Ускунани капитал таъмирлаш харажатлари қандай ҳисобга олинади

preview

“Табиий газни ташиш учун газ турбинаси агрегатларидан фойдаланилади, уларнинг таркибига газ турбинаси двигателлари киради. Уларни капитал таъмирлаш харажатлари – анчагина юқори. Бунда фақат жисмонан ва маънан эскирган деталлар ва узеллар алмаштирилди. Бошқа қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишлари бажарилмади. Таъмирлаш натижасида ҳисобга олиш объектининг фаолият юритишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари ўзгармади. Биз капитал таъмирлаш харажатларини қандай ҳисобга олишимиз керак? Уларни ишлаб чиқариш харажатларига киритамизми ёки объектнинг бошланғич қийматини оширишга олиб борамизми?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:

 

– Сиз асосий воситаларни (АВ) таъмирлаш харажатларини бошқа ишлаб чиқариш харажатлари таркибида ҳисобга олишингиз (хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритишингиз) лозим.

АВга қилинган харажатлар ушбу таъмирлаш натижасида келгусида ундан фойдаланишда иқтисодий наф кўриладиган тақдирдагина АВнинг бошланғич қийматини оширади. Бошқа барча харажатлар улар амалга оширилган даврдаги харажатлар сифатида тан олинади.

АВни қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир харажатлар, улар тугатилганидан сўнг, агар улар натижасида фаолият юритишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари (фойдали ишлатиш муддати, қуввати, қўллаш сифати ва ҳ.к.) яхшиланса (ошса), бундай объектнинг бошланғич қийматини ҳам оширади .

Ускуналарни капитал таъмирлаш - бу агрегатни қисмларга тўлиқ ажратиб амалга ошириладиган таъмирлаш, базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни алмаштириш ёки тиклаш. Шундан сўнг агрегат яна йиғилади, созланади ва синаб кўрилади .

Кўриб чиқилаётган вазиятда газ турбинаси агрегатларини капитал таъмирлаш жараёнида фақат двигателларнинг жисмонан ва маънан эскирган деталлари ва узеллари алмаштирилган. Бунда объектларнинг фаолият юритишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари (фойдали ишлатиш муддати, қуввати, қўллаш сифати ва ҳ.к.) ўзгармаган.

Тегишинча, корхона АВни капитал таъмирлаш харажатларини бошқа ишлаб чиқариш харажатларига (маҳсулотлар, хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига) киритади  .

Фойда солиғини ҳисоблаш  мақсадида амортизация қилинадиган активларни таъмирлаш учун амалга оширилган харажатлар қайси ҳисобот (солиқ) даврида амалга оширилган бўлса, ўша ҳисобот (солиқ) даврида ҳақиқий чиқимлар миқдорида харажатлар жумласига киритилади .

Солиқ солиш мақсадида капитал қўйилмалар амалга оширилгач амортизация қилинадиган актив бошланғич қийматининг ўзгаришини белгилайдиган СКнинг 306-моддаси нормаларига ҳам амал қилинг .

 

 

Асосий воситалар Асосий воситалар Асосий воситалар /ru/publish/doc/text183833_uskunani_kapital_tamirlash_harajatlari_qanday_hisobga_olinadi