Қандай корхоналарда ички аудит хизмати бўлиши керак

preview

Ўқувчиларнинг Ўзбекистонда ички аудит тўғрисидаги саволларига buxgalter.uz Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими бошлиғи Асал ХАШИМОВАдан жавоб беришни илтимос қилди:

 

– Қандай ташкилотлар ўз тузилмасида ички аудит хизматига (ИАХ) эга бўлиши керак? Мулкчилик шакли аҳамиятга эгами?

– 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги ташкилотларда ИАХни ташкил этиш бўйича мажбурий талаб бекор қилинди :

  • масъулияти чекланган жамиятларда (бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ва активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кўп бўлган МЧЖ, шунингдек, кредит ташкилотлари мустасно);
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кам бўлган, акциядорлик жамиятларида;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кам бўлган давлат унитар корхоналарида (ДУК).

Ҳозирги вақтда ПҚ-415-сон қарор нормаларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича НҲҲ лойиҳалари тайёрланган.

Шу тариқа, ИАХни ташкил этиш бўйича мажбурий талаблар қуйидаги тижорат ташкилотлари учун сақлаб қолинди:

  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ва активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кўп бўлган МЧЖ;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ва активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кўп бўлган АЖ;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 бараваридан кўп бўлган ДУК;
  • кредит ташкилотлари. 

Ички аудит хизматларини ташкил этишнинг (тижорат банклари ва бюджет ташкилотларидан ташқари) услубий асослари махсус Низомда белгиланган. Банкларнинг, микромолия ташкилотларининг, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг ва кредит бюроларининг ички аудитига доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади .

Эътибор беринг

ИАХ ташкилотнинг кузатув кенгашига ёки АЖда аудит қўмитасига (агар мавжуд бўлса) ҳисобдордир.

Зарурат бўлганда ИАХ бошқарув органининг қарорига биноан ташкилотнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкил этилиши мумкин.

 

– Қандай бюджет ташкилотларида ИАХ ташкил этилиши керак? ИАХ ходимларини суҳбат асосида ишга қабул қилиш мумкинми?

– ИАХ вазирлик ва идораларда бўлиши керак .

ИАХнинг намунавий устави 01.08.2022 йилдаги 416-сон ВМҚ билан, ходимларни сертификатлаш тартиби эса – 13.02.2023 йилдаги 62-сон ВМҚ билан тасдиқланган.

Ходимларни вазирлик ва идораларнинг ИАХга ишга қабул қилиш тартиби уларнинг ички ҳужжатлари билан белгиланади. Бунда 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб ички аудит хизмати ходими лавозимига ички аудит бўйича миллий малака сертификатига эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш мумкин эмас. Истисно – халкаро сертификат эгалари, улар миллий сертификатни олишлари шарт эмас.

 

– Деҳқон бозорлари ва пахтачилик кластерлари ИАХни ташкил этишлари керакми?

– Бозорлар ёки пахтачилик-тўқимачилик кластерларининг ташкилотчилари фақат улар юқорида кўрсатилган мезонларга мувофиқ келган тақдирда ИАХни ташкил этишлари керак.

 

– Тижорат ташкилотлари учун ИАХда сертификатланган ички аудиторларнинг энг кам сони қанча бўлиши керак?

– ИАХ ходимларини сертификатлаш тартиби (тижорат банклари ва бюджет ташкилотларидан ташқари) Низомда белгиланган.

ИАХ ходимлари ички аудитор сертификатига эга бўлишлари керак . Улар корхонанинг кузатув кенгаши ёки муассиси (акциядорлар умумий йиғилиши, иштирокчилар умумий йиғилиши) томонидан белгиланадиган тартиб ва шартларга асосан танлов асосида тайинланади.

ИАХ ходимларининг сони ички аудит вазифаларини ҳал этиш учун етарли бўлиши керак, лекин 2 нафардан кам бўлмаган сертификатланган ички аудитордан иборат бўлиши керак. Ходимларнинг аниқ сони кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

ИАХда раҳбар (ички аудитор сертификатига эга бўлган) бўлиши керак, у харажатларнинг йиллик сметасини тузади ва уни тасдиқлаш учун кузатув кенгашига тақдим этади.

 

 

Аудит Аудит Аудит /ru/publish/doc/text188809_qanday_korhonalarda_ichki_audit_hizmati_bulishi_kerak