Салбий ҚҚС мавжуд бўлса, корхонани қачон текширишлари мумкин?

preview

Корхонада салбий ҚҚС мавжуд бўлган тақдирда, агар у ўз вақтида солиқларни тўлаётган ва ҳисоботларни топшираётган бўлса, шунингдек солиқ хавфини баҳолаш тизимларида яшил белгига эга бўлса, солиқ текширувларини тайинлашлари мумкинми?

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

– Охирги вақтларда солиқ маслаҳатчиларига ушбу масала бўйича мурожаат қилувчилар сони ошди. Бухгалтерлар уларга солиқ инспекциясидан қўнғироқ қилиб, салбий ҚҚС мавжудлигини кўрсатиб ўтишгани ва ҳисоботларни қайта топширишни, қайтаришга ариза беришни ва ҳоказони сўрашгани ҳақида хабар беришди. 

Солиқ органлари яққол салбий ҚҚСга эга хўжалик юритувчи субъектларни қисқартиришга интилишмоқда, афтидан, бу солиқнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги юзасидан шикоятлар кўпайгани ва 2023 йилда ҚҚС ставкасини 3%га пасайтиришга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ. 

 

Агар сиз “яшил” рангда бўлсангиз, текширишлари мумкинми

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети ва электрон ҳужжат айланиши тизимида мавжуд хавфни баҳолаш тизимларидаги ҳолатлар, шунингдек ўз вақтида солиқларнинг тўланиши ва ҳисоботларнинг топширилиши бу ерда асосий эмас, деб ҳисоблайман.  Бугунги кунда солиқ тўловчилар қуйидагиларни кўришлари мумкин:

  • ҚҚС гувоҳномасининг тўхтатиб турилиши эҳтимоли. У ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланади. Мазкур НҲҲ ҚҚС тўловчилар баҳоланадиган мезонлар ва салбий баҳолашнинг оқибатларини тушунтиради. Агар сизда “қизил ранг” бўлса, сизда ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туришади ;
  • ҚҚС занжирининг узилиш коэффициенти. Ушбу кўрсаткични биз ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда кўрамиз.

Агар ушбу иккита тизим сизда ҳаммаси яхши эканлигини кўрсатса, бу ҳали текширувлар мавжуд эмаслигини кафолатламайди. Параллел равишда "Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш" автоматлаштирилган дастури ишлайди . Айнан у солиқ текшируви учун номзодларни автоматлаштирилган тарзда аниқлаш учун мўлжалланган. Дастур томонидан тадбиркорлик субъектлари баҳоланадиган мезонлар ошкор қилинмайди. Уни баҳолаш натижаларини ҳам фақат текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ асосида билиш мумкин. 

 

Текширувлардан қочиш мумкинми 

Агар ҚҚС ҳисоб-китобининг 030-сатридаги кўрсаткич – салбий бўлса, СКнинг 274-моддаси қоидалари бўйича мазкур сумманинг ўрни қопланиши ёки ҚҚС бўйича келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиниши мумкин.  Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ва агар лозим бўлса, солиқ бўйича Ҳисоб-китобни қайта топшириш – энг мақбул вариант, деб ҳисоблайман. 

ҚҚСнинг ўрнини қоплаш ҳар қандай ҳолда камерал текшируви билан бирга кечади. Бу СКнинг 274-моддасида ва ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низомда ёзилган. Ҳар қандай ҳолда  текширув бўлади ва унинг асосий мақсади – қайтарилиши лозим бўлган сумма тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигини текшириш. 

Мен инспектор Ҳисоб-китобни қайта топширишни талаб қилган ҳолда сайёр солиқ текшируви билан таҳдид қилган вазиятга дуч келганман. Бундай таҳдидлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ҳар бир муайян ҳолатда аниқлаш лозим. Бунда ёдда тутингки, агар вазиятни жойида чуқур ўрганиш зарур бўлса, ҳар қандай камерал текширув натижалари бўйича сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Эҳтимол, солиқчиларга сайёр солиқ текширувини ўтказиш зарурати тўғрисида, биз юқорида айтиб ўтган, уларнинг "Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш" дастури хабар беради.

Текширув мақсади текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган бўлиши керак ва сизни фақат унда кўрсатилган мақсадда текширишлари мумкин.

1-сон ВМҚ ва унга 2-илованинг 5-бобини диққат билан ўқиб чиқишни маслаҳат бераман. Уларда сиз сайёр солиқ текширувларини ўтказиш қоидалари билан боғлиқ саволларга жавоблар оласиз.

Кўриб чиқилаётган вазиятда ҳақиқатда мол-мулкнинг мавжудлигини аниқлаш учун кўпроқ АВ, ТМҚ, пул маблағлари ва ҳисоб-китоблар инвентаризацияси сайёр текширув ўтказиш мақсади бўлади. Текширувчилар камомад ва ортиқчаликни излашади. Агар топишса, қайтарилиши лозим бўлган суммани қайта кўриб чиқишдан ташқари, солиқ тўловчи СК, МЖТКга мувофиқ санкциялар олади, айрим ҳолларда ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар пайдо бўлади.

Кўпинча солиқ тўловчилардан улар қайтаришни сўрамаётганликларини эшитишга тўғри келади, сабаби сотишлар амалга оширилади ва салбий фарқ ўзидан ўзи йўқолади. Умуман, бундай бўлиши мумкин, бироқ ушбу салбий фарқ солиқчиларнинг эътиборини жалб қилишини тушуниш лозим. Афтидан, солиқчилар булар қаердан юзага келганлиги ва қанчалик тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигини, шу жумладан – солиқ текширувларини ўтказиш йўли билан аниқлашади.

 

Ариза қандай берилади

Ўрнини қоплаш ёки ҳисобга олиш учун ҳеч қандай алоҳида ариза ёзиш керак эмас. Ҳаммаси ҚҚС ҳисоб-китоби шаклини – “ҚҚС тўловчиси тўғрисида маълумот” бўлимининг дастлабки устунларини тўлдиришда амалга оширилади. Бу ерда ҚҚСнинг салбий суммаси ўрнини қоплаш ва уни келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиш имконияти ўртасида танлаш, шунингдек ўрнини қоплаш тартибини аниқлаш таклиф қилинади. Сиздан фақат керакли бандлар олдида 1 рақамини қўйиш талаб қилинади.

Қуйидаги муҳим жиҳатларни ҳисобга олинг: 

  • ўрни қопланиши лозим бўлган сумма нолдан кам бўлмаслиги керак;
  • ўрни қопланиши лозим бўлган сумма шахсий ҳисоб варақасидаги ортиқча тўлов суммасидан ортиқ бўлмаслиги керак;
  • агар ҚҚСнинг салбий суммасини келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиш талаб қилинса, ариза беришнинг тезлаштирилган тартибини танлаш мумкин эмас;
  • ҚҚСнинг ўрнини қоплаш даврини кўрсатиш чоғида жуда эътиборли бўлиш лозим.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text185655_salbiy_qqs_mavjud_bulsa_korhonani_qachon_tekshirishlari_mumkin