Полезное для бухгалтера в ноябре:
2022 йил 1 ноябрдан солиқ маслаҳати соҳасида нималар ўзгаради
2022 йил 1 ноябрдан «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги янги Қонун кучга киради. Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ norma.uz порталида ушбу соҳада нималар ўзгаришига аниқлик киритди:
– 04.08.2022 йилдаги«Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги ЎРҚ-787-сон Қонун 21.09.2006 йилдаги«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги ЎРҚ-55-сон Қонун ўрнига қабул қилинган. У кучга кириши билан:
1) солиқ маслаҳати соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатлар жамоат ташкилоти – Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига берилди;
2) солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ҳуқуқлари ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар рўйхати кенгайтирилди. Улар қуйидагиларни амалга ошира оладилар:
- ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқлар ҳисобидан солиқ қарзини қайтариш ва (ёки) тўлаш, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун солиқ органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаш;
- солиққа оид ва молиявий таваккалчиликларни таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ имтиёзларини қўллашга доир тавсиялар тақдим этиш;
- мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан ўз солиқ мажбуриятлари муайян давр учун, шу жумладан ихтиёрий равишда тугатилаётганда тўғри бажарилишини текшириш ва ҳ.к.;
- солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш;
- мижозни унинг ўз фаолиятини амалга ошириши даврида давлат рўйхатидан ўтказишда, шунингдек унинг тугатилиши чоғида кузатиб бориш;
- инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва кузатиб бориш (мониторинг қилиш);
- харид жараёнларини кузатиб бориш (мониторинг қилиш);
- солиқ солиш масалалари бўйича семинарлар ва тренинглар ўтказиш.
3) малака талаблари соддалаштирилди. Энди солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олишга доир имтиҳонга қўйиш учун талаб этиладиган 5 йил иш стажига эга бўлган шахснинг олий таълим ташкилотини тамомлаган вақтига қаралмайди.
«Солиқлар ва солиқ солиш» мутахассислиги бўйича олий таълим ташкилотини тамомлаган талабгорлар мутахассислик бўйича камида 2 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, малака имтиҳонини топширишга қўйилади.
Солиқ органларида камида 3 йил иш стажига, шунингдек аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича қисқартирилган курсни ўтайди.
Малака имтиҳони Солиқ маслаҳатчилари палатаси томонидан ўтказилади. У тест синовларини ўтказишга ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома асосида жалб этиши мумкин. Малака сертификатини олишга доир малака имтиҳонларида иштирок этиш учун 2 БҲМ йиғим тўланади.
Norma.uz материаллари асосида.