади, тўлдирмаслигингиз ҳам мумкин) – бу ташиш учун тўловни амалга оширувчи ташкилот. Мижоз юк жўнатувчи ёки юк олувчи бўлиши мумкин.

4. Транспорт воситалари ҳақида маълумотларни кўрсатинг (автомобиль, тиркама, ярим тиркаманинг давлат рақами ва русуми, вагоннинг рақами ва тури (ёпиқ, ярим очиқ, платформа, цистерна ва бошқалар), ҳаво кемасининг рақами ва русуми, кема рақами ва санаси).

5. Ҳайдовчи ва юк етказиб берувчи масъулининг маълумотларини кўрсатинг (Ф.И.Ш. ва ЖШШИР).

6. «Юклаш манзили» ва «Етказиб бериш манзили» қаторларини тўлдиринг.

7. Юклаш ва етказиб бериш манзиллари орасидаги оралиқ масофани (км) кўрсатинг.

8. ЭТТЮХ шаклининг жадвал қисмини ташилаётган юк ҳақидаги маълумотлар билан тўлдиринг:

  • «Товарларнинг тартиб рақами»;
  • «Товарларнинг номи»;
  • «Ягона электрон миллий товарлар каталоги бўйича товарларнинг идентификация коди ва номи»;
  • «Ўлчов бирлиги»;
  • «Миқдори»;
  • «Нархи»;
  • «Етказиб бериш қиймати (ҚҚСсиз)»;
  • «Юк ташиш нархи»;
  • «Оғирлиги (брутто, нетто, тоннада)» – бу майдонни тўлдирмаса ҳам бўлади.
Вазият
Менда масофа ва ташиш қиймати ҳақида маълумот йўқ. Нима қилиш керак?
– Агар юк ташувчи – сиз ўзингиз ёки сизнинг буюртмачингиз бўлса (юк ташувчи юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчи билан бир хил бўлса), масофа майдонига ҳозирча «0» кўрсатиш мумкин. Бошқа барча ҳолларда тахминий масофани кўрсатиш мумкин.
1 км учун ташиш қийматини ҳам ҳозирча тахминан кўрсатиш мумкин. Агар юк жўнатувчи бир вақтнинг ўзида экспедитор ва юк ташувчи бўлса, 1 км учун ташиш қиймати сифатида «0» кўрсатиш мумкин. Етказиб беришнинг умумий қиймати автоматик равишда ҳисобланади.

9. Юкни юклаш ва етказиб бериш манзиллари графаларини тўлдиринг. Қўшимча юклаш ёки етказиб бериш манзиллари «+» қўшиш тугмасини босиш орқали қўшилади. Масалан, сиз аввал юкни бир нуқтагача жўнатасиз, у ерда у бошқа машинага қайта юкланади ва иккинчи нуқтагача етказилади. Иккита ТТЮ расмийлаштиринг: биринчисида - етказиб бериш манзили сифатида қайта юклаш нуқтасини кўрсатинг, иккинчисида - охирги нуқтани кўрсатинг.

Агар юк комитент манфаатларида воситачилик хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ шартнома (воситачилик ёки топшириқ шартномаси) асосида жўнатилса, воситачи (ишончли вакил) юк қабул қилувчи учун ТТЮни шакллантиради ва шакл жадвал қисмининг 1-устунига қўшимча устунларни киритади:

  • 1а – «Комитент (юк эгаси)нинг номи»;
  • 1б – «Комитент (юк эгаси)нинг СТИРи»;
  • 1в – «ҚҚС рақами».

Диққат

Агар темир йўл транспортида ташиш учун ЭТТЮХни расмийлаштираётган бўлсангиз, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан ажратилган вагоннинг ID-рақамини шаклга киритиш кифоя. Шундан сўнг вагоннинг ID-рақами асосида ЭТТЮХ майдонлари қуйидаги маълумотлар билан автоматик равишда тўлдирилади: юкни жўнатувчи ва юкни олувчи; юк ортиш ва юк тушириш манзиллари (бекатлар); вагон тури ва рақами; юк (товар номи, миқдори); етказиб бериш масофаси; етказиб бериш қиймати.

