Нима учун солиқ аудити тайинланди

preview

“Солиқчилар корхонага солиқ аудитини тайинлашди. Солиқ органида тушунтиришларича: “дастур сизни хавф даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар жумласига киритган”. Биз ўзимизни солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “сариқ” рангда кўряпмиз. Ҳисоботларни ўз вақтида топширамиз, солиқларни ўз вақтида тўлаймиз, ортиқча тўлов мавжуд, жиноят ишларида иштирок этмаганмиз ва бизга нисбатан бошқа эътирозлар мавжуд эмас, ўтган уч йил учун ҚҚС бўйича камерал текширувдан қўшимча солиқ суммаси  ҳисобланмаган ҳолда муваффақиятли ўтдик”.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– Ҳозирги вақтда солиқ маъмуриятчилигида бир-бирига боғлиқ бўлмаган уч хил рангли белги ишлаяпти. Солиқ тўловчи ўзининг шахсий кабинетида фақат иккита таҳлил-таҳлика тизимининг натижаларини кўриши мумкин:

1) ҚҚС тўловчиларининг солиқ хавфини баҳолаш;

2) “солиқ узилиши”.

Сизга солиқ органида хабар беришган – учинчи рангли белги – Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ишлайди. У дастлабки иккитасидан солиқ тўловчини қандайдир муаяйян солиқ кесимида эмас, балки умумий баҳолаши билан фарқ қилади.

Бунда солиқ тўловчи ушбу рангли белгилар бўйича қониқарсиз баҳо олганлигини фақатгина текширув тўғрисида хабарнома олгандан кейин тушуниши мумкин. Бу пайтга қадар у ўз баҳосини билмайди ва ундан фойдаланиш юзасидан ҳеч қандай имкониятга эга бўлмайди.

Биз ушбу механизм ҳақида биладиган ягона нарса – бу дастур баҳолашни амалга оширадиган бир нечта эълон қилинган мезонлар. Хусусан, бу :

  • солиқ юки;
  • илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботларига бир неча бор (бир ҳисобот даври учун уч ва ундан ортиқ марта) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши;
  • солиқ ҳисоботида бир неча солиқ давридаги (икки ва ундан ортиқ) зарарлар акс эттирилиши;
  • солиқ даври давомида солиқ тўловчининг жойлашган жойи бир неча бор (икки ва ундан ортиқ марта) ўзгартирилиши ва кейинчалик қайта рўйхатдан ўтказилиши;
  • ҚҚС бўйича гувоҳномаси бекор қилинган, шунингдек – тугатилган, фаолиятини амалга оширмаётган, банкрот деб топилган шахслар билан амалга оширилган битимлар (операциялар);
  • рентабеллик кўрсаткичи паст даражада бўлиши (соф фойданинг харажатларга нисбати);
  • солиқ тўловчининг ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботидаги операциялар тўғрисидаги маълумотларнинг, ушбу операциялар бўйича бошқа солиқ тўловчининг солиқ ҳисоботидаги маълумотларга мос келмаслиги;
  • СКга асосан махсус солиқ режимларини қўллаш ҳуқуқини берадиган айланмаларни бир неча йил давомида 1 млрд сўмдан паст миқдорда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши;
  • ўтказилган солиқ текширувлари натижалари.

Шунингдек, қурилиш компаниялари учун:

  • қурилиш ишларини амалга ошириш учун лозим даражада ходимлар, омбор, транспорт ва ускуналар билан таъминланмаганлиги;
  • ишларни бажариш учун солиқ ҳисоботларида зарур харажатларнинг акс этмаслиги;
  • битта объектда, қурилиш ишларини олиб борувчи шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги;
  • қурилиш ишларини амалга оширувчи янги ташкил этилган солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига йирик миқдордаги маблағ келиб тушиши;
  • хом ашё ва материалларни сотиб олиш учун ажратилган маблағларнинг қурилиш ҳажмига нисбатан номутаносиблиги;
  • тугалланган қурилиш объектларининг таннархига яқин нархларда сотилиши;
  • марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектларида харажатларнинг тўлақонли акс эттирилмаганлиги.

