Полезное для бухгалтера в ноябре:
Аъзолик бадаллари учун ЭҲФ расмийлаштириш керакми
“Пахта-тўқимачилик кластери 22.06.2020 йилдаги 397-сон ВМҚнинг 3-бандига асосан Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасига киради. У ҳар бир гектар ер участкаси учун ҳар ойда тенг улушларда ҳар ойнинг биринчи декадасидан кечиктирмай – БҲМнинг 10%и миқдорида аъзолик бадалларини тўлайди. Уюшма кластерга аъзолик бадаллари учун ЭҲФ тақдим этиши керакми? Бу қандай солиқ оқибатларига олиб келади?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:
ЭҲФ
– Пахта-тўқимачилик кластери уюшмаси сизга аъзолик бадаллари учун ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиши керак эмас.
Ҳисобварақ-фактураларни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар ва хизматларни реализация қилишда ўз харидорларига тақдим этадилар . Аъзолик бадаллари товарлар (хизматлар)ни реализация қилишга кирмайди.
Бундан ташқари, аъзолик бадалларини олиш бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириладиган ҳолларга кирмайди .
Солиқлар
Уюшмалар нодавлат нотижорат ташкилотлари жумласига киради .
Нотижорат ташкилотларига тўланадиган бадаллар, йиғимлар ва бошқа тўловлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайдиган харажатларга олиб борилади. Лекин ушбу қоида бундай бадаллар (йиғимлар ва бошқа тўловлар)ни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва (ёки) ташкилот–тўловчи фаолиятининг шарти ёхуд бадалларни олувчи томонидан тўловчи фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган хизматлар кўрсатилиши шарти ҳисобланадиган ҳолларга татбиқ этилмайди .
Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасига аъзолик бадалларини тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилганлиги боис , бу – фойда солиғи тўловчилар учун чегириб ташланадиган харажатлар.
Корхонанинг Уюшмага аъзолик бадалларини тўлаши муносабати билан бошқа солиқ оқибатлари юзага келмайди.