 

Юкни етказиб бериш учун масъул шахс (ҳайдовчи) томонидан ЭТТЮХни тасдиқлаш

Бугунги кунда юкни етказиб бериш учун масъул шахс (ҳайдовчи) ЭТТЮХни тасдиқлаши шарт эмас. Юк жўнатувчи ва юк ташувчи ҳайдовчи товарни қабул қилиш ва топширишни тасдиқлаши ҳақида келишиб олишлари мумкин. Ҳайдовчи буни SoliqUz мобил иловаси ёрдамида амалга оширади.

 

Юк қабул қилувчи томонидан ЭТТЮХни тасдиқлаш

Юк қабул қилувчи ЭТТЮХни тасдиқлаши ёки маълумотларда хатоликлар аниқласа, уни рад этиши мумкин. Юк жўнатувчи хатоларни тузатгандан сўнг, юк қабул қилувчи ЭТТЮХни тасдиқлаши мумкин.

 

 

ЭТТЮХга тузатишлар киритиш мумкинми

Юк жўнатувчи, ҳайдовчи ва юк қабул қилувчи ЭТТЮХни тасдиқлаётганда киритилган маълумотларни диққат билан текширишлари керак. Ҳужжатни имзолашдан олдин хатоларни тузатиш керак. Агар ҳайдовчи ва юк қабул қилувчи хатоларни топса, улар юк жўнатувчи хатони бартараф этгунга қадар ЭТТЮХни рад этишлари керак.

Ташиш иштирокчиларининг барчаси ЭТТЮХни имзолагандан сўнг, унга тузатишлар киритиш имконсиз бўлади.

Вазият
ЭТТЮХда хатолар топилди. Тузатилган ЭТТЮХни тузатилган ЭҲФга ўхшаб чиқариш мумкинми?
– Тузатилган ЭТТЮХни чиқариш имконияти кўзда тутилмаган, чунки бу ҳужжатнинг моҳиятига зид келади.
Вазият
Ҳисоб-фактура бекор қилинди. Ҳайдовчи томонидан имзоланган ЭТТЮХни бекор қилиш мумкинми?
– Йўқ, техник жиҳатдан ЭТТЮХни бекор қилиб бўлмайди. Лекин юк қабул қилувчи ЭТТЮХни имзолашни рад этиши ва сабабини кўрсатиши мумкин. Сиз тўғри ЭҲФ чиқарганингиздан ва ЭТТЮХга тузатишлар киритганингиздан сўнг, у уни имзолайди.

 

Қабул қилувчи ЭТТЮХни имзолашдан бош тортса, нима қилиш керак

Бу юк қабул қилувчининг мажбурияти Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Юк қабул қилувчи томонидан тасдиқланмаган  ЭТТЮХ расмийлаштирилиши тугалланмаган ҳужжат ҳисобланади. Бунинг учун ҳозирча жарималар кўзда тутилмаган.

Вазият
Бизнинг корхонада юк қабул қилувчи томонидан имзоланмаган кўплаб ЭТТЮХлар мавжуд. Улар билан нима қилиш керак? ЭТТЮХ ЭҲФда бўлгани каби 10 кундан кейин тасдиқланган ҳисобланадими?
– Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига мувофиқ, юк қабул қилувчи юк ташиш тугаганидан сўнг ЭРИ ёрдамида ЭТТЮХни имзолаши шарт. Шунингдек, у хатоларни топса, сабабини кўрсатган ҳолда ҳужжатни рад этиши мумкин. Агар юк қабул қилувчи хатоларни аниқласа, юк жўнатувчи уларни тузатиши шарт. Шундан сўнг юк қабул қилувчи ЭТТЮХни тасдиқлаши керак. Юк қабул қилувчининг имзосисиз ҳужжат тугалланмаган ҳисобланади.
Шунингдек, ЭТТЮХни етказиб бериш учун масъул шахс, кўпинча бу - ҳайдовчи имзолаши керак. Аммо амалиётда кўпинча техник қийинчиликлар юзага келади, шунинг учун бу босқич мажбурий эмас қилиб қўйилди.
Имзоланмаган ЭТТЮХ тасдиқланган деб ҳисобланадиган белгиланган муддат йўқ. Муҳими, юк қабул қилувчи юкни қабул қилиш фактига кўра ЭТТЮХни имзоласин.
Ҳозирги вақтда қоидаларни бузганлик учун жарималар кўзда тутилмаган, лекин компанияларга келажакда эҳтимолий даъволардан қочиш учун ўз жараёнларини йўлга қўйиш тавсия этилади.
Юк келди, лекин ЭҲФ ва ЭТТЮХни рад этган бўлсангиз, нима қилиш керак?

