Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Маркетплейс ва тўлов иловалари онлайн-НКМ тизимига интеграция қилинади
Маркетплейс орқали сотувлар энди солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг менюсида ва айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида автоматик тарзда акс эттирилади. Ушбу қурилма қандай тузилганлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги “Yangi texnologiyalar” ИАМ бўлим бошлиғи Элнор ФОЗИЛОВ сўзлаб берди:
– Электрон савдо платформалари (маркетплейс), турли тўлов тизимлари, банк тўлов иловалари ва интернет-дўконлар масофадан туриб тўловларни қабул қилиш ёки ўтказиш чоғида электрон чек беради. ПҚ-5252-сон қарорнинг 5-бандига асосан ушбу чекларда ҳам солиқ органлари ахборотлар тизимлари томонидан генерация қилинган фискал белги акс эттирилиши керак. Бўнак тўловлари ва бўлиб-бўлиб тўлашни (кредитни) сўндириш чеклари бундан мустасно.
Моҳиятига кўра, бу мазкур чеклар ҳақиқатда онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларига тенглаштирилишини англатади. Ҳозирги вақтда биз ушбу технологияларни жорий қилиш босқичидамиз.
– Click ва PayME тўлов тизимларининг мобиль иловаларидан жойларда тўловни амалга ошириш учун фаол фойдаланилмоқда. Масалан - супермаркетлар, дорихоналар, бренд дўконларида тўлов учун. Бу ҳолларда сотувчи онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини беради. Бунда солиқлар бўйича ҳисоботларда суммалар “иккиланмайдими”?
– “Иккиланмайди”. Электрон тўлов тизимларида иккита тушунча мавжуд: жойларда тўловни амалга ошириш ва масофадан туриб ҳисоб-китоб қилиш.
Жойларда тўловни амалга оширишда ҳаммаси илгаридек тарзда қолади. Яъни сотувчи харидорга банк картаси (терминал) ёрдамида ҳисоб-китобда бўлгани каби онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини бериши шарт. Баъзи сотувчилар бундай чекларда ҳатто қўшимча тарзда ҳисоб-китоб амалга оширилган тўлов тизимини кўрсатадилар. Ушбу ҳисоб-китоблар бўйича суммалар my.soliq.uz да сотувчининг шахсий кабинетида “Касса чеклари бўйича тушумлар”да, солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда эса - “Товарларни (хизматларни) онлайн-НКМ орқали реализация қилиш” сатрида акс эттирилади.
Сизга эслатиб ўтаман: товарлар ва хизматлар учун тўловларни маблағларни харидорнинг картасидан тадбиркорлик субъектининг картасига ўтказиш йўли билан қабул қилиш тақиқланади. Тўловларни тўлов иловалари орқали қабул қилиш учун тадбиркор тўлов тизими билан тегишли шартнома тузиши керак.
Масофадан туриб ҳисоб-китобларни амалга ошириш деганда, асосан сотувчи ва харидорнинг бевосита учрашишини назарда тутмайдиган вазиятларда тўловни амалга ошириш тушунилади. Мисол учун - коммунал хизматлар, телефон ва уяли алоқа, интернет, телевидение ва ҳоказолар хизматлари учун тўлов. Қонунга мувофиқ, илгари ҳам ушбу ҳолларда хизматларни етказиб берувчилар онлайн-НКМ чекларини беришлари керак бўлган. Бироқ техник жиҳатдан буни амалга оширишнинг имкони бўлмаган. Мижоз мобиль иловадан транзакция чекини олган.
Энди ушбу чеклар онлайн-НКМ чекига тенглаштирилади. Хусусан, уларда мажбурий тартибда (бўнак тўловлари ва бўлиб-бўлиб тўлашга/кредитга ҳисоб-китоблар бундан мустасно) онлайн-НКМ тизимида генерация қилинадиган фискал белги ва QR-код акс эттирилади. Шу туфайли мазкур суммалар етказиб берувчининг солиқ бўйича Ҳисоб-китобидан - “Market place орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш” сатридан автоматик тарзда ўтади.
– Қоидага кўра, маркетплейс ва тўлов иловалари - бу воситачилар бўлиб, улар ўз товарларини сотмайди ва ўзлари хизмат кўрсатмайди, балки ҳақ эвазига ахборот тизимлари ёрдамида улар учун тўловни амалга ошириш имкониятини тақдим этади. My.soliq.uz да қайси тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетида маркетплейс орқали сотиш чеклари акс эттирилади?
– Улар фискал маълумотлар операторига чекни жўнатган, унга фискал модуль рўйхатдан ўтказилган ташкилотнинг шахсий кабинетида акс эттирилади. Ҳаммаси худди ҳисоб-китоб онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида амалга оширилгандек бўлади.