Шуни таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки, бу – фақат эълон қилинган мезонлар бўлиб, яна махфий бўлган ва фақат солиқ органига маълум бўлган мезонлар ҳам мавжуд.

Умуман, нима учун корхонани хавф даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар жумласига киритишганининг аниқ сабабини фақат тахмин қилиш мумкин. Аммо дастур айнан нимага мужассамланганлигини аниқлаш амри маҳолдир.

Солиқ тўловчи албатта солиқ органларига унга қандай мезонлар ва қандай ҳуқуқбузарликлар учун текширув тайинланганлигини аниқлаштириш илтимоси билан ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақлидир. Аммо, амалиётнинг кўрсатишича, жавоб тариқасида ҳеч қандай фойдали нарса олмайсиз.

Солиқ тўловчи аниқ сабабини билиши муҳимдир, унинг топишмоқни ечишга вақти йўқ. Назаримда, тайинланган текширувлар тўғрисида хабарномаларда текширувни тайинлаш сабабини аниқлаштириш тўғри бўларди. Лекин бу – менинг нуқтаи назарим, бундан бошқа нарса йўқ.

Мендан дастур хатога йўл қўйиши мумкинми, деб кўп сўрашади?  Мумкин! Бунда нафақат таҳлика-таҳлил дастури хатога йўл қўйиши, балки текширувчилар ҳам ноҳақ бўлиши мумкин.

Янги ҳолат: мижозимга солиқ аудити натижалари бўйича 40 млрд сўмдан ортиқ қўшимча солиқ суммаси ҳисобланди. Масалага солиқ маслаҳатчилари ва адвокатлар жалб қилинганидан кейин муҳокамалар натижалари бўйича ҳали низони судгача ҳал қилиш босқичида қўшимча ҳисоблаш суммаси қайта кўриб чиқилди ва 2 баравардан ортиқ миқдорга камайтирилди. Қўшимча ҳисоблашлар умуман ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган ва бекор қилинган ҳоллар ҳам мавжудлиги маълум бўлади – албатта улар жуда кам учрайди. Аммо солиқ тўловчида текширувчилар томонидан илгари сурилган барча эътирозлар бўйича унинг ҳақлиги юзасидан барча исбот-далиллар бўлиши керак.

 

Шундай қилиб, агар солиқ органи сизга солиқ текшируви билан келаётганини маълум қилса, нима қилиш керак?

Текширувни қабул қилинг, текширувчиларга ҳужжатлардан ва уларни қизиқтираётган ахборотдан фойдаланишларига кўмаклашинг. Қўлингизга қарорни олгандан сўнг сизда унинг асосида ўзингизнинг кейинги ҳаракатларингизни далил-исбот билан тузишингиз мумкин бўлган ҳужжат бўлади.

Сиз:

  • солиқчиларнинг хулосасига рози бўлишингиз ва барча қўшимча ҳисобланган суммани тўлашингиз;
  • қисман рози бўлишингиз;
  • рози бўлмаслигингиз мумкин.

Текширув натижалари устидан юқори турувчи органга шикоят қилиш мумкин. Бу ҳолда асосланган аризани текширувни ўтказган инспекция орқали топшириш лозим. Вариант тариқасида – дарҳол судга бориш мумкин. Асосийси, қўлингизда сизнинг хулосаларингизнинг тўғрилигини ва текширувчиларнинг хулосаларини хатолигини тасдиқловчи далил-исботлар бўлиши лозим.

Текширув чоғида у Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга жиддий мувофиқ равишда ўтказилишини кузатиб боришни тавсия қиламан. Текширувчилар томонидан ҳар қандай қоида бузилишлари ҳолларига йўл қўйилганда сизда ўтказилган текширув натижаларининг қонунийлиги юзасидан низолашиш ва қабул қилинган қарорларнинг бекор қилинишига эришиш имконияти пайдо бўлади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text190398_nima_uchun_soliq_auditi_tayinlandi