Амалиётда товар сизга аллақачон етиб келган, лекин сиз ЭҲФ ва ЭТТЮХни рад этган вазиятлар бўлиши мумкин. Масалан, сотувчи жўнатишда машинага 100 та шиша банка юклади, 10 та банка ташиш жараёнида синди, харидорга 90 таси етиб келди. Харидор унга чиқарилган ЭТТЮХ ва ЭҲФни рад этди.

Ҳисоб-фактура ва товар-транспорт юк хати йўқлигига қарамай, харидор келган товарларни қабул қилиши шарт. Ҳозирча бухгалтер товарни ҳисоб-китоб бирламчи ҳужжатларисиз ҳисобга олиши керак.

Буни қандай қилиш бўйича батафсил йўриқнома Buxgalter Proнинг «Фактураланмаган етказиб бериш қандай расмийлаштирилади» тавсиясида мавжуд.

 

ЭТТЮХни расмийлаштиришнинг алоҳида вазиятлари

Товар жисмоний шахсга етказиб берилганда

ЭТТЮХни расмийлаштириш Сиз товарларни жисмоний шахсларга ташкилот автомобилида ёки юк ташувчини жалб қилган ҳолда сотиб, етказиб берганингизда, бир томонлама электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштиринг.

Агар товарлар бир автомобилда бир нечта жисмоний шахсга турли манзилларга етказиб берилса, ЭТТЮХни қуйидагича расмийлаштиринг:

  1. ТТЮ тури: «Стандарт»ни танланг.
  2. Ташиш тури: «Сотувчидан харидоргача»ни кўрсатинг.
  3. «Юк қабул қилувчи» блокида «Бир томонлама ҳужжат»ни белгиланг.
  4. «Экспедитор», «юк ташувчи», «мижоз» ва «буюртмачи» майдонлари учун маълумотларни тўлдиринг.
  5. Транспорт, ҳайдовчи ва юкни етказиб берувчи масъул шахс ҳақида маълумотни кўрсатинг.
  6. Юклаш манзили (товар қаердан олинади) ва етказиб бериш манзили (товарлар қаерга етказиб берилади)ни киритинг.
Эътибор беринг

Агар бир автомобиль бир нечта жисмоний шахсга товарларни етказиб берса, ЭТТЮХ бир марта расмийлаштирилади. Унда ҳар бир товар ва барча юк қабул қилувчиларнинг манзилларини кўрсатиш керак.

Агар автомобиль кун давомида бир неча рейс бажарса, ҳар бир рейс учун барча юклаш ва тушириш манзилларини кўрсатган ҳолда алоҳида ЭТТЮХ расмийлаштириш керак.

Агар харидор товарни ўз автомобилида олиб кетса, ЭТТЮХни расмийлаштириш шарт эмас.

 

Товарни қайтаришда ЭТТЮХни расмийлаштириш

Товар қайтарилганда, ЭТТЮХни қайтариш пайтида унинг эгаси бўлган шахс расмийлаштиради. Агар ЭҲФ аллақачон тасдиқланган бўлса, товар эгаси – харидор, шунинг учун у ЭТТЮХни расмийлаштиради.

