Полезное для бухгалтера в декабре:
Кўчмас мулкни қачон такроран баҳолаш керак
“Корхона 2022 йил июнь ойида кўчмас мулк объектини мустақил баҳолашни амалга оширди. 2022 ва 2023 йилларда мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини мустақил баҳолаш натижалари асосида аниқладик.
Корхона 2024 йилда ҳам 2022 йилдаги кўчмас мулкни мустақил баҳолаш натижаларидан фойдаланиши мумкинми ёки такроран баҳолашни амалга ошириш керакми?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:
– Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бино ва иншоотлар бўйича мол-мулк солиғи ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда солиқ базаси энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас .
Агар ўртача йиллик қолдиқ қиймат энг кам қийматдан паст бўлса, корхона кўчмас мулк объектини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Олдинги икки йилда амалга оширилган баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.
СКнинг амалдаги таҳририга асосан 2022 йилда амалга оширилган мустақил баҳолаш натижаларидан сиз 2022 йил учун мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилишда, шунингдек 2023 ва 2024 йиллар (мол-мулк солиғи бўйича солиқ даври – календарь йил) учун фойдаланишга ҳақлисиз.
Аммо шуни кўзда тутиш лозимки, агар солиқ органлари сиз асоссиз солиқ нафи олгансиз деб шубҳа қилишса, солиқ тўловчининг айрим операцияларини ёки операциялар кетма-кетлигини эътиборга олмасликка ҳақли .
Бундан ташқари, 2024 йил учун солиқ базасини аниқлаш учун тегишли Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини кутиш лозим.