Полезное для бухгалтера в ноябре:
Жадал амортизацияни қўллаш тартиби
2022 йил 27 январь куни “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди . Унинг бандларидан бири билан 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларига (хостеллар, отеллар ва ҳ.к.) фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда биноларнинг қийматини 2 йил давомида амортизация сифатида чегириладиган харажатлар жумласига киритиш ҳуқуқи берилди.
Ушбу преференцияни қандай қўллашни buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:
– Масалан, агар 2022 йилда солиқ тўловчи меҳмонхона ёки бошқа жойлаштириш воситасини фойдаланишга киритса, у 2 йил давомида уларнинг қийматини чегириладиган харажатлар жумласига киритиши мумкин . Бунда бинонинг майдони аҳамиятга эга эмас.
Ушбу преференция нафақат 2022 йилда ва ундан кейинги йилларда, балки 2022 йилга қадар фойдаланишга киритилган бинолар учун амал қилади.
Қандай ҳисоблаб чиқилади
Фойда солиғи ҳисоб-китоби мақсадларида амортизация 2 йил давомида ҳисобланади. Биринчи йилда бино қийматининг 50%ини амортизация қилиш ва қўшимча тарзда инвестициявий чегирмани қўллаш мумкин, бу яна 10%ни ташкил қилади . Яъни биринчи йилда бино қийматининг 60%ини бир йўла чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Иккинчи йилда 40% қолади (100 - 50 - 10), уни ҳам чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Инвестициявий чегирмани қўллашда амортизация чегириладиган давр ҳатто 2 йилдан кам бўлади. Инвестициявий чегирмасиз амортизация 2 йил давомида харажатларга киритилади.
Масалан, агар бино 2022 йил март ойида фойдаланишга киритилган бўлса, амортизацияни 2022 йил мартдан бошлаб, 2023 йилда ва қийматининг қолдиғини - 2024 йил бошида чегириш мумкин бўлади.
Агар жадал амортизация “солиқ зарари”га олиб келса
Йилига 50% бўйича амортизацияни чегириш “солиқ зарари” ҳосил бўлишига олиб келади. Уни солиқ базасининг бутун суммаси доирасида муддати чекланмаган ҳолда келгуси солиқ даврига ўтказиш мумкин .
2022 йилдан бошлаб зарарларни 10 йил мобайнида ва солиқ базасининг 60%идан кўп бўлмаган миқдорда келгуси даврларга ўтказиш бўйича чеклов бекор қилинди. Яъни солиқ тўловчи жадал амортизация ҳисобига анча вақт мобайнида фойда солиғини тўламаслиги мумкин. Бу жуда яхши, жиддий тежашдир.
Ушбу вақтинчалик фарқ эртами кечми тугайди, солиқ фойдаси ҳосил бўлади ва солиқ тўловчи фойда солиғини тўлашни бошлайди.
Бухгалтерия ҳисобида нима бўлади
ПҚ-104-сон қарорда жадал амортизация фақат солиқ солиш мақсадларида назарда тутилган ва бухгалтерия ҳисоби мақсадларида амортизация ҳисоблашга дахл қилмайди. Яъни амортизация солиқ тўловчи ўзининг ҳисоб сиёсатида бухгалтерия ҳисоби мақсадларида назарда тутган нормалар бўйича ҳисобланади.