Полезное для бухгалтера в декабре:
Иш ҳақи камлик қилса, ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланилади
«Фойда солиғи ва ҚҚС тўловчи корхона ходиманинг фарзанди учун болалар боғчаси пули – ойига 3 млн сўмни тўлайди. Ходиманинг иш ҳақи – ойига 1 млн сўм. СК 378-м. 16-бандига мувофиқ ЖШДС бўйича имтиёз болалар боғчаси ёки мактаб пулини тўлаш учун ҳар ой 3 млн сўмгача бўлган тўловларга нисбатан қўлланилади. Ходиманинг иш ҳақи бундан камроқ бўлиб, иш берувчи ушбу суммани тўлаб берса, ЖШДС бўйича имтиёзни бутун сумма – 3 млн сўмга нисбатан қўллаш мумкинми?».
МВ Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ махсус buxgalter.uz учун вазиятга ойдинлик киритди:
– 2022 йил 1 апрелдан бошлаб фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлар солиқ солишдан озод этилади .
Ота-она ушбу имтиёзни қуйидаги тарзда қўллаши мумкин:
- иш жойида, маблағларни нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ёки мактабга ўтказиш тўғрисидаги ариза ва тўлов учун счётни (шартномани) бухгалтерияга тақдим этиб;
- йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисидаги декларация ва таълим ҳақи тўлангани ҳақидаги ҳужжатларни солиқ хизматига тақдим этиб.
Кўриб чиқилаётган вазиятда боланинг онасига унинг иш жойида ҳар ой иш ҳақи – 1 млн сўм ҳисобланади, ундан ЖШДС – 120 минг сўм (1 000 х 12%) ушлаб қолинади. У ариза ёзиб, иш берувчидан фарзандининг боғчасига ҳар ой 3 млн сўм ўтказишни сўради.
1 млн сўм миқдоридаги суммага солиқ солинмайди. 2 млн сўм (3 000 000 – 1 000 000) – ходиманинг моддий наф тарзидаги даромади . Ушбу сумма кўрсатилган имтиёз мезонига мос келмайди. Шу сабабли:
- унга ЖШДС – 240 минг сўм (2 000 000 х 12%) солинади;
- у фойда солиғини ҳисоблаётганда чегириб ташланмайдиган харажатларга (2 000 000 сўм) киритилади .
Солиқ ҳисоботида ушбу даромадни қуйидагиларда акс эттиринг:
- ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида – Ҳисоб-китобга 6-иловада ва Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида. Моддий наф тарзидаги даромадларни Ҳисоб-китобнинг 011 ва 0110-сатрларида кўрсатманг, сабаби улар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди ;
- Фойда солиғи ҳисоб-китобида – Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0119-сатри 3 ва 4-устунида.
Нима учун жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади суммасига имтиёзни қўллаб бўлмайди
Кўриб чиқилаётган вазиятда у – корхона тўлаб берадиган 2 млн сўм.
СК 378-м. 16-бандига мувофиқ:
- «солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммалари:
…фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлар».
Гап шундаки, ходим (ота-она) ўқиш қийматини ўзи қоплайдиган ҳолатдагина имтиёз амал қилади. Таълим қиймати тарзида моддий наф ҳисобланганда эса у ходимнинг эмас, балки корхонанинг қўшимча харажатлари бўлиб, улар, бошқалардан ташқари, чегириб ташланмайдиган харажатларга киритилади .