Бу ерда суммалар тўғри акс эттирилишини кузатиб бориш муҳимдир. Чекда воситачилик шартномаси бўйича сотилган товарнинг бошқа реквизитлари орасида, комитентнинг СТИРи кўрсатилган бўлиши керак. Бунда комитент my.soliq.uz даги ўзининг шахсий кабинетида ўз воситачиларининг рўйхатига маркетплейс ёки тўлов иловасига эгалик қилувчи ташкилотни киритиши керак. Бу “Ташкилотнинг воситачилари рўйхатини шакллантириш” интерактив хизмати ёрдамида амалга оширилади. Акс ҳолда барча сумма сотишдан олинган тушум сифатида воситачида акс эттирилади.
Комитент (товарни сотаётган ташкилот) тушумни фақат солиқ бўйича Ҳисоб-китобда - “Market place орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш” сатрида кўради. Маълумотларни ҳар бир чек кесимида кўриш имконияти ҳозирча йўқ.
– Телевидение ва интернет-провайдерлар хизматларига тўлов учун, бир нечта тизимларда амалга оширилган тўлов учун берилган янгиланган чекларни кўриб чиқдим. Реквизитларда фақат фискал белги ва QR-код янгилик экан ва улар ҳам ҳаммада эмас. Агар ушбу чеклар энди онлайн-НКМ чекларига тенглаштирилса, улар онлайн-НКМ чеклари учун белгиланган реквизитларнинг тўлиқ рўйхатини ўз ичига олиши керакми?
– Ҳа, харидорлар ва сотувчилар ўртасида масофадан туриб амалга оширилган ҳисоб-китоблар факти бўйича берилган маркетплейснинг электрон чеклари онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чеклари учун мажбурий бўлган барча реквизитларни ўз ичига олиши керак.
Ҳар бир реквизит солиқ органларининг ахборот тизимларида маълумотлар тўғри қайта ишланиши, хусусан - солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда реализация тўғри акс эттирилиши учун ўз қийматига эга.
Тўғри таъкидланганидек, ҳозирча электрон транзакциялар чеклари онлайн-НКМ чекларининг ҳамма реквизитларини ҳам ўз ичига олмаган. Гап шундаки, биринчи босқичда солиқ органларининг ахборот тизимлари ва тўлов тизимларини интеграциялаш вазифаси қўйилганди. Фискал маълумотлар операторига - бозорда Payme, Click, Apelsin, Oson, Upay, Pay Way, Paynet, Multicard каби машҳур савдо русумлари билан тақдим этилган жами 84 та шундай ташкилотлар уланган. Уларнинг сони ошиб бормоқда.
Параллел равишда уларнинг чеклари босқичма-босқич онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларига қўйиладиган талабларга мувофиқ келтирилмоқда.
– Ҳисоб-китобларда имтиёзли товарларни тўғри акс эттириш, онлайн-НКМ тизими чеклари маълумотларига тўғри тузатиш киритиш my.soliq.uz даги шахсий кабинетларнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизмати билан узвий боғлиқдир. Ушбу функционални маркет-плейс чекларига нисбатан ҳам қўлласа бўладими?
– Албатта, ушбу барча имкониятлар онлайн-НКМ учун мавжуд функционал доирасида ёки махсус ечимлар ёрдамида - маркетплейс учун ҳам рўёбга чиқарилади. Ҳозирча фақат ишлаб чиқарувчи ва ташкилотдан қатъи назар, товарларга татбиқ қилинадиган имтиёзни, яъни - МХИКга боғланган имтиёзни қўллаш бўйича функционал ишлаяпти. Бироқ фақат тўлов тизими ўз чекларида тўғри МХИКни акс эттирган тақдирда ишлайди.
Маркетплейс билан ишлашда биринчи навбатдаги вазифалардан бири - воситачилик савдосида, бўнак тўловларига ва кредит бўйича ҳисоб-китобларга чекларни тўғри шакллантириш ва беришни йўлга қўйиш.
– Мижозлар билан масофадан туриб ҳисоб-китоб қилишда маркетплейс ва электрон тўловлар тизими хизматларидан фойдаланувчилар ўтиш даврида солиқ бўйича Ҳисоб-китобни қандай топширади? Хусусан - апрель ойи учун?
– Зарурат бўлганда, барча суммалар солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда тўғри акс эттирилиши учун солиқ органлари манзилли ёрдам кўрсатади. Сизда юзага келаётган муаммолар ва фикр-мулоҳазалар ҳақида қуйидаги тарзда хабар бериш мумкин:
- “Тадбиркор ва Солиқчи” гуруҳига;
- my.soliq.uz да солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетлари орқали.
Онлайн-НКМ тизими, шу жумладан маркетплейс орқали реализация қилиш бўйича йиғма ахборот солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Тушумлар бўйича ҳисобот” менюсида мавжуд.
Манбага қаранг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади