Солиқ ва Божхона кодексларига тузатишлар муҳокама қилинмоқда

preview

ҚҲТБТда Президентнинг сўнгги фармонлари ва қарорлари, шунингдек 2022 йил 4 мартдаги видеоконференция баённомасига мувофиқ Божхона ва Солиқ кодексларига тузатишлар муҳокама қилинмоқда. Киритилаётган ўзгартиришлар моҳиятини Молия вазирлиги департамент директорининг ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ ва “Норма” эксперти Жорилла АБДУЛЛАЕВ тушунтириб беришди:

 

1. Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар

1) БК 289-моддасининг амалдаги таҳририга асосан божхона божларининг ва солиқларнинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда ҚҚС ва акциз солиғи ставкалари СКда белгиланганлиги сабабли, ушбу нормадан солиқлар тўғрисидаги эслатмани олиб ташлаш таклиф қилинмоқда.

2) БКнинг 296-моддасига мувофиқ Божхона кодексига, бошқа қонунларга, шунингдек Президентнинг қарорларига биноан юридик ва жисмоний шахсларга тариф имтиёзлари, ҚҚСни, акциз солиғини ва божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилиши мумкин.

Энди божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) бўйича имтиёзлар фақат БК, СК ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тақдим этилади.

3) БКнинг 297-моддасига асосан божхона божини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёз Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга  нисбатан берилади.

Моддага чеклов киритилмоқда: мазкур имтиёз Ўзбекистоннинг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарларга нисбатан қўлланилмайди.

 

2. Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар

1) СКнинг 369-моддасига асосан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар ЖШДС бўйича жами даромад таркибига киритилмайди.

Талабаларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида мазкур бандга аниқлаштиришлар киритилди. Улар талабаларнинг олий таълим муассасалари ҳудудида ташкил этган пуллик спорт тўгараклари, ўқув курслари ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари ҳам ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жумласига киритилишини назарда тутади.

2) СКнинг 382-моддасида: ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш ҳисобига барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратиш мақсадида меҳнат шартномалари (контрактлари) ва ФҲХ шартномалар бўйича олинган даромадлар ва бошқа даромадлар бўйича ЖШДС ставкаси - 20%дан 12%гача пасайтирилмоқда.

3) СКнинг 389-моддасига Ўзбекистоннинг юридик шахслари бўлган, ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга барча солиқ агентлари ушбу алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ходимларига нисбатан ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботини - алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига тақдим этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Илгари мазкур қоида йирик солиқ тўловчиларга татбиқ этилмаган, улар кўрсатилган ҳисоботни йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига топширишган.

4) СКнинг 412-моддаси: агар объектнинг 1 кв. метри қиймати белгиланган энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган база ҳисоб-китобида кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.

Мазкур бандда аниқлаштирилишича, ўтган 2 йилда ўтказилган баҳолаш натижалари ҳам солиқ базаси сифатида эътироф этилади.

5) СКнинг 483-моддасига Президентнинг фармонларига мувофиқ янги вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўшилмоқда:

  • тиббий эҳтиёжлар учун мўлжалланган олиб келинадиган жиҳозлар ва материаллар қийматини пасайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материалларини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади.
  • хотин-қизлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектлар ижтимоий солиқни 1% ставка (ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан) бўйича тўлайди:

      – фаолият ҳудуди меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестрига киритилган бўлса;

      – умумий ходимлари сони 10 нафардан кам бўлмаса;

      – ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50%идан кам бўлмаса;

      – хўжалик юритувчи субъект кичик бизнес тоифасига мансуб бўлса.

Эътибор беринг
Сиз 2022 йил 2 июнга қадар қонун лойиҳасини муҳокама қилишда иштирок этишингиз мумкин.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text181508_soliq_va_bojhona_kodekslariga_tuzatishlar_muhokama_qilinmoqda