ЭТТЮХда товарни қайтариш санасини кўрсатинг, «Ташиш тури» майдонида «Сотувчидан харидоргача» вариантини танланг. Тегишли майдонларга шартнома санаси ва рақамини киритинг.

Товарни қайтараётган харидор юк жўнатувчи ролида, товар қайтарилаётган сотувчи эса – юк қабул қилувчи ролида чиқади. Экспедитор, юк ташувчи, мижоз, буюртмачи ва юкни етказиб берувчи масъул шахс сифатида ҳақиқий ижрочиларни кўрсатинг.

Юклаш манзили – бу товарни қайтараётган харидорнинг манзили, етказиб бериш манзили эса – товар қайтарилаётган сотувчининг манзили.

ЭТТЮХ жадвалида қайтарилаётган товарларни кўрсатиш керак. Агар харидор олдин олган барча товарларни қайтарса, маълумотлар уларни етказиб беришда расмийлаштирилган ЭТТЮХ билан мос келиши керак. Агар товарнинг фақат бир қисми қайтарилса, фақат қайтарилаётган позицияларни, шунингдек уларнинг миқдори, нархи ва бошқа хусусиятларини кўрсатинг.

 

Buxgalter Proда сиз алоҳида ҳолатлар бўйича эксперт тушунтиришларини топасиз:

 

Йўлда юк бошқа транспортга қайта юкланса, ЭТТЮХни расмийлаштириш

ЭТТЮХ юк жўнатувчи томонидан ҳар бир юк қабул қилувчи номига ҳар бир транспорт алоқаси бўйича алоҳида тузилади . Қайта юклаш пайтида юк жўнатувчи деб юкни қайта юклаш нуқтасигача етказиб берган компания ҳисобланади. Агар қайта юклаш нуқтаси битта бўлса, иккита ЭТТЮХ расмийлаштириш керак бўлади: биринчиси – қайта юклаш нуқтасигача, иккинчиси – харидоргача.

Ташувчи сифатида ишни амалга оширадиган ташкилотни кўрсатинг.

 

 

Давал хом ашё, кейин эса қайта ишлаш маҳсулоти ташилганда ЭТТЮХни расмийлаштириш

2024 йил августидан Солиқ қўмитаси тизимга «Қайта ишлашга топшириш» ташиш турини жорий қилди.

Ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ЭТИТЮХни тўғри расмийлаштириш тартиби қуйидагича:

1. Давал хом ашёсини ташиш

  • Ташиш тури – «Қайта ишлашга топшириш»;
  • юк жўнатувчи – қайта ишлаш учун хом ашёни топширувчи ташкилот;
  • юк қабул қилувчи – қайта ишловчи корхона;
  • юклаш манзили – хом ашёни жўнатаётган компания омбори;
  • етказиб бериш манзили – қайта ишлаш учун хом ашёни қабул қилаётган корхона омбори.

2. Қайта ишлаш маҳсулотини буюртмачига етказиб бериш

  • Ташиш тури – «Қайта ишлашга топшириш»;
  • юк жўнатувчи – қайта ишловчи корхона;
  • юк қабул қилувчи – дастлаб хом ашёни қайта ишлашга топширган ташкилот;
  • юклаш манзили – қайта ишловчи корхона омбори;
  • етказиб бериш манзили – хом ашё ва тайёр маҳсулотга эгалик қилувчи компания омбори.

 

Давал хом ашёсини ҳисобга олишда хатолардан қочишни хоҳлайсизми? Buxgalter Pro тавсияларида барча нозик жиҳатларни билиб олинг:

 

ЭТТЮХ бўйича жавобгарлик

Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом юкни автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув транспортида ёки бу транспорт турларининг йиғиндисида ташишда юк жўнатувчи томонидан юкларни тақдим этиш, шунингдек юк етказиб берувчи (юк ташувчи) томонидан расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хатисиз ташиш учун қабул қилиш тақиқланишини назарда тутади (Низомнинг 17-б.).

СКнинг 223-моддасига кўра, товарга кузатув ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ёки сохта ҳужжатлар бўйича юкларни ташиш солиқ базасини яшириш (камайтириш) деб ҳисобланади. Бу солиқ ҳуқуқбузарлиги яширилган (камайтирилган) солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

2024 йил 4 июлда тадбиркорлар билан учрашувда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ЭТТЮХни нотўғри расмийлаштирганлик учун бир йил давомида жарима солинмаслигини маълум қилди.

Вазият
Етказиб берувчи 1 апрелдан ЭТТЮХсиз ҳисоб-фактура чиқарди. Материал аллақачон бизнинг омборимизда. Биз харидор сифатида бу ҳисоб-фактурани ЭТТЮХсиз қабул қилганимиз учун жавобгар бўламизми?
– 2024 йил 4 июлда тадбиркорлар билан учрашувда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ЭТТЮХни нотўғри расмийлаштирганлик учун бир йил давомида жарима солинмаслигини эълон қилди. Аммо бундан кейин сизга қонунчилик доирасида ишлашни маслаҳат берамиз: юкни фақат расмийлаштирилган ЭТТЮХ билан қабул қилинг.
Вазият
ЭТТЮХсиз ҳисоб-фактура юбордим. Бунинг оқибатлари нима бўлиши мумкин ва ЭТТЮХни юбориб, кейин тузатилган ҳисоб-фактурани юбориш мумкинми?
– Солиқ қўмитаси ўтган даврлар учун ЭТТЮХни расмийлаштириш имкониятини уч марта очган эди – охирги марта 2024 йил 1 сентябргача. Муддат аллақачон ўтиб кетгани учун Солиқ қўмитасига сизга индивидуал равишда бундай имконият бериш илтимоси билан хат юборишингиз мумкин. Агар ЭҲФдаги маълумотлар тўғри бўлса, тузатилган ЭҲФ чиқаришнинг ҳожати йўқ. Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси раиси эълон қилганидек, ЭТТЮХни нотўғри расмийлаштирганлик учун бир йил давомида жарима солинмайди.

 

Электрон ТТЮ бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар

  • 02.08.2021 йилдаги ВМҚ-483-сонли қарори;
  • 21.12.2023 йилдаги ВМҚ-673-сонли қарори;
  • Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (28.04.2021 й.ВМҚ- 249-сонли қарорга 3-1-илова).

 

ЭТТЮХ бўйича ресурслар

Солиқ қўмитасининг Телеграмдаги гуруҳи – «Товар-транспорт юк хати (ДСҚ)»

ЭТТЮХ бўйича Buxgalter Pro тавсиялари

Вебинарлар ёзувлари:

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг режалари

Тадбиркорлик субъектларининг таклифларидан келиб чиқиб, Солиқ қўмитаси ЭТТЮХ тизимини оптималлаштиришни давом эттирмоқда. Уни такомиллаштириш натижалари бўйича Электрон шаклдаги товар-транспорт юк хатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилиши керак.

ЭТТЮХни расмийлаштириш функционали нафақат автомобиль ва темир йўл транспортидаги ташишлар учун, балки авиаташишлар учун ҳам ЭТТЮХ тузиш имконини беради, деб кутилмоқда.

Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевнинг сўзларига кўра, ТТЮни электрон ҳисоб-фактуралар билан бирлаштириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Ҳозирги вақтда баъзи электрон ҳужжат айланиши операторларида бундай функция аллақачон амалга оширилган. ЭТТЮХни расмийлаштириб, сиз «ЭҲФни шакллантириш» тугмасини босасиз. Ва ҳисоб-фактура товар-транспорт юк хати маълумотлари асосида шакллантирилади. Сизга фақат бир неча майдонни тўлдириш қолади.

 

 

 

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text203333_uzbekistonda_2024_yilda_elektron_ttyuh_rasmiylashtirish_buyicha_qullanma_va_muhim_nozik_jihatlar