Олиб кириш ва олиб чиқиш контракти тузилган бўлса, айланмадан олинадиган солиқда қолиш мумкинми

preview

Молия вазирлиги солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг шахсий сўровига жавоб тариқасида, товарни олиб кириш-олиб чиқиш контрактлари (16 ва 17-сон контракт турлари), шунингдек харид ва реализация контрактлари (18 ва 19-сон) тузилган тақдирда айланмадан олинадиган солиқ тўлашда қолиш мумкин ёки мумкин эмаслигини тушунтирди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА берилган саволга аниқ жавоб йўқ, бу эса шубҳасиз солиқ солишда муаммоларга сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

 

– Молия вазирлигининг жавобини мен бундай тушундим: агар бу олиб кириш-олиб чиқиш контрактлари бўйича операция бўлса, солиқ тўловчи ҚҚСга ўтиши шарт. Агар бу харид-реализация контрактлари бўйича операция бўлса, айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлиб қолиш мумкин. Иккала ҳолатда товарнинг божхона расмийлаштируви амалга оширилмаслиги ва Ўзбекистон ҳудудида эркин муомалага чиқарилмаслиги назарда тутилади.

Тушунтиришни ўқиб чиққач, менда олиб кириш операциялари бўйича шубҳа қолди, сабаби регулятор тушунтиришда Солиқ ва Божхона кодекслари  нормаларига ҳавола бермоқда, улар эса берилган саволга қатъий жавоб бермайди.

СКнинг 461-моддасида олиб киришни (импортни) амалга оширган корхоналар айланмадан олинадиган солиқ тўлашда қолишлари мумкин эмас дейилган. Ушбу формулировкадаги ноаниқлик қавсга олинади, улар, қоидага кўра, хабарнинг асосий мазмунини тушунтириш ва аниқлаштириш учун ишлатилади.

Солиқ кодексини ишлаб чиқувчилар олиб кириш ва импорт операцияларини табақалаштиришмаган, деб тушуниш лозим. Чунки СК 08.07.2021 йилдаги 429-сон ВМҚ чиққунга қадар қабул қилинган. Яъни - олиб кириш ва олиб чиқиш операцияларига рухсат берилган пайтга қадар.

Ҳужжат қабул қилингандан сўнг ушбу тушунчалар фарқ қилишни бошлади:

  • товар импорти - бу товарнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва уни эркин муомалага чиқариш;
  • товарни олиб кириш - уни “Божхона омбори”, “Эркин омбор”, “Эркин божхона зонаси”, “ЎзР божхона ҳудудида қайта ишлаш”, “Вақтинча олиб кириш” режимларига жойлаштиришни назарда тутади. Яъни - товар Ўзбекистон ҳудудида эркин муомалага чиқарилмайди.

Назаримда, СК нормаси аниқлаштиришни талаб қилади, акс ҳолда адолатсиз бўлади! Харид-реализация ва олиб кириш-олиб чиқиш операциялари ўз моҳиятига кўра иқтисодиёт учун тенг аҳамиятга эга, лекин турлича тарзда солиқ солинади. Бу мантиқий тушунтиришга эга эмас.