Курьерлик хизматлари учун ноль ставкали ҚҚС қачон қўлланилади

preview

“Компания халқаро почта-курьерлик хизматларини кўрсатади. Агар юкни ташиш ўз кучи билан эмас, балки авиакомпания орқали амалга оширилса, ноль ставкали ҚҚСни қўллаш мумкинми?”. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

– Почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш, ташиш, етказиб бериш (топшириш) бўйича технологик операциялар мажмуини ўз ичига олади . Мазкур хизматлар бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келиши ёки келмаслигини тушуниш учун қуйидагиларни аниқлаш лозим:

1) хизматларни реализация қилиш жойини;

2) улар ноль ставкали ҚҚС солинадиган халқаро ташиш билан боғлиқ хизматлар жумласига кириши ёки кирмаслигини.

 

Реализация қилиш жойи

Умумий қоидага кўра, агар бундай хизматларнинг харидорлари Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади . Мазкур умумий қоида фақат вазият реализация қилиш жойини аниқлашнинг алоҳида ҳолларига тушмаган тақдирда қўлланилади.

Кўриб чиқилаётган ҳолда реализация қилиш жойини аниқлашнинг алоҳида ҳолларига мурожаат қилиш лозим. Чунончи, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, агар :

  • ташиш ва (ёки) транспортда ташиш бўйича хизматлар ёхуд бевосита ташиш ва (ёки) транспортда ташиш билан боғлиқ хизматлар Ўзбекистоннинг юридик шахслари ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан кўрсатиладиган бўлса ва жўнатиш пункти ва (ёки) белгиланган пункт Ўзбекистонда жойлашган бўлса.

Компания Ўзбекистондан ёки Ўзбекистонга почта-курьерлик хизматларини кўрсатиши боис, Ўзбекистон бундай хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.

 

Ноль ставкали ҚҚС

Йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича хизматларга, башарти йўловчиларни, почтани ва багажни жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, ташишлар эса ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмийлаштирилган тақдирда, ноль ставкали ҚҚС солинади .

Кўриб чиқилаётган ҳолда ташишни чет ташкилот (авиакомпания) амалга оширади, бинобарин, ноль ставкали ҚҚС қўлланилмайди.

Buxgalter.uz тавсия қилади

“Норма” ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тушунтиришларида бу ҳақда қўшимча ўқинг:

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text189160_kurerlik_hizmatlari_uchun_nol_stavkali_qqs_qachon_qullaniladi