Полезное для бухгалтера в декабре:
Доимий муассасалар МҲХСга ўтиши керакми
Ўзбекистон норезидентларининг айрим доимий муассасалари уларни хизмат кўрсатиш учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига ўтказиш ҳақида хабарнома олишди. Шу муносабат билан ДМ вакилларида МҲХСга ўтиш-ўтмаслик борасида шубҳа юзага келмоқда. МҲХСга ўтиш зарурлигини тасдиқлаётган ҲСИ айрим ходимларининг жавоблари ноаниқликни оширмоқда.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Доимий муассасаларнинг МҲХСга ўтиши зарурлиги ҳақида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан юборилган ёзма хабарномаларни учратмаганман. Бухгалтерия ҳамжамиятида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган йўлланган хабарда фақатгина айланмаси 100 млрд сўмдан ошган доимий муассасаларга ҲСИда хизмат кўрсатилиши айтилган. Аммо доимий муассасаларнинг айрим вакиллари ҲСИ ходимлари МҲХСга ўтишга ундашаётганини айтишмоқда.
Афтидан, ушбу вазиятда тушунмовчилик мавжуд. Ҳатто айланма бўйича улар йирик солиқ тўловчилар даражасига етганлигига қарамай, доимий муассасалардан МҲХСга мажбурий ўтишни талаб қилиш учун қонуний асослар мавжуд эмас.
Биринчидан, Президентнинг 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон қарорида МҲХСга ўтиши мажбурий бўлган ташкилотлар жумласида йирик солиқ тўловчиларга киритилган юридик шахслар кўрсатилган. СКнинг 36-моддасидан келиб чиққан ҳолда доимий муассасалар эса – бу солиқ мақоми, улар юридик шахслар ҳисобланмайди. Бунда улар Ўзбекистонда белгиланган қонунчиликка мувофиқ солиқларни тўлаш учун СКнинг 130-моддаси асосида солиқ ҳисобига қўйилади.
Иккинчидан, СКнинг 76-моддасига мувофиқ “солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб ҳужжатларини юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади”. Бухгалтерия ҳисоби “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун асосида қурилади.
“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир. Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади”.
Хулоса
Доимий муассасанинг айланмаси 100 млрд сўмга етганлиги ва у хизмат кўрсатиш учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига ўтказилганлиги факти уларга Президентнинг 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон қарори татбиқ этилишини англатмайди.
Доимий муассасалар мажбурий тартибда МҲХСга ўтиши керак эмас. Доимий муассасалар бухгалтерия ҳисобини уларнинг бош ташкилоти резидентлиги мамлакатида қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ юритади. Бу эса МҲХС ҳамда бошқа стандартлар бўлиши мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади